Ҳалигача поезд портлатиб юрибсанми?!
Иккинчи Жаҳон уруши тугаб, аскарлар уйларига қайтганда, бир ўрис солдат тайгада, ўрмонда адашиб қолиб кетган. Биласиз, Россияда ўрмонлар кўп бўлиб, бўлганида ҳам чеку-чегараси кўринмайди. Уруш вақтида ҳалиги солдат партизанлик ҳаракатини олиб борган. «Партизан» деб душман босиб олган ҳудудда орқадан зарба бериш тушунилади. У рота командиридан ўрмон ёқалаб ўтган темир йўлни портлатиш буйруғини олган экан. Чунки ҳудуд немислар қўлига ўтса немислар бемалол поездларда ҳаракатланиши мумкин экан...
Ҳалиги солдат ўрмонда адашиб 15 йил қолиб кетган. Кийимлари эскиб, тўкилиб кетган, ўрмонда олмахонларни пишириб еб жон сақлаган. Кунлардан бир куни бир занг босган минани топиб олиб, темир йўлга чиқиб, ҳалиги минани темир йўлга ўрнатаётганини одамлар кўриб қолишибди. Одамлар ҳай-ҳай деб уни ушлаб, милиса чақиришибди. Ана тўполон! Милиса ундан «Нега темир йўлни портлатмоқчи бўлдинг?» деб сўраса, у: «Бир пас туриб немислар ўтади» деб жавоб берибди. Кейин унга «Ҳой, сен жиннимисан?! Уруш тугаганига ўн беш йил бўлди!» деб яхшилаб тушунтиришибди... Шунинг сингари...
Шунинг сингари бугунги янги замонни ҳис қилмаётган одамларни кўрсам «Ҳалигача поезд портлатиб юрибсанми?» дегим келади!
Шунинг сингари ҳамма интернет ўқиб, телефон ўқиб, ҳеч ким газета ўқимай қўйган бир вақтда газета чиқараётган ҳамкасбимни кўрсам «Ҳалигача поезд портлатиб юрибсанми?» дегим келади! Бу гапни ўзимга ҳам айтгим келади – чунки ҳалигача газета чиқариб келаяпман!
Шунинг сингари бу гапни ҳамкасбим – Ў.Қ.га ҳам айтгим келади. Бундан бир неча йил аввал Каримов даврида Қуддус Аъзам дилбузарда интернетни ёмонлаб чиққан эди. У шуни кўриб қолиб, ҳалигача интернетдан чўчийди. Шундай қўрқадики, ҳатто «э-майл» очмаган. Билмасдан унинг шеърини интернетга жойлаганимда шундай тўполон кўтариб мен билан ёқалашганки, устимдан шикоят қилиб, мелисага берворишига сал қолган. Ваҳоланки, бўлиб ҳам журналист-а! Ҳа, унга ҳам «Ҳалигача поезд портлатиб юрибсанми?» дегим келади!
Шунинг сингари мамлакатга инвестиция олиб киришга ҳаракат қилган тадбиркорни тушунмай унга тўсиқ бўлаётган идора вакилларини кўрсам «Ҳалигача поезд портлатиб юрибсанми?» дегим келади!
Шунинг сингари тўй ўзбекни хароб қилишини, қарзга ботиришини кўра-била туриб, кучаниб тўй қилаётганларни кўрсам «Ҳалигача поезд портлатиб юрибсанми?» дегим келади!
Айнан ўша тўйига пул йиғиш учун бировларга бўйин эгиб қул, гастербайтер бўлиб юрганларни кўрсам «Ҳалигача поезд портлатиб юрибсанми?» дегим келади! Ваҳоланки, бу миллат ўша юртга гастербайтер бўлиб эмас, турист бўлиб бошини кўтариб боришини орзу қиламан!
Шунинг сингари тақдири азалийга, ризққа, пешонага ёзилган насибага иймон келтирмаган, ишонмаган тўда-тўда «мусулмонлар» ситрога ўхшаган ичимликларнинг қопқоғидан бахт излаганини кўрсам «Ҳалигача поезд портлатиб юрибсанми?» дегим келади!
Шунинг сингари... давом эттиришингиз мумкин, агар лозим топсангиз...
Шукур Жаббор
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter