Депутат Расул Кушербаев судга чақирилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «янгийўллик тадбиркор иши» бўйича судда қўшимча гувоҳ сифатида сўроқ қилингани айтилмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Абураҳмон Ташанов фейсбукдаги саҳфасида маълум қилди.
У аввалги постларидан бирида фаол депутат Расул Кушербаевнинг бошида қора булутлар айлана бошлагани ҳақида ёзганини, ўшанда янгийўллик тадбиркорнинг ҳибсга олингани ва унинг депутатга қарши кўрсатма беришга мажбурлангани ҳақида баён этганини билдиради.
Қайд этишича, бугунги кунда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани судида ўша тадбиркор Жавоҳир Зокиржонов устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда.
«Кеча ана шу судда Расул Кушербаев ҳам қўшимча гувоҳ сифатида сўралди, судга маҳаллий нашрлар, хорижий радиоларнинг мухбирлари келишди.
Маълум бўлишича, Расул Кушербаев аввалги постим ортидан кўтарилган ажиотаж ортидан Бош прокуратурада сўралган, иш бўйича текширув ўтказилган. Сўнг Бош прокуратура Расул Кушербаевнинг депутатлик фаолиятида босимларга учраётгани хусусида бир қулоч раддия берганди.
Суд жараёнида депутат Бош прокуратурадаги суҳбатлар жараёнини айтиб берди», деб ёзади ҳуқуқ фаоли.
Абураҳмон Ташанов ўз постини: «Энди нима бўлади? Аввал ёзганимиздек, депутатнинг бошига яна «қора булут»лар келадими? Яна «келишув» бўладими ёки тадбиркорга нисбатан туҳмат бўйича иш қўзғатиладими? Жуда кам эҳтимол билан Кушербаевга қарши парда ортидаги корчалонлар жазоланадими?» каби саволлар билан якунлаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун Бош прокуратура янгийўллик тадбиркор мурожаати бўйича баёнот берганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter