Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эҳтиёжлар пирамидаси ёки иссиқ ва совуқ уй, қулайлик ва ноқулайлик, меҳр-муҳаббат... зиналари

Эҳтиёжлар пирамидаси ёки иссиқ ва совуқ уй, қулайлик ва ноқулайлик, меҳр-муҳаббат... зиналари

Фото: «Staff-online.ru»

Кеча

Эрталаб хоналар шу қадар музлаган бўлардики, оғзингдан буғ чиқарди — кўрпанинг ичидан чиқиш энг оғир юмуш эди. Чунки муздай сувга юзни ювиш унданда ёқимсизроқ эди. Онамнинг кўзини очиб ўйлагани менимча ўтинхонадан таппи, тезак олиб келиш ва печкани ёқиш бўлган. Ахир болалар мактабга боргунича печканинг устида қоракуядан қорайиб кетган човгумга чой қўйиш ва уни қайнатиш керак. Печканинг бир чекасида темир косадаги кечаги овқат — бу отамга. Биз болалар бўлса кувида олинган сариёғ, бўлмаса оқимтир ширин чойни ичиб мактабга отланамиз. Агар бўрон, совуқда чироқ ўчиб қолган бўлса, керосин солинган лампа ёки шам ёруғида папкангни топасан, кийинасан. Мактабга кириб боришинг билан кўмир ёқилгандаги ҳид димоғингга урилади. Катта-катта хоналар бирров қизийди, ўт ўчгач яна совиб кетади, шунинг учун пальтонгни ва телпагингни ёки рўмолингни ечмайсан. Ўқитувчимнинг хаёлида тезроқ дарслар тугаса-ю, уйига отланса, эрталаб ёққан ва тушдан кейингача совиб улгурган печкани ёқиш, оила аъзоларга овқат тайёрлаш...

Эҳтиёжлар пирамидаси

Америкалик психолог Авраам Маслоу инсон эҳтиёжлари борасида соддалаштирилган эҳтиёжлар пирамидасини ишлаб чиққан. Пирамиданинг пастки ва энг кенг қисми инсоннинг физиологик эҳтиёжлари — очлик, ташналик, совуқ, ҳаво, етарли уйқу, соғлиқнинг қондирилиши зинаси. Кейингиси хавфсизлик эҳтиёжлари — қулайлик, яшаш шароитларининг доимийлиги ва муваффақиятизликдан халос бўлиш, ундан юқори — меҳр ва муҳаббат, яъни ижтимоий гуруҳга мансублик. Кейинги қадам ҳурмат ва маъқуллаш зарурати бўлиб, Маслоу когнитив эҳтиёжларни (билимга чанқоқлик, иложи борича кўпроқ маълумотни қабул қилиш истаги) қўйган. Бунинг ортидан эстетикага бўлган эҳтиёж (ҳаётни уйғунлаштириш, уни гўзаллик ва санъат билан тўлдириш истаги) пайдо бўлади. Ва, ниҳоят, пирамиданинг охирги босқичи, энг юқориси, ички потенциални очиб беришга интилиш (ўз устида ишлаш, ўзини кашф қилиш). Унинг таъкидлашича, ҳар бир эҳтиёж тўлиқ қондирилиши шарт эмас — кейинги босқичга ўтиш учун қисман тўйинганлик етарли. «Мен мутлақо аминманки, одам фақат нон бўлмаган шароитда нон хаёли билан яшайди», деб тушунтирмоқчи Маслоу. Лекин нон мўл, қорни доим тўқ бўлса, инсоннинг интилишлари нима бўлади? Юқори эҳтиёжлар пайдо бўлади ва энди бизнинг танамизни физиологик «очлик» эмас, балки улар, яъни юқори эҳтиёжлар бошқаради. Баъзи эҳтиёжлар қондирилса, бошқалари пайдо бўлади, кўпроқ ва юқорироқ. Шундай қилиб, аста-секин, босқичма-босқич инсон ўз-ўзини ривожлантириш зарурати пайдо бўлади, яъни уларнинг энг юқориси. Маслоунинг фикрича, идеал бахтли жамият, энг аввало, қўрқув ва хавотирга ҳеч қандай асос бўлмаган тўқ одамлар жамиятидир.

Бугунги кун

Бугун одамларнинг ҳаётини яхшилаш учун ҳукумат томонидан Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш стратегияси амалга оширилмоқда. Бундан мақсад «ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали камбағал аҳолининг ижтимоий ҳимоясини тўлиқ шакллантириш, камбағал аҳолининг иш билан бандлигига тўлиқ эришиш, уларга кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиши учун бошланғич бадал ва субсидиялар тўлаб бериш каби барча чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш орқали 2030 йилга бориб камбағаллик даражасини икки баробарга қисқартиришга эришиш назарда тутилмоқда. Бу чора-тадбирлар орасида «аёллар дафтари», «темир дафтар», «ёшлар дафтар»ини варақлаб кўрсангиз, қайсидир хонадонга 10 та товуқ ёки қўй, ёки бир икки бош қорамол берилаётганининг гувоҳи бўласиз. Яна кимларгадир кредит ажратилмоқда. Аммо бу камбағалликка барҳам берадими? Кимгадир берилган ўнта товуқ фақатгина қоринни тўйдириш эҳтиёжинигина қондиради. Маслоу таъбири билан айтганда, ҳаттоки бу «мотивация»лар билан бешинчи зинага ҳам чиқиб боролмаймиз. Айни дамда собиқ СССР давридаги ҳаётимиз давом этаётгандек, бир ҳамкасбим айтганидек, ўша пайтиям 10 та қўйимиз, товуқларимиз бўлган, лекин биз бой яшамаганмиз. Бу қўйлар ёки товуқларни сотиб, бирор инсон на саёҳатга чиқолмаган, на машина сотиб ололмаган... Пирамиданинг энг баланд чўққиларидан бири — ҳаётни гўзаллик ва санъат билан уйғунлаштириш зинасигача чиқиб бориш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Собиқ СССР давридан бери қишлоқларимиз газсиз, светсиз яшаб келмоқда, демак, иссиқ уй каби қулайлик ҳақида, шароит ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Нимага ривожланмаяпмиз, деган саволга айнан ҳудудларимизга чироқ ва газнинг етиб бормаётгани, одамлар бутун қиш давомида фақат уйини иситиш эҳтиёжи ҳақидагина ўйлашга мажбурлиги қисман жавоб бўла олади, деб ўйлайман. Ишсизлик, уззу кун фақат тирикчилик, бугун куннинг ўтиши ҳақида ўйлаш айнан халқимизнинг еттинчи физиологик очлик, ташналик, совуқ каби эҳтиёжларининг қондирилмаётганидан далолат.

Ошга талаш

Кейинги пайтларда тез-тез ката-катта қозонларда тонна-тонналаб ош қилинмоқда, одамларга текин тарқатилмоқда. Бир неча бор одамларнинг бир коса ош учун талатўп бўлиши кўпчилик томонидан шармандали ҳол деб баҳоланса-да, ош учун узундан-узоқ навбатлар, талатўпларга барҳам берилгани йўқ. Одамлар шунчалик очми — шундай десангиз, барчасининг кийимлари рисоладагидек. Ҳозирча халқ еттинчи зинадан олтинчига қулайлик, хавфсизлик зиналаридан босиб ўтолгани йўқ, яъни бешинчи зинага – меҳр муҳаббат (инсон қадри)га эришолмаган одамлар учун уят, ғурур деган тушунчалари бўлмаслиги табиий. Меҳр-муҳаббат, ўзини ҳурмат қилишларига интилиш, ўзини севиш, билимини ошириш, санъатни севиш каби эҳтиёжлар ўрнини бугун бешафқатлик, ўзини қадрламаслик, ўз қадрини ерга уриш каби нохушликлар эгаллаб олишига ҳам сабаб еттинчи зинадан тепага кўтарила олмаётганимиз эмасми?

Интеллект шоуларда одамлар ошга боргандек бормаслиги, кино театрлар залларининг бўшлиги, айниқса, қишлоқ одамларининг музейлар, кўргазмаларга эмас айнан бозорларга чопишига уларнинг физиологик эҳтиёжлари тўлиқ қондирилмагани сабаб.

Иссиққина уй

Тасаввур қилинг. Эрталаб уйқудан уйғонганингизда уйингиз иссиқ, иссиққина душ қабул қиласиз, шундоқ электр чойнакда ёки тайёр газда 10 сонияда кофени қайнатасиз... Шу дақиқаларда совуқ уйда тонгни орттирган яна бир ҳамюртингиз нимани ўйлаётган бўлади. Аввало, уйни иситишни ўйлайди. Бунинг учун ўтинхонага бориш керак. Сиз дид билан кийинаётган бир пайтингизда (чунки миянгизда тезак ҳақида ўй йўқ) у устидан тутун сасиб, кўзи ёшланиб олов ёқаётган бўлади. Сиз миянгизда ишдан бўш вақтингиз қолса, қандайдир кўргазмага бориш ёки чиройли бир санъат асарини яратиш, қўғирчоқ ясаш, ўз устингизда ишлаш учун қайсидир адабиётни ўйлаётган бўласиз. Коцертга боришингиз мумкин ёки театрга, кийинаман десангиз, гардеробингиз тўла кийим, пулдан муаммо йўқ...

Сурхондарёнинг, айтайлик, Омонхона қишлоғида яшайдиган яна бир эркак эса қора печканинг устида чала иситилган кечаги овқатни еркан мардикор бозорига чиқиб 50-60 минглик иш топиш, ўша пулни ёнига пул қўшиб кўмир сотиб олиш ёки ун олиш ҳақидагина ўйлай олади, Маслоунинг бошқа эҳтиёждарини ўйлаш учун унда имкон йўқ... (Масалан, баҳорда қуриб ётган боғига жуда чиройли гуллайдиган пион гулини олиб келиш ҳақида ўйламайди-ку).

Ривожланмаётганимизнинг сабаби бешинчи зина билан олтинчи зинанинг ўртасида қолиб кетганимиз. Иссиқ уй, тайинли иш жой, оғир меҳнатдан қутулмас эканмиз, эстетик дидни ошириш, ўз устимизда ишлаш, санъатни уйғунлаштириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

25 йил олдин

Бундан 25 йил олдин мен мусофир эдим. Уйим йўқ, пулим йўқ, бошпанам йўқ эди. Ҳаттоки башоратчи Ванга келиб «агар сен 25 йилдан кейин уйинг бўлади аввал кичикроқ, кейин ҳовли сотиб оласан, ҳатто кийим-кечак, емоқ-ичмоқдан орттириб ҳовлингга гул экиш учун гул кўчатларини сотиб олишга пул сарфлай бошлайсан», деганида ҳеч ҳам ишонмаган бўлардим. Чунки менда у пайти фақат бир хоналигина, таъмирсиз бўлса ҳам уйим бўлишидан бошқа хаёл бўлмаган. Баъзида қишлоққа бориб аёлларнинг гарчи ери ва суви бўлса-да нега гулларни экишга креатив ёндошмаслигини, менинг гул уруғларини, гул кўчатларини сотиб олишимга ҳайратланиб қарашини тушунмасдим. Бугун эса англаганим шу бўлдики, мен ҳам агар қишлоқдан чиқиб кетмаганимда ҳовлимни гулзор қилиш билан эмас, қандай қилиб қишдан эсон-омон чиқиб олиш ҳақида ўйлаётган бўлармидим...

P.S: Яна бир ҳолат мени доим ўйлантирарди. Нимага бизнинг юртимизда ташландиқ, қаровсиз, оч-наҳор ҳайвонлар кўп ва ҳатто нон берсанг ҳам талашиб еб қўяди, хорижда ҳайвонларнинг олдига нон ташласанг, ҳатто қайрилиб ҳам қарамайди, кейин бизнинг кучуклардек агрессив эмас, деб ўйлардим. Гап ўша Маслоунинг яна пирамидаси бўйича ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, одамларимиз ҳамон беш ва олтинчи зинада муаллақ турибди. Пирамиданинг энг юқори ўзини ўзи кашф қилиш, ўзини ўзи ривожлантириш чўққисига етиб боришга эса йўл жуда узоқ, масофа жуда олис. Орада меҳр-муҳаббат зиналариниям босиб ўтиш керак...

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг