Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АКТ вазири Жаҳон банки билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

АКТ вазири Жаҳон банки билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси АКТ вазирлиги делегациясининг Испания Қироллигида ўтказилган «MWC Barcelona-2022» Жаҳон мобил конгрессида иштирок этиш учун ташрифи доирасида АКТ вазири Шерзод Шерматов ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёдаги рақамли ривожланиш бўлими директори вазифасини бажарувчи ва амалиёт раҳбари Никол Клинген ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув доирасида томонлар «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясига мувофиқ рақамли иқтисодиёт, маълумотларни бошқариш ва телекоммуникация секторини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик олиб бориш масалаларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, Жаҳон банки томонидан IT-Парк фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон олис ҳудудларида инфратузилмани кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишларига бири IT таълим ҳам киради. Учрашув доирасида IT-мутахассислари ва аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. IT соҳасида яккама-якка тренинг, шунингдек, аёлларнинг ИТ соҳасида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш ва иш билан таъминлаш учун мураббийлик дастурини ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам берилди.

IT тадбиркорлик ва IT-фриланс йўналиши бўйича ҳамкорлик олиб бориш масалаларига жиддий эътибор қаратилди. Хусусан, маҳаллий ёшларни иш билан таъминлаш, юртимизда, шу жумладан, Ўзбекистоннинг олис ҳудудларида ҳамда кичик шаҳарларда янги рақамли иш ўринларини яратиш орқали BPO ва KPO хизматларини ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишда Жаҳон банкининг бевосита иштироки ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, Жаҳон банкининг 2022 йил 24-26 октябр кунлари Ўзбекистонда АКТ ҳафталиги доирасида бўлиб ўтадиган «ICT Week Uzbekistan» халқаро рақамли форумида иштирок этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг