Четри Месси ва Роналду ўртасига «тушиб қолди»
Осиё кубогининг дастлабки ўйинида айтсайдерлардан бири саналган ҳиндистонликлар сенсацион натижа қайд этишди: Таиланд 4:1 ҳисобида мағлуб этилди.
Ана шу ўйин қаҳрамони, шубҳасиз, таиландликлар дарвозасига иккита гол урган ҳужумчи Сунил Четри (бу йил ёзда 35 ёшга киради) бўлди.
«Ҳинд филлари» таркибида 2005 йилдан бери ўйнаб келаётган Четри шу тариқа голлари сонини 67 тага етказиб олди. У миллий терма жамоа учун гол уриш бобида «Барселона» юлдузи Лионель Мессини ортда қолдирди, Месси Аргентина терма жамоаси сафида 65 та гол урган.
Четри фаолиятини давом эттираётган футболчилар орасида фақат «Ювентус» юлдузи Криштиану Роналдудан ортда қолмоқда. Роналду Португалия терма жамоаси сафида 85 та голни нишонлаган.
Эслатиб ўтамиз, футбол тарихида терма жамоаси учун энг кўп гол киритган футболчи машҳур Али Даи саналади. У 1993 йилдан 2006 йилгача давом этган термадаги фаолияти давомида 109 та гол урган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter