ЕИ Марказий Осиёда интернет алоқасини яхшилашга кўмаклашади

18 март куни Тошкентда «Марказий Осиёда рақамли ўзаро алоқадорликни ривожлантириш бўйича Европа жамоаси ташаббуси» доирасида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган икки стратегик лойиҳа бўйича келишув имзоланди.
Рақамли технологиялар вазирлигида бўлиб ўтган имзолаш маросимида Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела қатнашди.
ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, «Марказий Осиё учун алоқа» (C4CА) лойиҳаси бутун минтақада рақамли инфратузилма ва интеграцияни яхшилашга қаратилган. У Марказий Осиё мамлакатларини яхшироқ боғлашга, ҳамкорлик ва иқтисодий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилади. Рақамли интеграцияни ошириш орқали лойиҳа иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди, онлайн хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилайди ҳамда минтақадаги рақамли тафовутни бартараф этишга ёрдам беради.
«Марказий Осиёнинг олис ҳудудлари аҳолиси учун сунъий йўлдош алоқаси» лойиҳаси эса чекка ва олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлашга қаратилган. Бу лойиҳа интернетга ишончли кириш имконияти чекланган ёки умуман мавжуд бўлмаган қишлоқ ва олис ҳудудлар аҳолиси учун таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодий ривожланиш соҳаларида рақамли имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
«Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон бутун Марказий Осиё бўйлаб интернет алоқасини яхшилаш йўлида биргаликда ишламоқда. Европа технологиялари ва Ўзбекистонинг тажрибаси кўпроқ одамларга тезкор ва хавфсиз интернетдан фойдаланиш имкониятини яратади, бизнесни қўллаб-қувватлаб, янги иш ўринларини яратади ҳамда маҳаллий жамоалар учун яшаш шароитларини яхшилайди. Рақамли алоқага сармоя киритиш орқали биз бўшлиқларни тўлдирмоқдамиз, имкониятлар яратмоқдамиз ва Марказий Осиё минтақасининг рақамли иқтисодиётдан тўлиқ фойда олишини таъминламоқдамиз», – дейди ЕИ комиссари Йозеф Сикела.
Ҳужжатларни имзолашдан олдин европалик меҳмон Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан музокара ўтказди.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, Шерзод Шерматов Европа бозорининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Европа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаган.
Учрашувда Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкониятлари чеклангани боис вазирлик АКТ соҳасини фаол ривожлантираётгани, бу эса IT-хизматлар экспорти кўрсаткичларини жадал оширишга хизмат қилаётгани ҳам қайд этилган.
Аввал хабар берганимиздек, ЕИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Й.Сикеланинг Марказий Осиё бўйлаб сафари мобайнида «Global Gateway» ташаббусини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот ўрнида, «Global Gateway» ЕИнинг бутун дунёдаги инвестиция тафовутини камайтириш, рақамли ўзгаришлар, энергетика ҳамда транспорт соҳаларида ақлли, экологик тоза ва хавфсиз алоқаларни ривожлантиришга қаратилган стратегиясидир. Шу билан бирга, у соғлиқни сақлаш, таълим ва илмий тадқиқотларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Стратегия доирасида 2021–2027 йиллар давомида жамоат ва хусусий сектор инвестицияларидан 300 миллиард еврогача маблағ жалб қилиш орқали глобал инвестиция бўшлиғини ёпиш, қарамлик эмас, балки мустаҳкам алоқаларни яратиш кўзда тутилган.
Комиссар Йозеф Сикела бошчилигидаги делегация президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қабул қилинди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун катта имконият ва салоҳият мавжудлиги таъкидланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter