Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эҳтиёт бўлинг! Бугун қуёш хавфли нур тарқатади

Эҳтиёт бўлинг! Бугун қуёш хавфли нур тарқатади

Фото: Xabar.uz

Бугун, 3 май куни Тошкент шаҳрида қуёшнинг ультрабинафша нурланиш индекси 12 балли шкалада 10 балл бўлиши кутилаётгани маълум қилинди.

Нурланиш қоқ туш пайти максимал даражага яқинлашиб, унинг индекси 12 балли шкалада 10 балл бўлиши, соат 14:00да 9, 15:00да 7 ва 16:00да 5 даражага тушиши қайд этилган.

Хўш, юқори ультрабинафша нурлари нимаси билан хавфли? Ундан қандай ҳимояланиш керак?

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази маълум қилишича, бундай пайтда қуёш нури аллергик реакциялар келтириб чиқаришидан эҳтиёт бўлиш лозим.

Хусусан, бу каби ноқулай об-ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида фотодерматит касаллиги юзага келиши мумкин.

— Қуёш нурининг ўзи аллерген ҳисобланмайди, — дейди марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. — Бироқ ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришганда, аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин.

Оқибатда кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ ва турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар кузатилади.

Қолаверса, кўзнинг шиллиқ қаватига ультрабинафша нурларининг таъсири конъюнктивит ва кератит, яъни шоҳпарданинг яллиғланишини ҳам келтириб чиқаради.

— Бундай яллиғланиш зарарли нур таъсиридан бир неча соат ўтгач пайдо бўлиб, иккиси ҳам оғриқли кечади, — дейди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов. — Шу билан бирга, ультрафинафша нурлар катарактанинг ривожланишига ҳам сабаб бўлади.

Бундан ташқари, нурланиш индекси юқори бўлган вақтда очиқ ҳавода узоқ вақт юриш саратон касаллигига мойилликни ошириб, иммунитетни пасайтиради.

Шу боис бундай кунларда соат 11:00дан 16:00гача қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, агар зарурат туғилса, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш ва имкон қадар ёпиқ либослар кийиш тавсия этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг