Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болаларни зўравонликдан асрашда уларга ҳам ҳимоя ордери бериш режалаштириляпти

Болаларни зўравонликдан асрашда уларга ҳам ҳимоя ордери бериш режалаштириляпти

Адлия вазирлиги «Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Мазкур қонун лойиҳасига кўра, жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ҳамда буллинг болаларга нисбатан зўравонлик шакллари ҳисобланади. Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини содир этиш тақиқланади ҳамда қонунга биноан таъқиб қилинади.

Давлат болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шу жумладан бола ва унинг оиласини қўллаб-қувватлаш, болаларга нисбатан ва улар ўртасида зўравонликни аниқлаш ҳамда олдини олиш учун зарур бўлган самарали механизмларни яратади, зўравонликнинг ҳар қандай шакли ҳақида хабар бериш, ушбу фактларни текшириш, жавобгарлик муқаррарлиги, зўравонликдан жабрланувчиларни реабилитация қилиниши ва уларнинг ҳуқуқлари тикланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлайди.

Шунингдек, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг қуйидаги умумий чора-тадбирлари белгиланмоқда:

  • ҳимоя ордерини бериш;
  • зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
  • зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар оилаларини мустаҳкамлаш ва қўллаб қувватлаш;
  • болани ота-онадан (уларнинг ўрнини босувчи шахслардан) ёки уларнинг биридан, ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиш;
  • зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш;
  • жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш.

Болаларни зўравонлик қурбони деб топишга унинг мурожаати, учинчи шахсларнинг хабарлари, зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг тегишли давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, ОАВ, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлар хабарлари ҳамда давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган маълумотлар асос бўлади.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон қонунчилигида зўравонликдан жабр кўрган аёлларга ҳимоя ордери бериш амалиёти мавжуд.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг