ИҲТ Озарбайжондаги тарихий обидалар хусусида резолюция қабул қилди

Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида 22-23 март кунлари ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари машварати якунида бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. «Trend» агентлиги хабарига кўра, улар орасида Озарбайжон ҳудудидаги тарихий-маданий обидаларга доир резолюция ҳам бор.
ИҲТ ҳужжатида Озарбайжоннинг 30 йил давомида ишғол остида бўлган ҳудудларидаги тарихий-маданий обидалар, исломий қадамжолар вайрон этилгани қораланади. Бу борада расмий Бокунинг Арманистондан товон пули ундириши ҳуқуқи маъқулланади.
Аввал хабар берганимиздек, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов 2021 йил ноябрь ойида ЮНЕСКО йиғилишида Қорабоғ минтақасидаги юзлаб тарихий-маданий, жумладан, 65 та масжид вайрон қилингани ҳақида гапирган эди.
Қайд этиш ўринлики, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2021 йил март ойида Туркий кенгаш саммитида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган эди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1969 йилда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда бирдамликни таъминлаш, мустамламкачилик ва ирқчиликка қарши кураш мақсадида таъсис этилган. Қароргоҳи Жидда (Саудия Арабистони) шаҳрида жойлашган ташкилот 57 мамлакатни муштарак мақсадлар йўлида бирлаштирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter