Автосаноатга салбий қарашлар қачон ўзгаради? Италиядаги магистрант билан суҳбат
«Хориждаги ватандошлар»нинг бу галги суҳбатдоши Италиянинг Турин политехника университети магистранти Бекзод Абдумаликов. У «Автоматик инжиниринг» мутахассислиги бўйича таҳсил олади. Бакалавр босқичини Андижон машинасозлик институтида тамомлаган.
У билан суҳбатимиз Турин университети, олий таълимдаги муаммолар, Италия тажрибаси ва ишга кириш учун диплом баҳоларининг аҳамияти мавзуларида кечди.
«Бакалаврдаги билимларим ўзим учун камдек туюлди...»
«Автоматик инжиниринг» йўналишини танлашимга сабаблар кўп. Асосий сабаб 2019 йил бакалавр босқичини Андижон машинасозлик институтида тамомлаганим бўлган. Ўша вақт бакалаврдаги билимларим ўзим учун камдек туюлди ва соҳам бўйича билимларимни янада ошириш истаги уйғонди. Натижада магистратурада таҳсилни давом эттириш учун кўплаб хорижий университетларга ҳужжат топшира бошладим.
Шу орада «ЎзАвтосаноат» ва Тошкент Турин политехника университети эълон қилган грант ҳақида хабар топдим ва имкониятимни синаб кўриш мақсадида унга ҳам ҳужжат топширдим. Ушбу грант Италиядаги нуфузли Турин политехника университети билан қўшма таълим дастури ҳисобланиб, «Автоматик инжиниринг» йўналишида магистратура босқичининг барча харажатларини қоплаган ҳолда ўқиш имкониятини берар эди. Омадим келиб, 8 нафар грант ютган талабалар қаторида ҳозир Италияда таҳсилни давом эттиряпман.
Турин политехника университети Италиядаги қадимий университетлардан бири. 1859 йил ташкил топган. Университетда ҳозир қарийб 35 700 нафар талаба таҳсил олади.
QS World University Ranking бўйича 348-ўрин, инжиниринг ва технология бўйича 41-ўринда туради. Университетда 28 та бакалавриат йўналиши, 32 та магистратура мутахассислиги ва 24 та докторантура дастурлари бор.
Университет магистратура битирувчиларининг 92 фоизи тамомлаган йилни ўзида иш билан таъминланади.
«Соҳа ривожланишига тўсиқлар ҳам мавжуд...»
Мамлакатимиз машинасозлик соҳасида йилдан йилга ижобий ўзгаришлар рўй беряпти. Аммо соҳа ривожланишига тўсиқлар ҳам мавжуд. Масалан, соҳадаги таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграцияси яхши эмас.
Яъни, олий таълимда ўқитилган фанлар, хусусан назарий билимларимиз ишлаб чиқариш билан мос келавермайди. Аниқроғи, таълимдаги маълумотлар анчайин эски. Талабалар амалиётлари номигагина қоғозбозлик учун бўлади. Йилда 1 - 2 марта заводларга олиб боришса ҳам шунчаки экскурция кўринишида ўтиб кетади. Агарда ишлаб чиқариш билан таълим ўртасидаги мазкур муаммолар ҳал бўлса, соҳа ривожида анчайин ижобий ўзгаришларга эришамиз.
«Ўқув биноси заводнинг марказида жойлашган...»
Италия машинасозлик соҳасида бутун Европага намуна бўла олади. Бунга биргина ҳозир мен ўқиётган Турин университетида Европа иттифоқи таркибидаги давлатлардан келиб таълим олаётган қарийб 15 000 талабани мисол қилиш мумкин.
Ўзбекистонда жорий этилиши керак бўлган тажрибага келадиган бўлсак, бу ерда ишлаб чиқариш ва таълим узвий боғлиқ. Жумладан, мен таҳсил олаётган «Автоматик инжиниринг» факультети ўқув биноси Fiat Chrysler автомобил заводининг марказида жойлашган. Ушбу заводни ўзида Jeep, Alfa Romeo, Fiat, Lanсia машиналари ишлаб чиқарилади. Талабаларга ишлаб чиқариш атмосферасида дарслар ўтилади ва дарсларда олинган назарий билимларни амалиётда қўллаш бўйича ҳам ўқув биносини ўзида барча зарур шароитлар яратилган.
Яна бир муҳим масалалардан бири ОТМларни тезроқ кредит тизимига ўтказишимиз керак. Тан олиш жоиз, бизда ўқишга киришдан кўра, олийгоҳни битириш осон.
Ривожланган давлатлар сингари юртимизда олий таълимга киришни осон, лекин битиришни қийин қилинса, ҳар бир талаба ўз устида ишлашга мажбур бўлади. Натижада билимли мутахассислар кўпаяди.
Ҳозир 1-курсга ўқишга кирган талаба биринчи семестерни катта иштиёқ билан ўқийди. Имтиҳонлардан кейин тушунадики, ўқимасдан ҳам битира олади, яъни таниш-билиш, коррупция билан ёпиб оламан деган фикр пайдо бўлади. Шунақа қилиб битириб чиққан талабалар заводларга бориб албатта тўғри ва ҳалол ишлай олмайди.
Халқимизда чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин деган ажойиб ибора бор. Лекин амалий жиҳатдан кўп соҳаларда бунинг тескарисини кўриш мумкин. Умуман ҳар бир соҳани ўзининг усталари қиладиган бўлса барча соҳа бирдек ривожланишига ишонаман.
Мисол учун, Италияга келиб ҳавасимни келтирган ҳолат бу ерда ҳар бир касбни ўзининг устаси бажариши бўлган. Яъни, мамлакатда мутахассислик дипломига қараб ишга олинади. Ҳатто мактабларга ўқитувчи бўлиб ишга кириш учун диплом баҳоларингиз 85% дан юқори бўлиши лозим.
«Юртимизда машинасозлик бўйича тажриба мавжуд...»
Университетни тамомлаб, албатта, Ўзбекистонга қайтаман. Юртимизда машинасозлик бўйича тажриба мавжуд, агар мен каби ёш мутахассислар ушбу тажрибалар билан бир қаторда янги моделлар яратиш ва машиналаримиз сифатини ошириш устида иш олиб борсак, нафақат соҳани ривожлантиришга эришамиз, балки одамларнинг ҳозирги салбий қарашларини ҳам ўзгартира олган бўламиз.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter