«Автомобиль ҳамма учун ва хоҳлаган пайтда эриша оладиган масала бўлиши керак эмас» – Алишер Қодиров
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг айтишича, қанча ҳаракат қилинишидан қатъи назар хусусий транспорт мақомини ҳал қилмай туриб жамоат транспортини ривожлантириш бўйича кўзлаган мақсадга етиб бўлмайди.
«Ўзбекистонда сўнгги 10 йил ичида хусусий транспорт беш баробарга кўпайганини ҳисобга оладиган бўлсак – бу катта бир таҳдидга айланишни бошлади. Биз ҳали Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) протоколига уйғунлашишни бошлаганимиз йўқ ҳали. Эртага ЖСТнинг платформасига киргандан кейин машиналар яна ҳам имкониятли бўлади ва Ўзбекистондаги бугунги тирбандлик масаласи аниқ иқтисодиётнинг, жамоатчилик ҳаракатининг катта бир муаммосига айланади. Ҳозироқ ўзи муаммога айланди», – дейди Алишер Қодиров.
Спикер ўринбосари бу каби ҳолатнинг олдини олиш учун Хитой ва Сингапур тажрибасини мисол қилиб келтирди.
«У ерда ҳам автомашинани сотиб олиш қийин эмас, нархини ўзи белгилаб ололмайди, чунки Жаҳон савдо ташкилотининг талаблари бор. Лекин автомобилга хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хизматлар жудаям қиммат ҳисобланади. «Парковка» бўлсин ёки солиқлар жорий қилиш орқали, пуллик йўллар орқали – автомобилни сотиб олиш осон, лекин ундан фойдаланиш қимматга айланган. Сингапурда ҳам худди шундай. У ерда ҳам хусусий транспортдан фойдаланишни қиммат қилиш ҳисобига тирбандлик муаммоси ҳал қилинган», – дейди Қодиров.
Депутат Ўзбекистонни ҳам яқин 5-6 йил ичида худди шундай жуда катта муаммо кутаётганини ҳисобга олиб, транспорт вазирига транспортни ривожлантириш концепциясида айнан шу масалаларга ҳозирдан эътибор беришни, хусусий транспортнинг мақоми бўйича жиддий таклифлар тайёрлашни таклиф қилди.
Қодировга кўра, жамоат транспортини қулайлаштириш орқали бу муаммога ечим топиш мумкин. Шунинг баробарида у “хусусий транспорт ҳамма учун ва хоҳлаган пайтда эриша оладиган масала бўлиши керак эмас” деган фикрни илгари сурган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter