Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқаро vs мансабдор шахс: қонун ким томонда?

Фуқаро vs мансабдор шахс: қонун ким томонда?

Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, оддий қилиб айтганда, ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёт кечириши учун имкон қадар кўпроқ қулайлик яратишга қаратилган.

Авваллари додини кимга айтишни билмаган, амалдорлар олдига юрак ютиб бора олмаган халқимиз бугун ўзини ташвишга солаётган муаммолар ҳақида мутасаддиларга очиқдан-очиқ гапира олади, ҳуқуқ ва эркинликларини етарли даражада таниб олган. Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса бу ҳуқуқлар рўйхатини янада кенгайтиради, ҳар қандай вазиятда Бош қомусимизга юзланиш орқали муаммоларнинг қонуний ечимларини топиш имкониятини беради.  

Хусусан, Янги таҳрирдаги Конституциянинг 26-модда, 1-қисмида давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан ноқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик туфайли шахсга зарар етказилган тақдирда, бу зарар давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланмоқда.

Хўш, бу бизга, яъни оддий фуқароларга нима беради? Амалдаги Конституциянинг 43-моддасида «давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши» қайд этилган. Эндиликда ҳар бир давлат органи ёки мансабдор шахс давлатнинг вакили бўлгани ва тегишли ваколатлар берилгани учун, мабодо фуқарога улар томонидан зарар етказилса, уни қоплаб бериш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши аниқ белгиланади. Бундан буёғига ушбу нормани «айланиб ўтиш» ёки мансабдор шахс томонидан ўз фойдасига «буриш»нинг иложи йўқ.

Эсингизда бўлса, бундан уч-тўрт йил олдин кўп қаватли турар жойлар атрофидаги гаражлар ёппасига бузиб ташланган эди. Ўша пайтда кимлардир гаражини арзимаган пул эвазига сотишга улгурди, айримлар эса, дарди ичида, етказилган моддий зарар ўрнини қандай қоплашни билмай, армонда қолди. Ўзгаришлар кучга киргандан сўнг мана шу ҳолат юз берадиган бўлса, фуқаролар тегишли жойга мурожаат қилиши ва етказилган моддий зарарни давлатдан ундиришга ҳақли. Давлат шу заҳоти моддий зарарни қоплаб беради ва кейин тегишли мутасадди ташкилотдан регресс тарзида ўша маблағни ундиради. Бу ерда кўзда тутилаётган асосий жиҳат – фуқароларнинг эшикма-эшик сарсон бўлиб юрмаслиги, бюрократик тўсиқлардан халос бўлишдир.

Ушбу норманинг Конституцияда акс эттирилиши давлат ва фуқаро муносабатларида инсонга нисбатан адолатсизлик ёки ноҳақлик ҳолатлари юзага келган ҳолатда, фуқаро розилиги бирламчи аҳамиятга эгалигини амалда кўрсатади. Ўз навбатида, одамларнинг давлатга бўлган ишончи ортиб, давлат идоралари ва мансабдорлар эса қилаётган ҳар бир ишига янада масъулият билан ёндашади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг