Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳар хил нопок корхоналарнинг солиқ тўлашдан қочиб юришига чек қўйилади

Ҳар хил нопок корхоналарнинг солиқ тўлашдан қочиб юришига чек қўйилади

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 февраль куни импорт ҳажмини қисқартириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини таҳлил қилиш, бу борадаги энг муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишда қайд этилишича, ўтган йили «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан 9 миллион долларлик светодиод чироқлар, прожекторлар ва бошқа товарлар, «Ўзбекнефтегаз» тизимига 2 миллион долларлик пўлат қувур, кабель, иситиш қозони, электродлар, «Ўзбекэнерго» томонидан 800 минг долларга пўлат сим ва енгил автомобиль олиб келинган.

Йиғилишда шу ва бошқа саноат тармоқларида ускуна ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди. Маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш учун берилган солиқ ва божхона имтиёзларининг натижадорлиги ҳам таҳлил қилинди.

Айрим товарлар бўйича божхона тўловлари асоссиз тайинлангани натижасида юртимизда ишлаб чиқарилган баъзи товарлар нархи импорт қилинганига нисбатан юқори бўлмоқда. Масалан, тўқимачилик саноати учун импорт қилинадиган ускуналар барча божхона тўловларидан озод этилган. Аммо, шу ускунани ишлаб чиқариш учун бутловчи қисм импорт қилинадиган бўлса, 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи тўланади.

Солиқ имтиёзларида ҳам шу каби бўшлиқлар бор. Шу боис 2018 йил 1 апрелдан бошлаб, маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича имтиёзлар тўхтатилади. Ҳар хил нопок корхоналарнинг Маҳаллийлаштириш дастурига кириб олиб, солиқ тўлашдан қочиши учун энди имконият бўлмайди. Маҳаллийлаштириш дастурига иқтисодиёт учун ҳақиқатда зарур бўлган лойиҳалар киритилиб, қатъий назоратга олинади.

Йиғилишда Президент соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, маҳаллийлаштиришни ривожлантириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Иқтисодиёт ва Ташқи савдо вазирликларига пишиқ-пухта ишланган, янги Маҳаллийлаштириш дастурини шаклланитириш бўйича топшириқ берилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган, рақобатбардош нархда маҳаллийлаштириш имкони бўлмаган айрим бутловчи қисмларни импорт қилишда божхона тўловларини бекор қилиш юзасидан аниқ таклифлар киритиш зарурлиги таъкидланди.

Йирик корхоналар ва кичик бизнес учун ускуналар, тез ишдан чиқувчи қисмлар, штампланган маҳсулотлар, кичик гидрогенераторлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банк ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ва масъул ходимларидан иборат таркибда Импорт ҳажми ва таркибини тизимли равишда таҳлил қилиш асосида янги маҳаллийлаштириш қувватлари ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузиш вазифаси қўйилди.

— Асосий мақсадимиз мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бунинг учун, аввало, иқтисодиётимиз рақобатбардош бўлиши, маҳсулотлар юртимизда ишлаб чиқарилиши зарур. Барча раҳбарлар шундан қатъий хулоса қилиб, зиммасидаги вазифаларга муносабатини тубдан ўзгартириши ва масъулиятни ошириши керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг