Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Энг кам иш ҳақига яшаб бўладими? Ўртача маошга-чи?

Энг кам иш ҳақига яшаб бўладими? Ўртача маошга-чи?

Фото: «UZ24.uz»

Халқимизда «Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор?» деган ибора бор. Бу ибора осмондан тушмаган ёки бекорга ҳам гапирилмаган. Ҳақиқатан ҳам аксарият пул муаммоси бўлмаган ҳолда тўкин-сочин дастурхон билан яшайдиган инсонларнинг бугун иккитагина нонга пул топса олиб ейдиган, топа олмаса оч ўтирадиган инсонлар билан ишлари бўлмаяпти назаримда. Ҳар биримиз бу иборанинг топиб айтилганига ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз.

Йўқ, ҳозир айнан шу мавзуга тўхталиш ниятим йўқ. Қорни тўқларни муҳокама қилмоқчи ҳам эмасман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Мен қуйида жамиятимиздаги чин маънодаги «қорни очлар» — аҳолининг кам таъминланган қатлами, ишга лаёқати бўлмаган ёки болаликдан ногиронлар ёки ёшга доир арзимаган нафақа олиб тирикчилигини амаллаб ўтказиб юрган инсонлар ҳақида фикр билдирмоқчиман.

Ҳаммамизга маълум, 2017 йил 1 декабрда энг кам иш ҳақининг миқдори эълон қилинди. Унга кўра, мамлакатимизда ўша кундан бошлаб энг кам иш ҳақи 172 240 сўмни ташкил этади. Ёшга доир пенсия ва болаликдан ногирон бўлганларга нафақа — 336 880 сўм. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори эса 206 720 сўмни ташкил этади.

Энг кам иш ҳақини эълон қилишда ҳар доим  юқорида келтирганим;
1. «Ёшга доир пенсия оладиганлар»
2. «Болаликдан ногиронлар»
3. «Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдагилар»
4. «Меҳнатга лаёқатсиз инсонлар» тилга олинади ва уларга тўланадиган нафақалар миқдори аниқ қилиб кўрсатилади.

Яна «аҳолининг  кам таъминланган қатлами»га ҳам биринчи навбатда шулар киради.  Ана шу ерда савол туғилади: агар улар ёшга доир пенсия олишса, болаликдан ногирон бўлишса, улар олаётган 336 880 сўм маблағ уларга оддий яшашлари учун етарли бўляптими?

Ёки улар зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдагилар ва меҳнатга лаёқатсиз инсонлар бўлишса, ҳозирги кунда олаётган 206 720 сўм нафақалари уларнинг бир ой оддий яшаши учун етарли бўладими?

Қачон телевизорнинг қулоғини бурасам бир депутат ё қайсидир вазирлик ходими ёки яна қандайдир бир масъул шахс «аҳолининг кам таъминланган қисмига фалон ёрдам қилдик, писмадон қилдик», деб аллақаерлардаги ҳисоботларни айтиб турган бўлади. Лекин ўша «аҳолининг кам таъминланган қисмига қилинган ёрдамлар» нималардан иборат бўлганини бирида айтишади  бирида эса ҳисоботдан парча айтиб бериш билан чекланишади. Ҳа, кўряпмиз, аҳолининг кам таъминланган қисмига кирувчи  кишиларга ёрдам қилиняпти. Аммо юз фоиз ҳаммасига ҳам эмас.

Ўша, аҳолининг кам таъминланган қисмига кирувчи ёшга доир пенсия оладиганларнинг, болаликдан ногирон бўлганларнинг, зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларнинг, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг орзу-ҳаваслари йўқ дейсизми? Ёки уларнинг айби меҳнатга лаёқатсизлиги-ю, болаликдан ногирон эканликларими?  Э, йўқ. Уларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бор. Уларнинг ҳам аксариятида оила бор, бола-чақа бор, рўзғор тебратиш ташвиши бор. Хўш, бугунги кунда берилаётган нафақалар уларга орзу-ҳавасларига етишишлари уёқда турсин ҳатто оддий яшаши учун қанчалик етарли, буни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Таниш-билишларингиз, қариндош-уруғларингиз ёки қўни-қўшниларингиз орасида ўшандай инсонлар бўлса, улар ўзларига берилаётган арзимас нафақа пули билан қандай яшаяптилар, ҳеч эътибор берганмисиз? Мен уларнинг аҳволларини ўйлаб кўрганман, мен уларнинг аҳволига эътибор берганман, улар қийинчиликда, мамлакатимиз бўйича ҳисоблаганда турмушнинг энг паст даражасида яшаяптилар.

Ахир 336 880 сўмни «ёшга доир пенсия оладиганлар ва болаликдан ногиронлар» бир ой давомида нимага ҳам етказа оладилар? Ёки 206 720 сўм нафақани «зарур иш стажига эга бўлмаган ва меҳнатга лаёқатсиз инсонлар» нималарга етказа оладилар? Буни бир яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Ўзи ногирон, ё меҳнатга лаёқатсиз ёки пенсия ёшига етган кекса бўлса ва оладиган нафақаси етмаганда жисмоний меҳнат қилиб пул топа олмаса,  улар қандай қилиб яшаши, қандай қилиб тирикчилигини ўтказиши керак? Саволлар кўп, жавоб эса йўқ.

Аҳолининг кам таъминланган қисми яшаш шароитларини ўрганар эканман уларнинг оладиган нафақа миқдори билан баъзи нарсаларнинг нархларини солиштириб кўрдим. Улар ҳозир оладиган нафақа пулини ҳеч нарсага сарфламасдан йиғиб борганида ҳам рўзғор учун зарур бўладиган кўпгина нарсаларни харид қилиш учун анча йиллар кутишларига тўғри келар экан. Бу улар ана шу нарсаларни бир умр сотиб ололмасдан ўтишлари ҳам мумкин, деганидир. 

Баъзи нарсаларни, масалан, оддий ва ўртача нархдаги  автомашинани сотиб олиш учун улар ўша нафақа пулларини ҳеч нарсага ишлатмасдан йиғсалар 20-30 йиллаб вақт керак бўлар экан. Қимматроқ автомашина сотиб олиш учун эса ҳатто умр бўйи йиғсалар ҳам етмас экан.

Улар оладиган нафақа билан оддий рўзғорга керак бўладиган буюмлар нархларининг солиштирмаси:

1. Ўртача баҳоланадиган янги автомашина олиш учун энг кам иш ҳақининг камида 250 баробари миқдорида маблағ керак. Бу дегани энг кам иш ҳақи оладиган одам нафақасини ишлатмасдан йиғиб борса ҳозирги ҳолатда 20 йилдан кейин «Дамас» ёки «Матиз» машинасини харид қила олади. Агар қимматроқ машина олишни хоҳласа камида 40-50 йил вақт керак.

Агар ўша киши ёшга доир пенсия оладиган ёки болаликдан ногирон бўлганларга тўланадиган 336 880 сўм нафақа олувчи шахс бўлса ўртача машина олиш учун 12-15 йил нафақасини йиғиб бориши керак. Агар ўша шахс қимматроқ машина олмоқчи бўлса  25-30 йил нафақасини йиғиб бориши керак.

2. Совуткич, телевизор, газ плитаси, кир ювиш машинаси каби рўзғорга зарур буюмларнинг оддийроғи ва ўртачароғини  олиш учун энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 30-40 бараваригача бўлган маблағ керак. Демак, энг кам иш ҳақи оладиган одам ана шу буюмлардан арзонроғини олиши учун қарийб бир йиллик нафақасини йиғиши, яхшироғини олиш учун эса икки-уч йиллик нафақасини йиғиб бориши керак.

3. Агар  кам таъминланган шахс уй қурмоқчи ёки тайёрини сотиб олмоқчи бўлса бунга унинг бир умрлик нафақа пулини йиғса ҳам етмаслиги мумкин.

4). Энг кам иш ҳақига бугунги кунда бор-йўғи 4-5 кг. атрофида  суякли гўшт беради.
Меҳнатга лаёқатсизлар оладиган 206 720 сўмга эса 5-6 кг. атрофида суякли гўшт беради.
Болаликдан ногиронлар ва ёшга доир пенсия оладиганларга тўланадиган 336 880 сўмга эса 8-9 кг. атрофида гўшт беради.

5. Энг кам иш ҳақига Қозоғистонда тайёрланган ёки Қозоғистон буғдойидан ўзимизда янчиб тайёрланган бир қоп олий нав ун беради. Ўзимизнинг  биринчи навли ундан эса — икки қоп.

Мен юқоридаги рўйхатни яна давом эттираверишим мумкин, аммо ишонинг, ҳозирги кунда энг кам иш ҳақи билан ўлчанадиган маблағга ёки ёшга доир пенсия оладиганлар, болаликдан ногирон бўлганларга тўланадиган 336 880 сўм пулга ҳатто бир киши ҳам бир ой тирикчилик ўтказиши амримаҳол.  Энди зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз инсонларга тўланадиган 206 720 сўмга бир ой яшаш ҳақида эса гап бўлиши ҳам  мумкин эмас.

Ўзингиз ўйланг, икки йил олдингига қараганда нархлар икки-уч баравар ошиб кетган бугунги кунларда 336 880 сўм ёки 206 720 сўм маблағ билан қандай яшаш мумкин. Энди ўзбекнинг тўй-томошаси, аза маросимлари ёки бошқа урф-одатларини қўйиб турайлик, бу маблағлар кундалик оддий ейиш-ичишга етмайди. Нима бундай инсонлар тўй қилмасинларми? Ёки уларда бошқа харажатлар йўқми?

Умуман олганда, ҳозир аҳолининг кам таъминланган қисми бир ойлик ейиш-ичишига етарли бўлмаган нафақа пулини олмоқда.

Юқорида мен «аҳолининг кам таъминланган қисми» ҳақида ёзяпман-у, аммо аҳоли орасидаги «ўртача маош»га ишлаб юрганларнинг ҳам аҳволи ҳавас қилгулик эмас-да. Улар ҳам оладиган маошларини нимагадир етказсалар, яна нималаргадир етказа олмай, ойдан-ойга қўл учида зўрға яшаяптилар.

Шу мақолани ёзиш асносида кўз олдимга 600 минг сўмдан ошиқроқ маош оладиган танишим келди. Ана шу 600 минг сўмдан зиёдроқ пул танишимга кейинги ой яна маошини олгунича рўзғор тебратишга етмайди. Бўлмаса танишим маошининг бир сўмини ҳам ортиқча жойга сарфламайди. Ҳаммаси жой-жойига ишлатилади. Аммо барибир етмайди. Энди ана шу 600 минг атрофидаги маошга оила тебратаётган кўплаб одамларнинг аҳволи қанчалик қийинлигини сўрайверинг.

Бизда энг кам иш ҳақининг оширилиши графикасига қарасам, баъзи йилларни айтмаганда, ҳар доим йилига бир марта оширилган. Яқинда президентимизнинг қарори билан бундан буён ойлик маошлар йилига икки марта оширилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам фақат маошга қараб қолган кўплаб инсонлар учун яхши хабар бўлди.  Аммо шу ерда яна бир мулоҳаза туғиляпти. Кўпинча энг кам иш ҳақи ва маошлар оширилганда бюджет ташкилотларида ишлайдиганларнинг маошлари ошади, лекин хусусий иш берувчилар турли сабабларни кўрсатиб маошларни оширмайдилар. Агар давлат миқёсида энг кам иш ҳақи ва маошлар оширилганда  шуни ҳам инобатга олиб энг кам иш ҳақи ва маошлар оширилганда мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳар бир каттами, кичикми хусусий, қўшма ёки хорижий корхоналарга ҳам маош оширишни қонунан мажбурий қилиб қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Ана шунда давлат корхонасида ишлайдими ёки хусусий компаниялардами ҳамманинг маоши бирдай кўтарилар эди.

Кейин яна бир фикр: иш ҳақларининг оширилиши графикасига қарасам иш ҳақлари шу пайтгача доим 1.1, 1.12, 1.15 баравар нисбатда кўтарилган экан. Нарх-наволар кескин ошиб кетаверишини инобатга олиб бундан буёғига иш ҳақлари 1.5 ёки 2 ёки ундан ҳам баланд нисбатларда оширилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Умуман олганда биз бугунги нафақа ва маошлар билан 2014 йилдаги нафақа ва маошларни солиштирсак ўсиш унча катта бўлмаган. Энг кам иш ҳақи 2014 йил 15 декабрдан 118 400 сўм бўлган, 2017 йил 1 декабрдан 172 240 сўмга кўтарилди. Демак, нафақа ва маошларнинг ошиши шу уч йилда 50 фоизга ҳам етмаган. Аммо нарх-наволар ана шу ўтган уч йилда икки-уч баравар ошиб кетди. Шунинг учун ҳам нафақа ва маошларни энди салмоқли фоизларда ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда турли нафақа ва маошлар ҳисобига яшайдиган аҳолининг ҳам  фаровонлиги, ҳам иқтисодий аҳволи бир оз яхшиланарди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг