Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бекободлик оилада 4 эгизак туғилди, 7 йил фарзанд кутган тошкентлик оила бир йўла уч фарзандли бўлди

Бекободлик оилада 4 эгизак туғилди, 7 йил фарзанд кутган тошкентлик оила бир йўла уч фарзандли бўлди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи Жўраевлар хонадонида бир йўла 4 нафар эгизак фарзанд дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. 

Ўтган йили турмуш қурган Шоира Жўраева Бекобод шаҳридаги фармацевтика заводида кичик ходим, Бекзод Жўраев эса Ўзбекистон металлургия комбинатида инженер бўлиб ишлайди.

— Шоира Жўраева ҳомиладорликнинг бошланишидан турар жойидаги тиббиёт муассасасида назоратга олинган, — дейди марказнинг ҳомиладорлар патологияси бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Дилфуза Ҳайитова. — Унда эрта туғуруқ хавфи бўлгани учун август ойининг охирида Бекобод шаҳридан марказга ўтказилди. То туғуруққача унга замонавий перенатал технологиялар бўйича барча ёрдам кўрсатилди. Шифокорларнинг тажрибаси сабаб эрта туғуруқнинг олди олиниб, туғуруқни 34 ҳафтага олиб боришга эришилди. Болаларни соғ-саломат она қўлига топшириш чора-тадбирларини белгилаш мақсадида одатдагидек марказ директори, ўринбосари ҳамда барча мутахассислар иштирокида туғуруқ режаси тузилди: жараён учун барча замонавий аппаратлар шай ҳолатга келтирилиб, 21 сентябрь куни аёл жарроҳлиқ амалиётига режали равишда олинди.

Шу тариқа акушер гинеколог, неанотолог, реаниматолог, анистезиолог каби мутахассислардан таркиб топган ўн кишидан иборат малакали гуруҳ операцияда иштирок этди. Туғуруқнинг асоратсиз ўтиши учун жарроҳлиқ амалиёти сўнгги перенатал технологиялар бўйича олиб борилди. Салкам бир соат давом этган жараёнда барча ходимлар бирдек жонбозлик кўрсатди. Операция муваффақиятли кечди. Ҳозирда чақалоқларнинг уч нафари интенсив болалар бўлимида. Бир нафарининг аҳволи эътиборталаб бўлгани учун чақалоқлар реанимацияси бўлимида кузатув ва интенсиз даволаш жараёнида.

Онанинг аҳволи анча яхши. У операция столидаёқ тўрт нафар боласи, яъни икки нафар ўғил ва икки нафар қизалоқни бағрига олди. Болаларни парваришлашда бевосита ўзи иштирок этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Шунингдек, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Жавдат ва Умида Мамадиевлар оиласи 7 йилдан буён фарзанд кутаётган эди. Сабрнинг меваси сифатида бир эмас, 3 нафар фарзанд, яъни бир ўғил ва икки қизалоқ ота-она бағрини тўлдирди. Умида Мамадиева ҳам Республика Перенатал марказида режали равишда туғуруққа тайёрланди. Тўлиқ таркибдаги гуруҳ иш олиб борди. Ҳозирда болаларнинг аҳволи яхши. Она болалар парвариши билан машғул.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг