Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алимент қарздорлигини ундириш тартиби. Қонун лойиҳасида қандай ўзгаришлар кўзда тутиляпти?

Алимент қарздорлигини ундириш тартиби. Қонун лойиҳасида қандай ўзгаришлар кўзда тутиляпти?

Фото: «iStock»

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан «Алимент қарздорлигини ундириш тартиби такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Қонунни ишлаб чиқиш зарурати

Мамлакатимизда сўнги йилларда оилавий ажримлар сони кўпайганлиги кузатилди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилда республика бўйича ажримлар сони 23000 га етган. Шу даврнинг ўзида 195 мингта никоҳ қайд этилган. 2020 йилнинг 9 ойида республика бўйича 19970 та ажрим ҳолати ФҲДЁ органларида қайд этилган. 2021 йилнинг январь-март ҳолатига республика бўйича 9213 та ажрим ҳолати қайд этилган.

Мазкур ажримлардан кейин фарзандларнинг асосий таъминоти фарзандни олиб қолган онанинг (кам ҳолларда отанинг) зиммасига тушади. Фарзандлар учун алимент белгиланган ҳолларда алимент тўловчи ҳар хил баҳоналар билан алимент тўлашдан бўйин товлаган ҳолатлар кам эмас.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан берилган маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига Мажбурий ижро бюросида иш юритувидаги 992 мингта ижро ҳужжатидан 245 мингдан ортиғи (24 фоизи)ни, 2021 йил 1 март ҳолатига кўра иш юритувидаги 1 миллион 90 мингга яқин ижро ҳужжатларининг 268 мингдан ортиғи (24,6 фоизи)ни алимент тўловларига оид ижро ишлари ташкил қилган.

2021 йил 1 июль ҳолатига алимент ундириш ҳақидаги ижро ишлари жами 280068 тани ташкил қилиб алимент пуллари мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш орқали ундириб келинмоқда. Алимент ундирув бўйича кўрсаткичи юқори вилоятлар: Фарғона — 33346, Самарқанд — 31029 та, Андижон — 31266 та.

Мажбурий ижро бюросига 2020 йилнинг 1 июлгача келиб тушган 58500 га яқин мурожаатнинг 39 мингдан ортиғи, яъни 66 фоизи алиментга оид мурожаатлардир. Шунингдек, 58190 нафарга яқин қарздорлардан ижро ҳужжати бўйича алимент пуллари мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш орқали ундириб келинмоқда.

Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахслар учун ўз вақтида моддий таъминот олиш хаёт кечиришининг зарур эҳтиёжи эканлигини ҳисобга олган ҳолда, алимент қарздорлигини қонуний муддатда ва тўғри ундирилиши муҳимдир.

Мамлакатимизда сўнги йилларда алимент тўлаш мажбуриятларини белгиловчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, шунингдек, ота-онани моддий таъминлашдан (алимент тўлашдан) бўйин товлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилди. Бундан ташқари, қарздорликни ундиришга қаратилган таъсир чораларидан бири сифатида қарздорнинг чет элга чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш белгиланган. Бироқ, бу чора фақат чет элга чиқиш зарурати бўлган қарздорларга нисбатан самара беради.

Хорижий давлатлар тажрибаси

Хорижий мамлакатлар қонунчилигида алимент тўлови бўйича қарздорликни бартараф этиш учун ўхшаш таъсир чоралари қўлланилади.

Хусусан, Германияда алимент қарздорлик бўйича мажбурий меҳнат, мусодара қилиш ва қарздорнинг мол-мулкини бола фойдасига мусодара қилиб сотиш ёки қамоқ жазоси мавжуд. Канадада доимий равишда қарздорларни ов қилиш ҳуқуқини чеклаб уларнинг фотосуратлари интернетда эълон қилинади. Шу билан бирга, немис болалари алиментни 25 ёшгача оладилар ва Канада қонунчилигига биноан ота-оналар 27 ёшгача бўлган болаларининг ўқиши учун пул тўлашлари шарт.

Украина «Ижро этиш тўғрисида»ги қонунига кўра, алимент бўйича умумий қарздорлик миқдори тўрт ойда тўланиши лозим бўлган алимент миқдоридан ошиб кетганда, давлат ижрочиси қарздорнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини алимент тўлови бўйича қарздорлик бартараф этилгунга қадар вақтинча чеклаш ҳуқуқига эга.

Алимент тўлашдан бўйин товлаган Латвия фуқароларига ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш, автотранспортни давлат рўйхатидан ўтказишни тақиқлаш жорий қилинган. Латвияда алимент тўлаш бўйича қарздорларни ўз мажбуриятларини бажаришга ундаш учун мўлжалланган бир қатор чекловлар мавжуд. Хусусан, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини чеклаш, қуролдан фойдаланиш учун бериладиган лицензиядан фойдаланишга тақиқ қўйиш, шунингдек, қимор ўйинлари ташкилотчиларига ўйинларда иштирок этувчи шахсларнинг алимент қарздорлик бўйича реестрда мавжудлигини аниқлаш орқали уларнинг иштирокини чеклаш мажбурияти юкланган. Шунингдек, алимент бўйича қарздорда фарзанди таъминоти учун етарли маблағ ва мол-мулки бўлмаган ҳолатларда уни мажбурий меҳнатга жалб қилиш орқали қарздорлик ундирилади. Латвия «Адвокатура тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахсга қарздорлиги бартараф этилмагунча адвокатлик лицензияси берилмайди.

Россия Федерациясининг «Ижро этиш тўғрисида»ги федерал қонунида ижрочи қарорига мувофиқ алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахснинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи вақтинча чекланиши назарда тутилган.

Қозоғистон «Ижро этиш ва суд ижрочилари мақоми тўғрисида»ги қонунига кўра, суд ижрочиси алиментни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига мувофиқ қарздорлик юзага келганда судга қарздорнинг лицензиялар, рухсатномалар бериш ва махсус ҳуқуқлардан фойдаланишни вақтинча чеклаш тўғрисида тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга.

Хулоса

Юқоридаги таҳлиллар ҳамда хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳудудида юрган қарздорларга самарали таъсир чораси сифатида давлат ижрочиларига алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахсларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини қарздорлик бартараф этилгунга қадар вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқариш ҳамда фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисидаги тақдимнома билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, қонун лойиҳасида мазкур таъсир чоралари қўлланилмайдиган истисно ҳолатлар ҳам киритилган. Хусусан, суд қарорини ижро этиш учун етарли мол-мулк олиб қўйилган тақдирда; агар шундай чеклаш белгиланиши қарздор тирикчилигининг асосий ва қонуний манбаидан маҳрум қилса; агар қарздор биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлса ёки қарздор қарамоғида биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони ёки ногирон бола деб тан олинган шахсга боғлиқ бўлса; агар қарздорга ижро ҳужжати талабларини бажариш учун кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган бўлса; вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса махсус ҳуқуқларни вақтинча чеклаш қўлланилмайди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши алимент ундируви билан боғлиқ қарздорликларни камайтириш имконини беради. Хусусан, мамлакатимизда 2021 йилнинг 6 ойи давомида 4 мингдан ортиқ лицензиялар берилган бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахслар сони беш миллион нафарга яқинлиги алимент қарздорлиги бўйича транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини, шунингдек, фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тарзидаги таъсир чораларининг қўлланиши алимент мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаши мумкин.

Дилдора Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг