Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

20 йил паспортсиз яшаган актёр

20 йил паспортсиз яшаган актёр

Бу актёрни кўриши билан ҳамма танирди. Режиссёр Леонид Гайдайнинг «Кавказ асираси» фильмидаги бош қаҳрамон Нинанинг тоғаси ролини ўйнаганидан сўнг ёпирилган шон-шуҳрат унга унутилмас қиёфа берди.

Фрунзик Мкртчянни бошқа актёрлар билан адаштириб юборишнинг иложи йўқ эди. Унинг машҳурлиги шунчалик юксак бўлганки, ҳатто ёнида паспорт олиб юрмаган: ахир ҳамма таниса ҳужжат кўтариб юришнинг нима кераги бор?

Мкртчяннинг шахсини тасдиқловчи иккита ҳужжати бор эди: биринчиси ҳақиқий совет паспорти, иккинчиси эса уй қурилиши учун унга дўстлари томонидан берилган гувоҳнома. Айтганча, актёрнинг исми ҳам иккита бўлган: иккинчи «паспорт»да Мҳер ёзилганди, бу арман тилида «қуёш» деган маънони англатади.

Бу кулгили, аммо иккита ҳужжатга эга бўлган Мкртчян иккаласини ҳам бирданига йўқотди. Ва йигирма йил мобайнида унинг паспортини тиклашига эҳтиёж ҳам туғилмади. Фрунзик Мкртчян буни хоҳламаган ва сабабини оддийгина қилиб тушунтирган: унга ҳужжатлар керак эмас, актёрни ҳамма жойда танийдилар ва ўтказиб юборадилар.

Эҳтимол, ақл бовар қилмас бўлиб туюлиши мумкин, лекин Мкртчянга, ҳатто Москвадаги Кремлга ҳам ҳужжатсиз киришига рухсат берилган.

Фрунзик Мкртчян Георгий Данелия ва Вахтанг Кикабидзе билан бирга «Мимино» фильми учун давлат мукофотини олиши керак эди. Кремлга кириш жойида соқчилар актёрлар ва режиссёрдан ҳужжатларини кўрсатишни сўрашди. Кикабидзе ва Данелия паспортларини кўрсатди, Мкртчян эса шунчаки жилмайиб деди: «чет эллик айғоқчилар Кремлга ҳужжатсиз келадими?»

Ажабланарлиси шундаки, бу гап фойда берди: актёрни бажонидил Кремлга киритиб юбордилар.

А.Фатҳуллаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг