Бекободда деҳқон бозори ёнди
Бугун эрта тонгда Бекободдаги деҳқон бозорида ёнғин юзага келди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бериб ўтди.
2019 йилнинг 9 август куни соат 04 дан 55 дақиқа ўтганда, Тошкент вилояти ФВБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига, Бекобод шаҳар, Ўзбекистон кўчасида жойлашган «Бекобод деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги савдо дўконларида ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар тушган.
Кўрсатилган манзилга, соат 04 дан 56 дақиқа ўтганда Тошкент вилояти гарнизонидан жами 4 та ёнғин ўчириш автоэкипажлари йўналтирилган. Биринчи ёнғин ўчириш бўлинмалари воқеа жойига соат 05 дан 00 дақиқа ўтганда етиб борган вақтда, савдо дўконлари очиқ аланга билан ёнаётгани аниқланган.
Ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 05 дан 07 дақиқа ўтганда қуршаб олиниб, соат 05 дан 25 дақиқа ўтганда тўлиқ бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин оқибатида, «Бекобод деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги озиқ-овқат павильонидаги 22 та савдо дўконларидан 6 тасининг шифти, том қисми ҳамда ички жиҳозлари жами 60 кв.метр майдонда ёниб зарарланган.
Ёнғиндан 768 кв.метр майдондаги 16 та савдо дўконлари сақлаб қолинган. Ёнғин сабаби дўконларнинг электр тизимида юзага келган авария ҳолатидан, деб тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter