Акс-садо: ҳаммасидан ўзимизнинг «Қайтар дунё» яхши
«Кара севда» сериали ҳақида жуда кўп гапирилди. Мен гапирмоқчи эмас эдим. Аммо буларни ёзишга Анвар Намозовнинг «Xabar.uz» сайтида эълон қилинган «Сип-силлиқ бўлмаган сериалга маломатлар» мақоласидаги қуйидаги ўхшатиш туртки бўлди:
«Хўш, ўзимизнинг сериалларда хиёнат мавзуси йўқми? Биринчи сериаллардан деб ҳисобланган «Кўнгил кўчалари» эсингиздами? Каттагина идорада ишлайдиган бир амалдор эркак Суқсур исмли ёшгина жувон билан юради, кейинчалик бу аёл ўзининг синглиси бўлиб чиқади. «Қайтар дунё» сериалида Абдулланинг хотини эри тириклигидаёқ хиёнатни бошлаб юбориб, унинг дўсти билан «юради». Мен мазкур сериал муаллифи билан суҳбатлашганман. У ҳаммаси ҳаётий воқеалар асосида ёзилганини айтган эди».
Муаллифга ҳурматни сақлаган ҳолда ўз фикрларимни айтиб ўтсам.
Муаллиф сериалларни солиштиришда хатога йўл қўйган. «Кўнгил кўчалари»ни кўрмаганман, аммо «Қайтар дунё»ни кўрганман! Аслида «Қайтар дунё» сериалини «Кара севда»дан тарбиявий жиҳатдан устун қўяман. Муаллиф мақоласида филмни ижодкор сифатида ёқтирганини ёзибди. Ҳақиқатан филм сюжетлари, динамикаси, ижролари яхши. Балки «Қайтар дунё» у даражада эмасдир. Аммо «Қайтар дунё»да Абдулланинг хотини хиёнат қилади дейишнинг ўзи бир хато. Ижодкордан бундай хато чиқиши эса кутилмаган. Чунки Абдулланинг хотини деб берилаётган Машҳура унинг хотини эмас, балки севгилиси ёки қаллиғи. У «хиёнат қилган» пайтида ҳали унга турмушга чиқмаган бўлади. «Қайтар дунё» сериалидаги ушбу «хиёнат»ни халқ, ёшлар тўғри деб қабул қилмайди, унга эргашмайди, қаҳрамонга тақлид қилмайди. «Қайтар дунё»даги хиёнатдан киши нафратланади, уни ёмон кўради. Ушбу хиёнатнинг оқибати кишиларни ўйлашга, фикрлашга ундайди, дунёнинг қайтар дунё эканлигига ишонтира олади.
Аммо «Кара севда»даги хиёнат ҳақида шундай дея оламизми? Ундаги хиёнатдан ҳам одамлар нафратланадими? Ёшлар улардан хулоса қилаяптими? Бундай эмаслигини кўпларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини безаб турган икки «севишган хиёнаткор» — Камол ва Ниҳоннинг суратларидан ҳам билса бўлади. Соғлом фикрли одам бундай «севги»дан нафратланиши турган гап. «Кара севда»даги хиёнат шундайин беозор қилиб кўрсатилганки, ғўр ёшлар «севги йўлидаги кураш» шиорига яширинган хиёнатни тўғри экан деб қабул қилмаслигига ким кафолат беради? Энди ўйлаб кўринг, бир хотин эрига «уни болам деманг, у сизнинг эмас, фалончининг боласи» (ушбу гап Ниҳон тилидан айтилган) дейишини тасаввур қила оласизми?
Сўзим охирида шуни айтиб ўтмоқчиманки, на менинг, на Анвар Намозовнинг фикрлари сайтнинг позициясини билдирмайди.
Жаҳонгир Остонов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter