Ички кема йўлларида фақат Ўзбекистон байроғи остида сузиш мумкин бўлади
Ҳукумат қарори (462–сон, 11.09.2023 й.) билан Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида сузиш қоидалари тасдиқланди.
Қоидалар Ўзбекистоннинг кема қатнайдиган сув йўлларида ҳамда табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида кемалар ҳаракатланишининг ягона тартибини белгилайди.
Ички кема йўлларида фақат Ўзбекистон Республикаси байроғи остида сузишга йўл қўйилади.
Кема эгалари қуёш ботишидан чиққунга қадар (тунда) ҳамда кўриниш чекланган вақтда (туман, чанг-тўзон, кучли ёғингарчилик) навигация чироқларидан фойдаланишлари шарт.
Навигация белгиларидан қуёш чиққандан ботгунга қадар (кундуз куни) фойдаланилади.
Сув ҳавзаларида балиқ овлаш анжомлари билан турган, тўрларни ўрнатаётган ёхуд ташланган тўрлар билан оқим бўйича ҳаракатланувчи кемаларда тунда ўнг қирғоқда ишлаш вақтида горизонт бўйлаб 360 градусда кўринадиган вертикал жойлашган иккита қизил, чап қирғоқда - иккита оқ чироқ, кундуз куни тегишли иккита қизил ва иккита оқ байроқ бўлиши шарт.
Узунлиги 7 метр ва ундан ортиқ бўлган механик двигателга эга кемалар ҳамда сув тубини чуқурлаштирувчи земснарядлар давомли ва қисқа товушли сигналлар берувчи қурилмаларга эга бўлиши шарт.
Кемалардан ўзиб кетиш маневрлари ўзиб кетилаётган кеманинг (таркибнинг) чап борти томонидан амалга оширилиши шарт.
Қуввати 300-400 от кучига эга бўлган ҳар бир шатакка олувчи кемада 200 метрдан кам бўлмаган, қуввати 100-180 от кучига эга бўлган кемада 75 метрдан кам бўлмаган занжирлар бўлиши шарт.
Чегара ҳудудларида сузиш Халқаро битимлар ва Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида фаолият юритишни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ҳамда мазкур қоидалар билан тартибга келтирилади.
Горизонт бўйлаб кўриниш масофаси 1 кмдан кам бўлганда кемаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter