Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бўм-бўш уйлар мамлакати»: нега японлар мерос қолган уйлардан воз кечишмоқда? 

«Бўм-бўш уйлар мамлакати»: нега японлар мерос қолган уйлардан воз кечишмоқда? 

Фото: Novate.ru

Япония бўм-бўш ётган (яшалмайдиган) уйлар мамлакатига айланмоқда, ҳозирда бундай уйларнинг жами уйларга нисбати 14 фоизга етди, рақамлар бундан-да каттароқ бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Номура тадқиқотлар институти ўрганишларига қараганда, Кунчиқар юртда яшалмайдиган уйлар сони 11 миллионта атрофида ва кейинги ўн йилликда уларнинг жами уйларга нисбати 30 фоизгача етиши кутиляпти.

Ҳукумат 30 апрелда эълон қилган маълумотларда кўрсатилишича, бўш ётган уйлар сони охирги марта сўров ўтказилган 2018 йилдан 2023 йилнинг октябрига қадар, яъни беш йил ичида ярим миллионтадан кўпроққа ошган.

Муаммонинг илдизи қишлоқ туманларининг урфдан қолаётганида, қишлоқларда кўчмас мулкни мерос қилиб олган аксарият кишилар келиб яшашни хоҳлашмайди ёки бу ерда истиқомат қилиш, уйни таъмирлаш, бузиб ташлаш имконига эга эмас. Шаҳар туманларида ҳам анчадан буён юз минглаб уйлар ҳувиллаб ётибди.

Ўрганилган бўш ётган уйларнинг 4,4 миллионтаси ижарага қўйилган, аммо асосий аҳоли масканларидан олислиги учун, уларнинг ҳам кўпи узоқ вақт қаровсиз ётади. 3,8 миллионта бўш уй қайси тоифага кириши ҳам номаълум, фақат 330 мингта уй сотувга қўйилгани маълум, холос.

Японияда уй-жой қурилган ерларга қараганда, фойдаланилмай ётган ерларга солинадиган солиқлар миқдори анча юқори. Шу боис эски уйларни бузиб ташлаш кўпларга ортиқча даҳмаза, ҳатто айрим японлар мерос қолган кўчмас мулкни олишдан бош тортишмоқда — ортиқча ташвиш, ортиқча харажат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг