Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Экология қўмитасидан қурилишга рухсат бериш ваколати нега олиб ташланди?

Экология қўмитасидан қурилишга рухсат бериш ваколати нега олиб ташланди?

Бугун АОКАда «Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши ҳолатининг келиб чиқиш сабаблари ва кўрилаётган чоралар» мавзусида ўтказилган матбуот анжумани кескин саволлар билан бошланди.

— Биламиз қурилишлар учун ер ажратиш, рухсат беришда бир пайтлар Экология қўмитасидан рухсатнома олиш тартиби бор эди. Вазирлар Mаҳкамасининг 200-қарори билан қурилишларга рухсат беришда Экология қўмитаси чиқариб ташланди. Яъни тадбиркор қўмитадан қурилиш хоҳласа рухсат олади, хоҳламаса олмайди. Шахсан мен қурилишлардан манфаатдор ва экологияга заррача ачинмайдиган катта кучларнинг лоббиси бор деб ўйлайман. Қандай қилиб экология қўмитаси бунга рухсат бериб қўйди. Қурилишларга рухсат бериш тартибини қўмита қайтариб оладими? Ўзи умуман экология ёмонлашаётган бир пайтда нима учун бу тартиб олиб қўйилди?

— Қурилишлар мавзуси кун тартибида. Янги қабул қилинган тартибга мувофиқ экология шаҳарсозлик, қурилишлар борасида маълум бир талаблар доирасида экспертизадан ўтказишда қатнашади. Янги тартибга мувофиқ экология органлари қурилиш объектларига рухсат беришда қатнашмаяпти, лекин амалдаги қарор лойиҳасига ўзгартиришлар киритиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда, — деб жавоб берди «Кун.уз» мухбирининг саволига Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Н.Обламуродов.

Бутун дунёда иқлим ўзгариши, ўртача ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, унинг оқибатида атроф-муҳитга бўлган салбий оқибатлар кузатилаётгани сир эмас. Тасаввур қилинг, жорий йилнинг 9 ойи давомида 648 та субъектларда давлат экологик назорат тадбирлари ўтказилиб, атроф муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирганлик учун 50 млрд. сўмга яқин миқдорда компенсация тўловлари белгиланган. Қолаверса, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи 22 та корхона фаолиятини тўхтатиш бўйича суд органларига тегишли ҳужжатлар киритилган.

Республикада ҳаво ҳарорати 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони ортган, чўл зонасида, республиканинг шимолида ва жанубида иссиқ кунлар сони 25 дан 40 кунгача (15-30 кунлик норма билан) етган бир пайтда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналарнинг бошбошдоқлиги, қурилишлар сони тобора кўпайиб бораётгани вазиятни баттар қийинлаштирмоқда.

 — Ўзбекистонда, шунингдек, бутун Марказий Осиёда чангли бўронлар жуда тез-тез учрайдиган ҳодиса деб ҳисобланади. Келиб чиқиш хусусиятига қараб чангли бўронлар маҳаллий (локал) ва фронтал деб фарқланади, — дейди «Ўзгидромет» маркази директори Ш.Ҳабибуллаев. — Чангли бўронлар асосан 1 соатдан 5 соатгача, камдан-кам ҳолларда 16-24 соатгача давом этади. Пойтахт Тошкентда охирги ўн йилликда чанг тўзонлари 65 % ҳолатда шамол тезликлари 15 м/с ва ундан юқори бўлган ҳолатларда қайт этилган. 35 % ҳолларда кузатилган чанг тўзон ва чанг бўрон ҳодисалари шамолнинг максимал тезлиги 10-14 м/с да кузатилган.

Маълумотларга қараганда, атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини Республиканинг 25та шаҳарларида жойлашган 65 та стационар ва 2 та автоматик кузатув постларида амалга оширилмоқда. Стационар постларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги суткада 3 марта (маҳалллий вақт билан 7:00; 13:00; 19:00) олиб борилади. 26 октябр соат 14:00 ҳолатига кўра дунё шаҳарлари орасида ҳаво сифати бўйича 49-ўринни қайд этганини кўриш мумкин.

«Zamin» ХЖФ билан ҳамкорликдаги лойиҳа ёрдамида харид қилинган 2 та автоматлаштирилган станциянинг амалга оширилиши Тошкент шаҳрида илк бор атмосфера ҳавосидаги кичик ўлчамдаги РМ 2,5моддаларни ҳам кузатиш ҳамда аниқ маълумотлар тайёрлаш имкониятини бермоқда», — дея таъкидлайди Ш.Ҳабибуллаев.

Анжуман доирасида журналистлар корхона ва объектларнинг ҳавони зарарлагани учун тўланадиган компенсация яъни маблағлар қандай мақсадлар учун йўналтирилаётгани, транспорт чиқараётган зарарли ташламаларни камайтириш учун қандай чоралар кўрилаётгани, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида дарахтларни экиш ва уларни кўкартириш борасида қандай мониторинг ишлари олиб борилаётгани каби ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Албатта ташкилотчиларни, экологик соҳа ходимларини журналистларнинг фаоллиги қувонтирди. Шу боис келгусида бундай тадбирларни қисқа муддатли эмас, балки кенгроқ доирада ўтказиш, талаб ва таклифларни ўрганиш масалалари ҳам ўртага ташланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг