Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Амир Темур ҳақида француз китоблари

Амир Темур ҳақида француз китоблари

«Гумбаз остидаги асосий хонага қадам қўйдик. У ерда номи жаҳонга машҳур Фотиҳ – Темурнинг қабри турарди. Хона деворларига сон-саноқсиз нақшлар туширилган феруза тошлар ёпиштирилган бўлиб, жануби-ғарб томон йўналган устун Маккани кўрсатиб турарди».деб ёзади француз адиби Жюль Верн «Клодиус Бомбарнак» романида.

Маълумки, дунёга машҳур франциялик ёзувчи Жюль Верн (1825 – 1905) Ўрта Осиёга умуман ташриф буюрмаган. Бироқ унинг 1892 йилда нашр этилган романи худди Самарқандга келиб кетган сайёҳ таассуротидек туюлади. Романда Амир Темур ҳақида яна кўплаб маълумотлар, шунингдек, Самарқанддан ташқари Марв, Марғилон, Бухоро ва Тошкент тўғрисида қизиқарли воқеалар бадиий-тарихий услубда ёритилган.

Жюль Верн номи «Ҳаво шарида беш ҳафта», «Ер марказига саёҳат», «Ердан ойгача», «Капитан Грант болалари», «Ой атрофида», «Ўн беш ёшли капитан», «Сузиб юрувчи орол», «Барсак экспедициясининг ажойиб ютуқлари», «Остин-устин» сингари қисса, романлар орқали дунё китобхонларига таниш бўлиб, шулар ичида «Клодуис Бомбарнак» алоҳида ажралиб туради.

Хўш, Ўрта Осиёга келмаган француз адиби Амир Темур ва унинг ватани ҳақида қандай қилиб ҳаққоний тасаввурга эга бўлди?

Тарихдан аёнки, соҳибқирон Амир Темур (1336 – 1405) марказлашган давлат тузиб, ватанимизни мўғуллар истибдодидан халос қилди. Шунингдек, турк султони Боязидни мағлубиятга учратиши Европада соҳибқирон номини машҳур қилиб юборди. Шундан сўнг Европа давлатларида Амир Темурга нисбатан қизиқиш уйғонди. Ҳозирги кунда Париждаги Миллий Архивда 4 та машҳур хат сақланади. Улар Амир Темурнинг Франция қироли Шарл IV га, фаранг ҳукмдорининг эса соҳибқиронга йўллаган жавоби ва Мироншоҳнинг уч насроний қиролга юборган мактубларидир. Ушбу хатлар Темурийлар давлати ва Франция ўртасидаги дипломатик алоқалар тўғрисида тасаввур беради. Шу хат орқали ахборот алмашуви кейинчалик фаранг замини тадқиқотчилари эътиборини тортди ва улар Амир Темур ҳамда унинг давлати тўғрисида асарлар ёзишди.

Санктийоннинг «Буюк Темур тарихи» (1677), Р.Марганнинг «Темур тарихи» (1739) С.Мураджа де Охсоннинг «Чингизхондан Темургача мўғуллар тарихи» (1852), Ж.Де Риалнинг «Марказий Осиё ҳақида хотиралар» (1875), Х.Мозернинг «Марказий Осиё бўйлаб» (1885), Х.Моранвилленинг «Темур ва унинг сарой аҳли хотиралари» (1894), Э.Блошенинг «Темур қабртошидаги битиклар» (1897), Де Круазеиенинг «Темурийлар даврида Самарқанд ёдгорликлари» (1891), Ж.Капюнинг «Темур салтанати бўйлаб» (1892), Ужфалви-Бурдонинг «Париждан Самарқандга» (1880), Э.Галлуанинг «Темур пойтахтига сайёҳат» (1898), И.Блоннинг «Марказий Осиёга саёҳат» (1893), И.Морелнинг «Самарқанд ёдгорликлари» (1909) асарлари шулар жумласидан.

Париж, Лион ва Лиль шаҳарларида чоп этилган мазкур асарлар Европа тарихшунослиги учун янгилик эди. Табиийки, Жюль Верндек илмий саргузашт жанрда асарлар битадиган адиб юқоридаги асарлардан ўқиб ўрганди ва шу асосда «Клодиус Бомбарнак» романини ёзди. У ўзидан олдинги даврдаги ва замондошларининг асарларидан унумли фойдаланди. Шунингдек, бу пайтда чоризм Ўрта Осиёни забт этиб, Европа матбуоти чоп қилган мақолалардан ҳам Верн жаноблари хабардор эди. Буларнинг барчаси XIX охирида дунё китобхонларига Амир Темур ватанини дунёга қайта танитишда Жюль Верннинг ҳиссаси катта бўлганини кўрсатади.

«Регистон майдони чорсу шаклида қурилган. Майдоннинг учала томонида болаларга диний билимлар берувчи учта мадраса қад кўтариб турибди. Самарқандда 17 мадраса ва 85 та мачит бўлган экан. Мадраса бинолари бир-бирига жуда ўхшаб кетади. Қаёққа қараманг, сарғиш ва кўкиш рангга бўялган ғиштлардан терилган ва араб ёзуви услубида битилган жимжимадор безакларга кўзингиз тушади. Дунёда бундан чиройли ранг бўлмаса керак...»

«...Тенги йўқ гўзал Самарқанднинг қаерига борманг, бир-биридан гўзал ҳашаматли бинолари кишини мафтун этади. Мен бир мухбир сифатида Темур мақбарасини кўрмасдан кетишни истамасдим. Гўр-Амир мақбараси меним тасаввуримдагидан ҳам кўра башангроқ, яъни улуғворроқ экан. У худди эронийлар салласига ўхшаб кетувчи феруза гумбази билан ўз жамолини кўз-кўз қилиб турарди. Гумбаз остидаги асосий залга қадам қўйдик. У ерда жаҳонга машҳур Фотиҳ – Темурнинг қабри турарди. Чиройли ёзувлар битилган қора яшм (нефрит) тоши қўйилган бу қабрда XIV аср Осиё тарихида исм-шарифи донг таратган хоқон Темур суяклари тўрттовлон ўғилларининг қуршовида ётарди. Залнинг деворларига ҳам сон-саноқсиз нақшлар туширилган фируза тошлар ёпиштирилган бўлиб, жануби-ғарб томон йўналган устун Маккани кўрсатиб турарди...»

 Романда шу каби водий, хусусан, Қўқон ва Марғилонга доир воқеалар хам ёритилган: «Марғилон нуфуси олтмиш киши, иқлими киши саломатлиги учун зарарли бўлган Қўқон эмас, Марғилон Фарғона водийсининг расман пойтахти. Камина 15 ой Қўқон гарнизонида хизмат қилдим. Афсуслар бўлсинким, сиз ўз осиёча қиёфасини тўла сақлаб қолган бу шаҳарга кела олмайсиз. Сиз бу ерда бутун Осиёда тенги йўқ гўзал ерларни, баландлиги юз метр бўлган тепаликка қурилган маҳобатли Худоёрхон саройини, унда аввалги ҳукмдорлардан қолган, ўзбек усталари ясаган замбракларни кўришингиз мумкин эди. Бу сарой бекорга меъморий мўъжиза дейилмас экан. Хорижликлар соф шарқона меҳмоннавозлик билан кутиб олинадиган қирмизи ранг залларни ва мафтункор меъморий тасвирларни, ранг-баранг нақшинкор ички ҳовлини, шаҳар ва унинг атрофи кафтдек кўриниб турадиган айвонларни; биноларнинг жимжимадор олд кўринишларию, ажойиб ишкомлар ва ток зангидан ҳосил бўлган супачаларни кўриб, ҳанг-манг бўлиб, уларни тасвирлашга ҳар қандай кишининг тили лол қолиши турган гап».

Роман қаҳрамони – «ХХ аср» француз газетасининг мухбири Клодиус Бомбарнак бутун йўлни поездда ўтиб, ўз газетасига барча кўрган-кечирганларини етказиб туради. Маълумки, ушбу роман яратилган пайтда темир йўл фақат Самарқандгача ётқизилган эди. Жюль Верн фантаст адиб сифатида йўлни хаёлан Пекинга қадар олиб боради. Сафар давомида эса кўрганларини муфассал тасвирлаб ўз газетасига юбориб туради. Жюль Верндек машҳур адиб гарчи Ўрта Осиёга умуман келиб кўрмаган бўлса-да, Европада чоп этилган тарихий асарлар ва газеталарда бериб борилган мақолалардан бизнинг ватанимиз тўғрисидаги мақолаларни теран таҳлил қилган ҳолда, улардан ўз романида унумли фойдаланади.

Хуллас, Амир Темур замонидаёқ ва ундан сўнгги даврда француз тарихшунослари соҳибқирон тўғрисида асарлар битиб, Европа темуршунослигида катта ўзгариш ясашди. Кейинги даврда эса Француз темуршунослигини юқори чўққига чиқарган тадқиқотчи Люсьен Керендир.1921 йили Франциянинг Страсбург шаҳрида туғилган Керэн жанобларининг асл касби эколог, тупроқшунос бўлиб, у маълум муддат мобайнида янги ерларни ўзлаштириш ва мелиорациялаш туфайли атроф-муҳитнинг ўзгаришини текшириш билан шуғулланган. 1961 йили у хизмат сафари билан Мирзачўлга келган.

 Айнан Люсьен Керэн эътиборини жалб этган омил ҳам Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши натижасида атроф муҳитга зарар етмасмикан, бу ҳолат экологик хавф-хатарни келтириб чиқармасмикан деган ташвишлар эди.

 Кэрен жаноблари кузатувларини тугаллаб, Мирзачўлдаги шароит билан танишгач, Самарқандда бўлади ва бу ердаги айниқса Амир Темур ва темурийлар давридаги меъморий тарихий обидалар, соҳибқирон тўғрисидаги ривоятлар уни ҳайратга солади. Натижада ана шу ҳайрат қизиқишга айланиб кейинги ҳаётини темуршуносликка бағишлади. Ҳатто, эколог, тупроқшунос касбини ўзгартириб тарихчига айланди. Мирзачўл сафаридан сўнг у Байрут университетининг тарих факультетида таҳсил олади.

Европада соҳибқирон тўғрисидаги турли асарларни ўрганиб, тадқиқ қилиб таққосла,б 1978, 1986 йилларда «Темур ҳоқон салтанати» номли дунёга машҳур монографиясини нашр қилдиради. Унинг саъй-ҳаракати билан Парижда 1987 йили «Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси» ташкил этилади. Ўзбекистон мустақилликка эришиб Францияда элчихона очилгач, бу ассоциация мақоми ўзгариб, «Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш француз-ўзбек маданий ҳамкорлиги уюшмаси»га айлантирилди, «Темурийлар» номли журнал чоп этила бошланди. Уюшма раиси ва журнал бош муҳаррири Л.Керэн 1996 йил 10 апрелда президент Ислом Каримов фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Керэндан ташқари Ж.Убеннинг «Темур шаҳарларни қандай оларди», «Чиғатой хонлиги ва Хуросон», Ж.П.Рунинг «Темур», «Бобур», В.Фурниенинг «Марказий Осиё тарихи», «Самарқанд 1400 – 1500: Темур пойтахти 6 салтанат ва Уйғониш юраги», Ж.Л.Бакэ Грамоннинг «Улуғбек –   астрономия султони» каби илмий-оммабоп рисолалари, Амин Малуфнинг «Самарқанд» (Париж, 1990), Милена Ноковичнинг «Самарқандда ёққан олтин ёмғир» (Париж, 1994) романлари яратилдики, буларнинг барчаси Францияда темуршунослик равнақ топганини кўрсатади.

Умид Бекимметов,

тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг