Чирчиқда боғча боласини ҳожатхонага қамаб қўйган «опа» ишдан бўшатилди
Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида содир бўлгани айтилган боғча боласининг ҳожатхонага қамаб қўйилгани ҳолати акс этган видеотасвир тарқалди.
Болалар омбудсмани мазкур ҳолатнинг назоратга олинганини билдириб, воқеанинг айрим тафсилотларини маълум қилди.
Аниқланишича, воқеа Чирчиқ шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида 8 феврал куни содир бўлган. Боғча тарбиячиси оилавий сабабларга кўра асабий ҳолатда бўлганлиги туфайли тушлик пайтида ухлай олмай йиғлаётган болага бир неча бор қаттиқ бақириб, сўнг болани уриб хожатхонага қамаб қўйган.
Ҳозирда мазкур тарбиячи Меҳнат кодексининг 161-моддасининг 5-банди (ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш) асосида лавозимидан озод этилган.
«Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда ва тарбиячининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Тарбиячи томонидан бу тарздаги жазо усули қўлланиши боланинг манфаатларига мутлақо зид. Унинг руҳий-эмоционал соғлигига, шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи бундай ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас.
Болалар омбудсмани мазкур факт бўйича боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз кузатувини қатъий давом эттиради», – дейилади ташкилот муносабатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter