Ҳокимга муаммолар ҳақида савол берилди

Наманган вилояти, Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев Халқ депутатлари кенгаши сессиясида чиқиш қилди ва 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар ва 2021 йил режаси ҳақида ҳисобот берди.
Темир дафтар ҳақида
Сессиядан сўнг «темир дафтар»дан чиқарилган фуқаролар рўйхати бўйича журналистларда савол пайдо бўлди. Ҳисоботда айтилишича, 2 минг 353 та оилалар рўйхати «Темир дафтар»га киритилган бўлса, 2 минг 135 та оила дафтардан чиқарилган («Темир дафтар»да қолаётган камбағал оилалар сони 218 та).
ОАВ вакиллари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қандай қилиб бу қадар тез рўйхатдан чиқарилганига қизиқди.
— Туманда фойдаланишдан чиқарилган ер майдонлари кўп. Биз мана шундай ҳудудларни ўзлаштирдик ва «темир дафтар»дагиларни копперация тизимида иш билан таъминлашга ҳаракат қилдик. Муҳтожларга 31 миллион сўм кредит берилди ва еттита ҳудудда копперация қурилди. Бу бўйича иш давом этади ва яна 500 гектар ер фуқароларга тарқатилади.
Бундан ташқари ғалладан бўшаган ерлардан такрорий экин учун бир гектардан бердик. Шунингдек яна чорва ҳайвонлари берилди, — дея таъкидлаб ўтди ҳоким.
Кўриниб турганидек, «темир дафтар»дан чиқариш учун асосан қишлоқ хўжалигидан фойдаланилган. Бу эса яна бир қатор саволларни келтириб чиқаради. Хусусан, қишлоқ хўжалигида дарҳол даромадга кириш жуда қийин. Масалан, ўша оилаларнинг куз-қишга тайёргарлиги қандай бўлди, баҳорги танқислик давридан қандай ўтади, мана шу саволлар очиқ қолди...
Тумандаги муаммолар ҳақида
Туман ҳокимининг ҳисоботида ютуқлар батафсил кўрсатилган бўлса-да, муаммолар ҳақида деярли сўз бормаган. Бу борада Нуршод Худойбердиевга алоҳида савол беришга тўғри келди.
«Туманда муаммолар етарли — ички йўллар, ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш тизими, ерларнинг мелиоратив ҳолати... Канализация муамосини ҳал қилиш учун депутатлик сўрови киритишга тўғри келди. Бу муаммо шу кунларда ҳал бўлиши кутиляпти.
Бундан ташқари Мингбулоқ туманида газ ва электр таъминотида муаммолар мавжуд. Буларнинг барчасини босқичма-босқич бартараф этилади», — дея ваъда берди ҳоким.
Туризм ҳақида
Мингбулоқ туманида туризм соҳасида қилинадиган ишлар етарли. Бу масалада қуйидагича фикр билдирилди:
— Ички туризм масаласида Ёшлар иттифоқи ва Нуроний жамғармаси билан бирга иш олиб бориб, Бухоро ва Самарқандга сафар уюштирдик. Туманнинг ўзида эса туризм бўйича иккита лойиҳа тайёрланмоқда. Сирдарё бўйида дам олиш маскани қуриляпти. Ҳозирча 30-40 фоизга қурилиш ишлари якунланган. Бу ерда сайёҳлар ўзи балиқ овлаб, таом тайёрлаб ейиши мумкин.
Мингбулоқ туманидаги Шўрсув қишлоғида 2000 минг метрдан 70 градусли иссиқ сув чиқади. Бу сув шифобахш бўлиб, даво учун келаётганлар учун 100 ўринли ётоқхона тайёрланган. Шунингдек аёллар, болалар ва эркаклар учун алоҳида бассейнлар қурилди.
Мингбулоқ тумани чўл ҳудудида жойлашган. Ҳозир туячиликни ривожлантириш бўйича иш кетмоқда. Айни вақтда 12 та туя бор. Кўпайгандан сўнг сайёҳлар учун чодирлар тикиб, реклама қилиш бошланади.
Депутатлар таклифи
Ҳисоботдан сўнг туман Халқ депутатлари кенгаши фаолллари томонидан бир қатор фикрлар билдирилди. Хусусан, интенсив боғларни тадбиркорларга ажратиш тартиби муҳокама қилинди.
Интенсив боғ ташкил этиш учун минимум 5 гектар ер олиш керак бўлади. Депутатлар томонидан ушбу тартибга ўзгартириш киритиш таклиф этилди. Чунки туманда бир гектар ерга талабгор кўп бўлиб, беш гектарга сармоя тикиш фуқароларга оғирлик қилмоқда. Туман ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ривожлантириш учун эса кўпроқ иш ўрни яратиш лозим.
Шунингдек ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож аҳоли қатлами учун уй-жойлар қуришни яна-да арзонлаштириш таклиф этилди. Ҳозирги энг арзон уй-жойларнинг бир метр квадрати 2 миллион сўмга тушмоқда. Айниқса ўта оғир вазиятдаги аёлларни уй-жой билан таъминлашнинг арзонроқ йўлини қидириш лозимлиги таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter