Германияда эски телефонлар қимматлашиб боряпти
Мобил телефонлар 90-йилларнинг охирларидан бошлаб урфга кира бошлади. Бу телекоммуникациялар соҳасидаги ҳақиқий инқилоб эди: уяли телефон ёрдамида одамлар дунёнинг нариги чеккаси билан лаҳзада боғлана олар, матнли хабарлар йўллар, бунинг устига ҳар хил ўйинлар таклиф этиларди.
Ҳозиргисидан тубдан фарқланувчи ўша телефонларни ҳалиям кўплар орзиқиш билан эслайди. «Чордоқ ё гараждаги лаш-лушлар орасидан мабодо эски телефонингизни топиб олсангиз, авайлаб олиб қўйинг, чунки уни яхшигина пуллаш мумкин», — деб ёзади «Merkur» нашри.
Албатта, бунинг учун телефон соз ва муайян операторга боғлиқ SIM-кapтаси блокланмаган бўлиши шарт. Агарда телефоп яп-янги, қутиси билан турган бўлса — жек-потни ютдим деяверинг.
«Apple iPhone 2G»
2016 йилнинг сентябрида мюнхенлик киши «eBaу» орқали янги, плёнкаси очилмаган «iPhone 2G»ни сотувга қўйди. Талабгорлар 45 тача бўлди ва охири «айфон» 2405 еврога сотилди. 2017 йилнинг сентябрида эса кирхҳаймлик сотувчи худди шунақа қурилмани 3430 еврога пуллади. Ҳозир яна битта қурилма сотувга қўйилган, нархи — 6690 евро.
«Nokia 5110»
Бу ҳақиқий афсона эди: чўнтакбоп, унча-мунчага бузилмасди. Ҳозир «eBaу»да шу русумдаги яхши сақланган телефонни 150-220 еврога сотиш мумкин.
«Nokia 3310»
Бу қурилма «Nokia» тарихида ўзгача ўрин тутади. Ўзи кичкина бўлишига қарамай, батареяси шунчалик қувватли эдики, ҳозир буни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. 2016 йили шундай русумдаги телефон 254 еврога сотилди.
Бошқа эски русумдаги телефонларни ҳам ҳақиқий ишқибози чиқса, яхши пуллаш мумкин. Масалан, 2016 йили «Nokia 8850» телефони 750 еврога сотилган.
Шундай экан, янги телефон харид қиларкансиз, эскисини ташлаб юборишга ошиқманг, ким билсин, вақти келиб бир кунингизга яраб қолар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter