Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

29 октябр Қозоғистонда умуммилий мотам куни деб эълон қилинди

29 октябр Қозоғистонда умуммилий мотам куни деб эълон қилинди

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Костенко конида содир бўлган портлашда ҳалок бўлганлар хотирасига 29 октябр мамлакатда умуммиллий мотам куни дея эълон қилинди. Бу ҳақда президент Қосим Жўмарт Тўқаев фалокат қурбонларининг оила аъзолари ва яқинлари билан учрашув чоғида маълум қилган.

“Ўз номимдан ҳамда ҳукумат номидан сизларга ҳамдардлик билдираман. Бу – фожиа. Ҳаммасини тушунаман ва шунинг учун ҳам бу ерга етиб келдим. Керакли барча чораларни кўрамиз, шу жумладан, фалокатда ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг оилаларига керакли барча ёрдам кўрсатамиз” дея таъкидлаган Тўқаев учрашув чоғида.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда таъкидланишича, фалокат рўй берган конга эгалик қилувчи «АрселорМиттал Темиртау» АЖ компаниясига нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

Дастлабки версияга кўра, метан газининг портлаши фожиага сабаб бўлган. Ҳодиса 28 октабрга ўтар кечаси соат 02:33 да юз бергани айтилмоқда. Ҳозирга қадар портлаш оқибатида 21 киши қурбон бўлгани аниқланган. 23 нафар кончини излаш ва қутқариш ишлари давом этмоқда.

“Қутқарув ишлари биринчи навбатдаги вазифамиз ҳисобланади. Иккинчидан, жабрлпнувчилар ва даволанишга муҳтожларнинг сонини аниқлаб олишимиз керак. Учинчидан, бундай улкан фожиадан жабр кўрганларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатамиз. Керак бўлса, махсус фонд таъсис этамиз, ўзим бу масала билан шуғулланаман”, деб айтган мамлакат раҳбари.

Ҳодиса жойида ташкил этилган штабда Қарағанда вилояти ҳокими, Қозоғистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари, Қарағанда вилояти прокурори, махсус ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари фаолият олиб бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг