Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бой мамлакатни ҳам бир зумда қашшоқлаштириб қўйиш мумкин

Бой мамлакатни ҳам бир зумда қашшоқлаштириб қўйиш мумкин

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўзининг телеграмдаги каналида Венесуэлада содир бўлаётган сўнгги воқеалар барча ҳукуматларнинг хатарли иқтисодий ишлари учун ўрнак бўлиши лозимлиги ҳақида пост қолдирди. Шундай бой мамлакатни ҳам бир зумда қашшоқлаштириб қўйиш мумкин, деб ёзади у.

Уго Чавес ҳукумат тепасига келиши билан барча  компанияларни миллийлаштириб, давлат тасарруфига олган. Асосий мақсад — даромадларни тенглаштириш эди ва капиталист «муттаҳамлардан» венесуэлаликларнинг «бойликларини» олиб қўйиб, тенг ва адолатли тарқатиш эди.

Бундан ташқари, унда нефтдан озод саноат қуриш режаси ҳам бор эди. Ўзи, тўғриси, Венесуэланинг нефть компанияси (Petróleos de Venezuela) 1976 йилда давлатга ўтган эди, лекин давлатники бўлишига қарамасдан, ҳукуматдан анча мустақил қарорлар қабул қилинарди. Чавеснинг платформаси буни тўхтатиш эди, компаниялар давлатга хизмат қилиши керак важида ҳокимият тепасига чиқди.

Ҳокимиятга келиши билан эски нефть компаниясининг 18 000 нафар профессионал ишчиларини ҳайдаб, ўрнига ўзига содиқ, лекин ишни билмайдиган ходимларни қўйди. Кутилганидек, Чавес келганидан сўнг, нефть ишлаб чиқариш 1999 йилдан 2013 йилгача 25 фоизга камайди, чунки давлатнинг нефть компанияси истеъмолчилар эҳтиёжидан кўра, сиёсатга асосланган қарорларни қабул қилди (пора олиш билан ҳам шуғулланди) ва натижада ишлаб чиқариш пасайиб кетди.

Нефть 1998 йили Венесуэла экспортининг 77 фоизни ташкил этган эди, 2011 йилга келиб бу рақам 96 фоизга етди. Нефть қазиб олиш пасайиб кетганига қарамасдан, экспортдаги улуши тобора ўсиб борди, чунки мамлакатда бошқа ҳеч нарса ишлаб чиқаришнинг иложи қолмади.

Саноатни миллийлаштирганидан сўнг эса ишлаб чиқариш 1965 йилги даражаларга тушиб кетди. Электрни миллийлаштириш эса тармоқдаги узилиларга олиб келди. Давлатнинг супермаркет ва фермер хўжаликларини эгаллаши озиқ-овқат етишмовчилигини ва кейинчалик эса очарчиликни келтириб чиқарди. Товарларга нарх белгилаб бериш эса тадбиркор ва фермерлардан ишлаб чиқаришга рағбатни ўлдирди. Бунга жавобан Чавес имкониятлари даражасидан пастроқ ишлаб чиқарадиган корхоналар устидан текширувлар уюштирди, бу нарса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупциялашишига олиб келдию, лекин ишлаб чиқариш кўпайиб қолмади, албатта. Шундай қилиб, бутун мамлакат бугунги кундаги очарчиликка келиб қолишди.

Қайта айтиб ўтаман, Венесуэлада Саудия Арабистондан ҳам кўпроқ нефть бор, аҳолиси эса деярлик тенг. Бу даражада кўп табий бойликларга эга бўлган мамлакатнинг аҳолиси очарчиликдан қийналиши ҳеч гап эмас экан ва бунга ақлсиз иқтисодий сиёсат кифоя экан.

Венесуэланинг азоб-уқубатларидан нефтни инқирозга олиб келганликда айблайдиган шарҳловчилар, нефтга қарам бўлган бошқа давлатлар нима учун инқирозга юз тутмаганини тушунтиришлари керак. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Венесуэлага қараганда камида саккиз мамлакат кўпроқ нефтга таянади. Уларнинг барчасида 2013-2017 йилларда иқтисоди ўсган. Агар Венесуэла, масалан Чили каби ўз халқига иқтисодий эркинликни таъминлаб берганида эди, одамлар кўчаларда оч қолишмас эди, деб ёзади иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг