Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ–Ўзбекистон: муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилди

ЕИ–Ўзбекистон: муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилди

Фото: Европа комиссияси.

5 апрель куни Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида жуда ҳам муҳим бўлган хомашё (CRM) соҳасида барқарор нарх-наво занжирини ривожлантиришга қаратилган Англашув баённомаси имзоланди. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси хабар берди.

Ҳужжатга Европа Комиссиясининг ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов имзо чекди.

Англашув баённомасининг имзоланиши Брюссель ва Тошкент жуда ҳам муҳим бўлган хомашё соҳасида стратегик ҳамкорликни бошлаб, экологик ва рақамли технологияларга ўтишда алоҳида аҳамият касб этган хомашёни диверсификацияланган ва барқарор етказиб бериш йўлида дадил қадам ташлаганини англатади.

«Бой табиий ресурсларга эга бўлган Ўзбекистон билан ушбу келишув Европа Иттифоқига муҳим хомашёга эга бўлиш имконини беради. Бу бизнинг келажак учун материалларни етказиб беришни таъминлаш бўйича ҳамкорлар билан кенг глобал ҳамкорлигимизнинг бир қисмидир. Ўзбекистон учун у иқтисодиётни диверсификация қилиш, тоғ-кон саноатини барқарор ривожлантириш бўйича кенг кўламли фаолиятини амалга ошириш учун жиддий рағбат бўлади», – деди ЕКнинг ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис.

Стратегик ҳамкорлик хомашёнинг нархини белгилаш ва етказишда барқарор занжирлар интеграциялашуви, инвестициялар, операцион фаолият ва экспорт билан боғлиқ бўлган чора-тадбирлар шаффофлигини ошириш, лойиҳалар учун маблағлар жалб қилиш, экологик тоза энергия таъминотини ривожлантириш, зарурий инфратузилмани такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик, профессионал тайёргарлик ва кўникмаларни ривожлантириш каби жабҳаларни қамрайди.

Эндиликда ЕИ ва Ўзбекистон тезкор йўл ҳаритасини тузиш устида ишлайди.

“Ўзбекистон жуда ҳам муҳим бўлган хомашёнинг бойликлар кўлами бўйича Марказий Осиёда иккинчи ҳисобланади ва мис, молибден ва олтин каби фойдали қазилма бойликларининг каттагина захираси билан фахрланишга ҳақли. Мамлакатнинг фойдали қазилма бойликларини қазиб олиш соҳасидаги стратегияси ҳам ички ва халқаро саноат, айниқса, автомобилсозлик ва маиший электроникада жуда ҳам муҳим хомашёни қайта ишлаш ҳажмини оширишга интилиши билан мос келади», – дейилади ЕИ делагацияси хабарида.

ЕИнинг 2020 йил учун муҳим хомашё бўйича ҳаракатлар режаси ва энергиянинг ташқи манбаларини жалб қилишга қаратилган стратегиясида келтирилган мақсадларга мувофиқ Брюссель бой табиий ресурсларга эга давлатлар билан хомашёнинг нархини яратиш занжири доирасида изчил ҳамкорлик қилмоқда.

Ушбу йўналиш ЕИнинг жаҳонда барқарор ва юқори сифатли лойиҳалар бўйича «Глобал дарвоза» стратегиясига ҳам уйғундир. Мазкур стратегия доирасида 2027 йилга қадар 300 миллиард еврогача маблағ сафарбар этилади.

ЕИ хомашё соҳасида Канада (2021), Украина (2021), Қозоғистон (2022), Намибия (2022), Чили (2023), Аргентина (2023), Замбия (2023), Конго Демократик Республикаси (2023) ва Гренландия автоном ҳудуди билан ҳамкорлик ўрнатган.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил октябрь ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ЕКнинг ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис билан айни шу йўналишда ҳамкорлик масаласини муҳокама қилган, мамлакатимизнинг Муҳим хомашёлар клубига (CRM Club) қўшилиш истагини тасдиқлаган эди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг