Довулми ё денгиз қамали? Венесуэла қирғоқларига АҚШнинг 8 та кемаси яқинлашди
АҚШнинг қирғоқ мудофааси ихтиёридаги турли тоифадаги 8 та кема бугун, 30 август куни Венесуэла соҳилларига яқин кўрфазда тўпланди. Улар билан изма-из «USNS Comfort» госпиталь кемаси ҳам етиб келди, деб ёзмоқда «EurAsia Daily». Экспертларнинг назарида, агарда минтақада биронта «инсонпарварлик миссияси» режалаштирилмаган бўлса, америкаликлар Венесуэлани денгиздан қамал қилишга киришган бўлишлари эҳтимолдан йироқ эмас. Аммо бошқа сабаб ҳам бор...
Воқеалар ривожидан шу хулоса чиқади-да: кечагина, 29 август куни АҚШнинг Венесуэла бўйича махсус вакили Эллиотт Абрамс журналистларга Венесуэланинг амалдаги президенти Николас Мадуро ўз ихтиёри билан истеъфога чиқмоқчи эмаслигини маълум қилди: «Афсуски, мен Мадуронинг истеъфога кетишини далилловчи бирон нарса кўрмаяпман».
Абрамс айтдики, Оқ уй яқин ойларда Европа иттифоқи ҳам Венесуэлага қарши санкциялар киритишидан жуда умидвор, шунинг баробарида Қўшма Штатларнинг ўзи Каракасга босимни янада кучайтиради.
Мадуро ҳукумати ҳозир «Роснефть» (Россия давлат корпорацияси)нинг молиявий мададига таяниб қолган. Абрамснинг таъкидлашича, айни пайтда Венесуэла нефтини сотиб олиш ва қайта сотиш бўйича «Роснефть» операциялари АҚШ санкцияларини бузиш ҳисобланмайди.
«Оператив линия» ёзишича, Американинг «довул овловчилари» — «WP-3D», «Golfstream-IV» ҳамда «WC-130» самолётлари тобора куч йиғаётган «Дориан» довули суръатини ўрганиш учун Жанубий Америка қирғоқбўйи ҳудудларини фаол мониторинг қилиш билан банд.
«Вазиятдан фойдаланиб, «биз довулдан қўрқдик» ниқоби остида бирваракайига саккизта Америка қирғоқбўйи мудофааси кемаси Кюрасао ороли (Кариб денгизи жанубида, Венесуэлага яқин жойлашган) кўрфазига кириб олди, уларнинг ортидан АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг госпиталь кемаси лангар ташлади, деб ёзишмоқда оператив линиячилар. Уларнинг фикрича, воқеаларнинг бундай ривожи ё денгиз қамали бошланаётганидан ёинки минтақада аллақандай «инсонпарварлик миссияси» ўтказилаётганидан далолат беради.
«АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари зудлик билан уларни «ҳар эҳтимолга қарши» ҳаводан қўллашга етиб келганига-ку, энди тўхталиб ҳам ўтирмаймиз», — қўшимча қилинади «Оператив линия» хабарида.
Николас Мадуро унинг рухсати билан венесуэлалик амалдорлар бир неча ойлардан бери АҚШ вакиллари билан музокара ўтказиб келаётганини ўтган ҳафта маълум қилганди.
Довулга қайтадиган бўлсак, у Барбадос томондан келяпти, ушбу минтақада жойлашган мамлакатлар ҳукуматлари аҳолини огоҳ бўлишга ва фуқаро мудофааси кучлари кўрсатмаларига риоя этишга чақирган.
Айни шу табиий офатни деб АҚШ президенти Польшага ташрифини қолдириб, довул чоғи барча хизматларни шахсан назорат қилишини билдирганди. Келаётган дам олиш кунлари «Дориан» Флорида штатининг марказий қисмига ёпирилиши кутилмоқда. Синоптикларнинг хабарларига кўра, АҚШнинг атлантик соҳилларига душанба, 2 сентябрь куни, 4-даражагачага хавфлиликда етиб боради.
Кузатамиз, бу довулми ё денгиз қамалими — воқеалар ривожи кўрсатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter