Бир қатор муҳим маҳсулотларга нисбатан ҚҚС имтиёзи узайтирилди
ҚҚС бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Унга кўра 2021 йил 1 майдан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.
Шунингдек, 2021 йил 10 октябрдан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу қонунни қабул килиш Давлат бюджетининг 800,0 млрл. cўм атрофида даромадлари йўқолишига олиб келади. Йўқотилган суммани солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, шунингдек, алоҳида имтиёзларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳисобига қоплаш кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, гўшт, балиқ ва картошка ҚҚСдан озод этилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter