Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Боладан алоҳида яшаётган ота(она)ларга қўшимча мажбурият юкланиши мумкин

Боладан алоҳида яшаётган ота(она)ларга қўшимча мажбурият юкланиши мумкин

Оила кодесига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришларга кўра, келгусида боладан алоҳида яшаётган ота(она)ларга янги мажбурият юкланиши мумкин.

Гап шундаки, тегишли қонун лойиҳасига кўра, мазкур кодекснинг 76-моддаси (Боладан алоҳида яшаётган ота(она)нинг ота-оналик ҳуқуқини амалга ошириши) биринчи қисмидаги «қатнашиш ҳуқуқига эга» жумласи «қатнашишга мажбур» тарзида ўзгартирилади.

Яъни, ота ёки оналар «боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга ҳамда унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашишга мажбур» қилинади.

Қайд этилишича, халқаро тажрибада, жумладан, Беларусь давлати Оила кодексининг 77-моддасида фарзандларидан алоҳида яшовчи ота-она улар билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга ва уларни тарбиялашда иштирок этишга мажбурдирлар, деб белгиланган.

Худди шу қоида Тожикистон Республикаси Оила кодексининг 66-моддасида фарзанддан алоҳида яшовчи ота-она бола билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга ва уни тарбиялашда, боланинг таълим олиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда иштирок этишга мажбурдир, деган норма мустаҳкамлаб қўйилган.

Мазкур тартиб-таомиллар боладан алоҳида яшаётган ота(она)га ҳуқуқ тақдим этиш эмас, балки мажбурият юклашлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг