Эрдўғон дунё эътиборидаги муаммо юзасидан ижобий ечим ваъда қилди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон дунё эътиборида бўлиб турган масала – ғалла битими борасида яқин муддатда ижобий натижа бўлиши ҳақида гапирди.
Жорий йил 17 июль куни Россия битимдан чиққач, камбағал ўлкаларга дон маҳсулотлари етказиш ташаббуси хавф остида қолган эди.
Эрдўғон ҳафта бошида Сочида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Музокараларда долзарб масалалар қаторида ғалла битимини қайта амалга киритиш муҳокама қилинган. Путин Москва дон шартномаси бўйича музокараларга тайёр экани, аммо бу борада ўз шартлари борлигини билдирган.
Маълум бўлишича, Кремль Россия қишлоқ хўжалиги банкини SWIFT халқаро тўлов тизимига улаш ва ғалла ташувчи кемаларни суғурталашни талаб қилмоқда.
Туркия раҳбари ташриф якуни юзасидан берган баёнотда қайд этилишича, Анқара эндиликда ғалла битимини янгилаш борасида БМТ билан музокара олиб бормоқда.
Эрдўғон жорий йил сентябрь ойи охирги ўнкунлигида БМТ Бош ассамблеяси йиғилиши доирасида ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш билан ғалла битими масаласини муҳокама қилади.
Туркия саъй-ҳаракати билан БМТ ғалла битимига доир янги таклифлар пакетини тайёрлаган. Президентларнинг Сочидаги учрашувида ушбу таклифлар ҳам кўриб чиқилган.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил 22 июль куни Истанбул шаҳрида Қора денгиз орқали ғаллани хавфсиз тарзда олиб ўтишга доир битим имзоланган эди.
Туркия, Россия, Украина ва БМТ ўртасида тузилган муҳим ҳужжат дунёда очарчиликнинг олдини олишга хизмат қилиши айтилган, хусусан, Антониу Гутерриш мазкур ҳодисага “Қора денгизда умид учқуни порлади” дея муносабат билдирган эди.
Гап шундаки, Россия босқини ортидан Украина омборларида сақланаётган катта миқдордаги донни Қора денгиз орқали дунё мамлакатларига сотиш йўли ёпилиб қолди. Оқибатда озиқ-овқат бозорида нарх осмонга сапчиб, кўплаб мамлакатларда очарчилик хавфи юзага келди.
Битим доирасида Украина бир йилда 33 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилган. Россия эса хорижга 120-130 миллион тонна буғдой сотган.
Москва ғалла битимидан бир томонлама чиққани ортидан жаҳон бозорида ғалла нархи ошиши кузатилмоқда. Боз устига, Россия Украина дон ташишда фойдаланаётган портларга бомба ёғдирган.
Жорий йил июль ойида Африка мамлакатлари етакчилари ҳам Россия президентидан ғалла экспортига доир битимга қайтишни талаб қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter