Бугун Европада қўшнилар куни
Қўшнилар нафақат инсонларда, балки ҳайвонларда, мамлакатларда, планеталарда бор. Қўшничилик минг йилчилик, дейишади. Инсонлар бир-бири билан қўшни эканлигини унутмаслиги учун 2004 йил Парижда янги байрам – Европа қўшнилар куни таъсис этилди. Бу байрам ҳар йили май ойининг охирги жума кунида нишонланади. Демак бугун Европада ушбу байрам нишонланмоқда. Байрамга француз фуқароси Aтанасе Перифан асос солган. У 1999 йилда ўз дўстлари билан Парижнинг 17 округида «Paris d`Amis» ассоциациясини тузди. Бу ассоциациянинг мақсади ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, инсонларнинг яккаланиб қолинишининг олдини олишдан иборат бўлган. Ассоциациянинг иштирокчилари қийин аҳволга тушиб қолган, шароити оғир, кам таъминланган қўшниларга кийим-кечаклар, озиқ-овқатлар ва маблағ йиғиб ёрдам беришган, иш топиб беришда ҳам кўмаклашишган.
Гарчи байрам Европа қўшнилар куни деб номлансада, йилдан йилга бу кунни бошқа мамлакатларда кенг нишонлайдиганлар сафи кўпаймоқда. Яъни қўшнилар, 1450 та ҳамкор шаҳарлар Европа чегараларини «кесиб ўтмоқда»– 49 мамлакатдан 30 миллиондан ортиқ иштирокчи қатнашади.
Байрам қандай нишонланади?
Иштирок этувчилар қўшнилари билан зиёфат уюштиришади, яъни боғда, ҳовлида, маҳаллий жамоат залида ва ҳ.к. Айнан шу байрам муносабати билан ҳатто бир-бирини билмайдиган қўшнилар яқиндан танишиб оладилар. Қўшнилар бир-бирларига совға-салом улашади, меҳмон бўлишади, ширинликлар ва тансиқ таомларни илинишади, худди бизнинг ҳайит байрамларимиздагидек.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter