1 миллионлик банкнота бор-йўғи 0,5 долларга тенг! Пул қадрсизланиши борасида рекорд ўрнатаётган давлат
Венесуэла марказий банки гиперинфляция – рекорд даражадаги пул қадрсизланиши шароитида 1 миллион боливарлик банкнота чиқаришга мажбур бўлди. Миллий валюта шу қадар қадрсизлаганки, 1 миллион боливарнинг қиммати атиги 0,5 АҚШ долларига (52 цент) тенгдир.
Миллий иқтисодиёт эҳтиёжларини қондириш мақсадида, шунингдек, 200 минг ҳамда 500 минглик қоғоз пуллар ҳам муомалага чиқарилди.
Нефтга бой Венесуэла давлати охирги йилларда мушкул иқтисодий тангликка дуч келди. Ғарб мамлакатлари ва президент Николас Мадуронинг мухолифлари иқтисодий буҳрон давлат раҳбариятиниг уқувсиз сиёсати ҳамда коррупция сабаб юзага келган деб ҳисоблайди. Н.Мадуронинг ўзи эса Ғарб жорий этган санкциялардан ёзғиради.
Январь ойи маълумотларига қараганда, мамлакатда инфляция кўрсаткичи 2600 фоизни ташкил этмоқда. Аҳоли ҳатто кундалик олди-сотдида ҳам АҚШ долларидан фойдаланишни маъқул кўрмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси хулосаларига кўра, 2020 йил якунида Венесуэла ЯИМ 25 фоизга қисқарди. Иқтисодиётнинг қуйига шўнғиши 7 йилдан буён тўхтамаяпти.
29 миллион нуфусли мамлакатга очарчилик ҳам хавф солмоқда. Ижтимоий тадқиқотларга қараганда, ҳар 10 кишидан 6 нафари тўйиб овқатланмаётир. Охирги 5-6 йил ичида 5 миллионга яқин аҳоли қўшни мамлакатларга бош олиб чиқиб кетган.
Дард устига чипқон деганларидек, мамлакат бир неча йилдан буён сиёсий инқироз домида қолмоқда.
Венесуэла президенти Уго Чавес вафотидан кейин 2013 йил апрель ойида ташкил этилган сайловда унинг шогирди Николас Мадуро узил-кесил ғалабага эришди. Н.Мадуро 2018 йил май ойида бўлиб ўтган сайловда ҳам ғалаба қозонганини эълон қилди. Аммо халқаро кузатувчилар ҳамда мухолифат сайлов қонунбузарликлар билан ўтганини таъкидлаб, Мадуронинг ғалабасини тан олмади.
Мухолифат етакчиси Хуан Гуайдо 2019 йил январь ойида Миллий ассамблея қўллови билан ўзини муваққат президент деб эълон қилди.
2020 йил декабрь ойида навбатдаги парламент сайлови бўлиб ўтди ва Миллий ассамблеядаги асосий ўринларни Н.Мадуро тарафдорлари эгаллади. Жорий йил январь ойида янги парламент аъзолари қасамёд қабул қилди. Айни чоқда, мухолифат раҳбари Хуан Гуайдо аввалги чақириқ депутатлари иштирокида қасамёд қабул қилиш маросимини ўтказди ва муқобил парламент ташкил этилганини эълон қилди.
Сирасини айтганда, мамлакатда қўшҳокимиятчилик ҳукм сурмоқда. Мадуро ҳокимиятини Россия ва Хитой, мухолифат етакчиси Гуайдони эса Ғарб мамлакатлари дастакламоқда.
БМТ Венесуэлада инсон ҳуқуқлари мунтазам бузилаётгани, инсониятга қарши жиноятлар содир этилаётганидан хавотир билдирган.
АҚШ эса президент Мадурони гиёҳвандлик моддлари контрабандасида айблаган ва уни қўлга олишга доир маълумотлар учун 15 млн доллар мукофот ваъда қилган. Қўшма Штатлар айблов эълон қилган шахслар рўйхатида амалдаги Олий суд раиси ва мудофаа вазири ҳам бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter