Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёвий давлатда барчанинг ҳуқуқлари бирдек ва сўзсиз таъминланади

Дунёвий давлатда барчанинг ҳуқуқлари бирдек ва сўзсиз таъминланади

Фото: «Xabar.uz»

Ҳар бир жамият ҳаётида фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, маънавий ҳуқуқлари, таълим олиш, сифатли тиббий ёрдам ва юридик ёрдам олиш ҳуқуқларини ҳамда шахсий ва сўз эркинликларини таъминлаш муҳим ҳисобланади. Бундай ҳуқуқлар фақатгина дунёвий давлатларда сўзсиз кафолатланади.

Шу ўринда, дунёвий давлат ёки дунёвийлик ўзи нима деган савол туғилади. Дунёвий давлат – бу бошқарувнинг барча бўғинларида диндан ҳоли бўлган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишда Конституция ва қонунларга асосланадиган, ҳар бир шахснинг эътиқод ва виждон эркинлигини дунёвий асосларда таъминлайдиган давлатдир. Дунёвийлик эса умуминсоний қадриятлар ва умуммиллий манфаатларга асосланган хулқ-атвор ва аҳлоқ меъёрларини ифодаловчи қарашлар тизими ҳисобланади.

Ўз навбатида мамлакатда адолатли меҳнат шароитлари яратилиши, илм-фан ривожланиши, технологик тараққиётнинг жадаллашиб бориши табиийки инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланганлиги билан боғлиқ.

Ўтмишга назар ташласак, давлатчилик тарихида дунёвийлик тамойиллари бўлмаган даврларда астроном, математик, механик, иқтисодчи олимларни таъқиб қилиш ҳолатлари кузатилган.

Жумладан, ерни қуёш атрофида айланиши назариясини аниқлаган Николай Коперник доимий равишда рухонийларнинг таъқиби остида бўлганлиги сабабли ўз тадқиқотларива кашфиётларини ошкора амалга ошира олмаган.

Яна бир мисол, табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино тиббиёт ва мусиқа илмлари бўйича тадқиқотлари мутаассиб диндорларнинг қаршилигига учраган. Шундай бўлсада, уни дунёвий илмларни қўллаб-қувватлаган ўша даврдаги ислом дунёсининг қудратли давлати бўлган Сомонийлар ҳукмдорлари муҳофаза қилган. Кейинчалик Сомонийлар давлатининг инқирозидан сўнг Ибн Сино Хоразмга, Ғазнавийлар босқинидан сўнг эса бир қанча муддат Эрон ва Хуросоннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонликда яшашга мажбур бўлган.

Ушбу тарихий воқеликлардан аёнки, жамиятнинг барча жабҳаларида юксалиш учун давлат бошқаруви дунёвийлик тамойилларига асосланиши ва унга амал қилиши тараққиёт калити эканлигини теран англамоғимиз лозим. Шунинг учун ҳам, бугунги кундаги энг долзарб аҳамиятга эга бўлган ушбу масалаларни барчага бирдек тушунтириб берадиган ва бир хилда талқин этиладиган расмий қоидалар ҳам керак.

Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг дунёвий давлатчилиги тамойилини ўзгармас қоида сифатида белгилаш ва шу билан бирга виждон эркинлигини тўла кафолатлаш, шунингдек, дунёвийликни демократия, суверенитет, ҳуқуқийлик ва ижтимоийлик баробарида Ўзбекистон миллий давлатчилигининг асоси сифатида қарор топтириш зарурати намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатлари ўз конституцияси ёки қонунларида давлатнинг дунёвий мақоми расман белгилаб қўйилган. Шу билан бирга диний давлат ҳисобланадиган ёки бирор динни расмий давлат дини сифатида эътироф этишига қарамасдан Англия, Шотландия, Финландия, Канада каби давлатлар бошқаруви дунёвийликка асосланади.

Янги Ўзбекистоннинг дунёвий давлат сифатидаги мақоми Конституция даражасида белгиланиши давлатнинг дунёвийликка асосланган қонун-қоидалар асосида бошқарилишини англатади. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонунларимиз ҳам дунёвийликка асосланади. Шу билан бирга, давлат бошқарувидада умуминсоний умуммиллий ва диний қадриятлар бирдек ҳурмат қилинади.

Дунёвийлик аслида нима? Лўнда қилиб айтганда, дунёвийлик ҳар бир шахснинг ўз фикрини эркини ифодалай олиши, жамиятда барчага миллати, ирқи, тили, дини ва эътиқодидан қатъий назар ижтимоий адолатнинг бир хилда таъминланиши, ҳуқуқ ва эркинликлар, тинчлик ва хавфсизликнинг давлат томонидан кафолатланганлигидир.

Виждон ва эътиқод эркинлигини таъминланиши бу, давлат томонидан фуқароларнинг бирор бир динга эътиқод қилиши ёки қилмаслигибилан боғлиқ бўлган ёҳуд, турли диний-конфессиявий ташкилотлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳурмат ва муроса ўрнатилишига эришишдир. Қолаверса, ижтимоий муносабатларда зиддиятлар ва қарама-қаршиликларнинг кескинлашувига, турли дин ва конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга, ақидапарастлик ва диний экстремизмнм тарғиб этишга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Ўз навбатида диний ташкилотлар зиммасига давлатнинг бирор-бир вазифалари ёки уларни бажаришга йўл қўйилмайди,шу билан бирга, давлат ҳам диний ташкилотларнинг қонунчиликка зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди ва уларнинг фаолиятини молиялаштирмайди. Шунингдек, динга эътиқод қилувчилар ва қилмайдиганлар ўртасида айирмачилик ёки турли камситилишларга йўл қўймайди. Шундай экан, дунёвий давлат диний бағрикенглик тамойилларини, ҳар бир дин вакилларининг эркин эътиқод қилиш ҳуқуқларини кафолатлаб берувчи бош мезондир.

Таъкидлаш лозимки, давлат бошқарувининг дунёвийлиги қуйидагилар асосида таъминланади:

Биринчидан, умумжамият манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган қонунлар  асосида амалга оширилади. Бунда маълум бир доирадаги диний, миллий ёки этник гуруҳларнинг манфаатларини ифодаловчи алоҳида тартиб-қоидалар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

Иккинчидан, сиёсий партиялар ҳеч қандай диний белгиларга эга бўлмайди. Уларнинг дастурларида маълум диний мафкура ва ғоялар акс эттирилмайди. Шахснинг диний эътиқодидан келиб чиқиб сиёсий партияларга аъзоликни чеклаш ёки бу борада устуворлик бериш ман этилади.

Шунингдек, мамлакатимизда диний руҳдаги сиёсий партияларни тузиш ман этилади. Кўплаб мамлакатларнинг аччиқ тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, диний руҳдаги партиялар мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга, миллий бирдамликка раҳна солган ҳолда оғир оқибатларни келтириб чиқарувчи турли низоларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, диний ташкилотлар сайлов жараёнларига жалб этилмайди. Диний-конфессиявий бирлашмаларнинг хизматчиларини Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлишига йўл қўйилмайди. Сайловларда холислик ва диний бетарафликни таъминлаш мақсадида уларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши таъқиқланади.

Шунингдек, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

Тўртинчидан, давлат хизматчилари хизмат фаолиятида дунёвий қадриятларга асосланади.

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат Конституция ва  қонунларга мувофиқ шакллантирилган расмий судлар томонидан амалга оширилади. Судлар ўз фаолиятини фақат Конституция ва қонунлар асосида амалга оширадилар. Диний нормалар асосида суд ҳужжатлари қабул қилинмайди. Диний судлар фаолиятига йўл қўйилмайди.

Бешинчидан, давлат хизмати учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш дунёвий қадриятлар асосида амалга оширилади.

Фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи, уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, таъминланади.Таълим муассасалари диндан ҳоли тарзда фаолиятини олиб боради. Диний таълим муассасаларидан бошқа барча таълим дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Умуман олганда, дунёвий давлатда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади, барча динлар бирдек ҳурмат қилинади, давлат бошқаруви диний асослар ва нормалардан ажратилади, аммо жамият диндан ажратилмайди. Қисқа қилиб айтганда, эътиқод эркинлигини таъминланиши фақатгина дунёвий давлатларда кафолатланади.

Дунёвий давлатда умумжамият манфаатлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жамият манфаатлари индивидуал манфаатлардан устун ҳисобланади. Шу билан бирга, шахсий макон ва жамоавий маконда барчанинг ҳуқуқлари кафолатли таъминлади, уларни қонунда белгиланганидан бошқа ҳолатларда бирор-бир чекланишига йўл қўйилмайди.

Шу сабабли, Ўзбекистонда ҳам дунёвийлик қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш учун ягона ёндашув ва қоидаларни расмий ҳужжатларда белгилаш, ушбу соҳадаги муносабатларни аниқ ва тўғри тартибга солиш жуда муҳим ҳамда бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади.

Фарҳод Примов, Юридик фанлари доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг


    Изоҳлар мавжуд эмас