Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерали Отабоев

Қўрқоқлардан қўрқаман.

Янги миллий зеҳният ва қўрқоқлик иллатининг довюрак қурбонлари

Янги миллий зеҳният ва қўрқоқлик иллатининг довюрак қурбонлари

Иллюстратив сурат

Ушбу ҳикоямни бир аср давомида жамият учун атайин шакллантирилган қўрқоқлик иллатининг довюрак қурбонларига бағишлайман.

Катта бир ташкилот мажлислар зали. Умумий йиғилиш. Оғзидан чиққан ҳар бир гапи қарсаклар билан қарши олиниши одатий ҳол бўлиб қолган даврларда «худодан сал пастроқда турувчи» раҳбар маъруза қиляпти. Ҳар доимгидай келгусида қилинадиган улкан ишлар ва режалар ҳақида ўзи ҳам ишонадиган тарзда гапирмоқда. Охирида «саволлар борми?» деган навбатчи гапи билан маърузасини тугатмоқчи эди. Одатдагидек раҳбарга савол берилмаслик анъанаси бу гал бузилди. Орқада ўтирган бир жиннисифат ходим «менда савол бор?» дея рухсатни ҳам кутмасдан сўзини бошлаб кетди:

— Буюк ва глобал режалар тузишни тўхтатиб, уларни амалга оширишга қачон киришасиз? Уларнинг муддати борми? Қоғоздаги ўша буюк режаларингиз ҳаётда ўз исботини топганини ҳеч бўлмаса невараларимиз кўрармикин? — деган қалтис саволни ўртага ташлади.

Умрида ходимидан ўзига қарши гап эшитмаган раҳбар бундай кескин саволдан ҳангу манг эди. «Бу ким?» дегандай ёнидаги ўринбосарига разм солди. У ҳам кутилмаган тасодифдан ўзини йўқотиб қўйган кўйи «айб менда эмас» маъносида раҳбарга мўлтираб турарди. Ҳеч ким йўқдек залда сукунат ҳукмронлик қила бошлади. Савол берган бошқа, аммо, қолганлар қўрқувдан ўриндиқлар тагига кириб кетаётган эди. «Саволпараст» ходим эса «жавоб учун олдиндан раҳмат» дея ҳеч нарса бўлмагандек оҳиста жойига ўтириб, жавобни кутарди.

Раҳбар дарҳол ўзини қўлга олиб, дарсга тайёрланиб келмаган бебош боладай дудуқланиб гапира кетди.

— Сиз, ўзи шу корхонада ишлайсизми? Кимнинг бўлимида ишлайсиз? (Олд қаторда ўтирган бўлим бошлиғи кечирилмас гуноҳ қилгандек, оҳиста ўрнидан туриб, белангидай эгилиб раҳбарга жовдираб қаради.) Яқинда ишга келганга ўхшайсиз, — сўзини давом эттирди раҳбар. — Сизда ҳали тажриба йўқ. Иш нималигини биласизми ўзи?! Бундай катта ишлар учун шошқалоқлик қилиш катта хато ҳисобланди, чунки минглаб инсонлар тақдири ётибди бу ерда. Олдин тажриба оширинг, кейин тушуниб етасиз, — дея давлат ва ҳукумат фармонлари-ю қарорлари, уларнинг сони ва қачон қабул қилинганлиги ҳақида жаврай кетди. Кейин олдинги маърузасини яна бошдан такрорлади. Залдагилар эса гўёки саволга айни жавобни олаётгандек бош ирғаб турарди. Раҳбар бу гал жаҳл билан гапираётганлиги боис қарсак чалишга ҳам иккиланиб қолишган эди. Маъруза тугади. Бу гал «яна савол борми» ёки «саволдан қониқдингизми» деган гапни айтишга ботина олмай йиғилишни тугатиб чиқиб кетди.

Ходимлар зални бирин-кетин жимгина тарк этарди. Савол берган ходим билан келган шериклари ундан секингина узоқлаша бошлашди. Гўё биринчи марта кўриб тургандек. Ходим эса мулзам ҳолда хонаси томон ёлғиз кетди.

Қуйи бўғиндаги ҳар бир раҳбар — ўринбосарлар ва бўлим бошлиқлари энди раҳбар хонасида фавқулодда ва танқидий руҳда бўлажак йиғилишга тайёргарлик кўришарди. Савол берган бола ҳақида маълумот тўплашар эди. Бўлим бошлиғи эса ходимини олдига чақириб койимоқда:

— Эй аҳмоқ, нима қилиб қўйганингни биласанми? Раҳбарга ҳам шундай савол берадими одам. Унинг иши ва гапи ҳеч қачон муҳокама қилинмаслигини сен аҳмоққа неча бор айтган эдим. Энди сени ҳимоя қила олмайман. Буёғига ҳолингга маймунлар йиғлайди.

Бола эса ўзини гуноҳкордек тутиб турган бўлса-да, қилган ишидан пушаймон эмасди.

Эртаси куни бошлиқ хонасида раҳбар ходимларнинг тор доирадаги йиғилиши бошланди. Мавзу аниқ, болани жазолаш чоралари кўрилади. Столидаги ҳужжатларни кўздан кечира туриб, атрофга раҳбарона разм солди-да, секин гап бошлади:

— Аҳволни ўзингиз кўрдингиз, бу интизомсиз ходимни дарҳол жазолаш чорасини кўрмасак, бошқалар ҳам ўрнак олади. Хўш, кимда қандай таклиф бор?

Таклиф қандай бўлишини ҳамма билади: ишдан бўшатиш.

Режим бўйича ўринбосари олдидаги бир тўплам қоғозни кўрсатиб, кўрнамак ходим бўйича суриштирув ўтказиб, бўлимидаги барча ходимлардан унга қарши кўрсатма олганини маълум қилиб, гўё қимматбаҳо ҳисобланадиган маълумотларни бошлиқнинг олдига суриб қўйди. Раҳбар кўрсатмаларни бир-бир варақлаб кўраркан, ўринбосарига маъноли қараш қилди. Ўринбосар эса айёрона жилмайиш билан «ўзлари ихтиёрий ёзиб беришди...», дея озгина хижолат тортди.

Раҳбар беш-олтита кўрсатмага кўз югуртириб кўрди-да, «қўл остимизда шундай хавфли жиноятчи ишлар экан, билмаган эканмиз. Яхшиямки, вақтида билиб қолдик», дея ўринбосарига миннатдорлик назари билан қараб, «Хўш, энди... қайси «статья» билан бўшатамиз», дея савол ташлаб қўйди.

Бу ташкилот юристига тегишли бўлгани учун ҳуқуқшунос «Меҳнат кодекси»нинг, дея гап бошлаган ҳам эдики, режим бўйича ўринбосар гапни бўлиб, яқин ҳамкасбларидан «оқимга даъват этган» қабилидаги кўрсатмаларни ҳам олиб қўйганман, ҳар эҳтимолга қарши. Прокуратурага топшириб юборсак ҳам бўлади, — деди.

Раҳбар гапни шартта бўлиб:

— Бу фикрга қўшилмайман. Кейин текшир-текшир бошланади. Тўғри, бола қамалади. Аммо бошқа бир тарафи ҳам бор, корхонамиздан конституцион тизимга қарши «вобчик»лар чиққани биз учун катта «минус» бўлади. Ҳатто кўпчиликнинг боши кетиши ҳам мумкин. Шу тарафини ҳам инобатга олиш керак. Бу йўл бўлмайди. Бошқа таклифлар борми? — дея бошқаларга ҳам разм солди.

— Энг яқин ҳамкасби билан атайин жанжал уюштирсак-чи? — таклиф киритди юрист.

— Бу яхши таклиф бўлди, — деди раҳбар.

— Бундай олиб қараганда, оддий бир ходимдан қутулиш учун шунча тараддуд шарт эмас, — гапга аралашди жуда камгап идеология бўйича ўринбосар. — Ҳозир уни дарҳол бўшатиб юборадиган бўлсак, бошлиғимизнинг обрўйига путур етади. Бу тирранчанинг раҳбаримизга қарши борганини ҳамма билиб бўлди. Таклифим шуки, уни ҳар томондан сиқиб боришимиз керак. Яъни тириклайин қийнаш каби. Шунда ўзи ишдан кетишга мажбур бўлади. Шундай қилишимиз керакки, у олти ойга қолмасдан, ўзи аризасини ёзиб кетиши керак. Менинг таклифим шу.

Узил-кесил нуқта қўядиган фикр билдиргандек, ишонч билан сўзини тугатди ўринбосар.

— Бу таклиф менга маъқул, — гапни давом эттирди раҳбар. — Уни барча имкониятлардан маҳрум этиш керак. Бошланишига лавозимини бир поғона туширамиз, — дея кадрлар бўлим бошлиғига қаради.

— Бу ходим шундоқ ҳам энг паст лавозимда ишлар экан, – гуноҳкорона жавоб берди кадрлар бўлим бошлиғи.

— Унда ярим ставкага туширинг.

— Имкони йўқ. 0,25 ставкада ишлар экан.

— Унда мукофот пулларидан бутунлай мосуво қилиш керак.

Иқтисод бўйича ўринбосарига қаради раҳбар.

— Умуман олганда, ходимларга мукофот пуллари берилмаётганига уч йилдан ошди, — хафароқ алфозда жавоб берди иқтисод бўйича ўринбосар.

— Байрам пуллари-чи?

— У ҳам йўқолганига беш йилдан ошди.

— Унда қандай қилиб бу тирранчани жазолаш мумкин. Бирон бир йўли бордир? — аччиқланди раҳбар. Ўртага анча вақт жимлик чўкди.

— Битта йўли бор, — жимликни бузди идеология бўйича ўринбосар. — Болакайни лавозимга кўтариб, яна дарҳол лавозимдан тушириб юбориш керак. Шундагина унга психологик зарба бўлади.

У катта ғоя топгандек, мағрурона барчага бир разм солди-да, кейин маъқуллашини кутиб тургандек, раҳбарга қаради.

— Начора, бошқа йўли йўқ бўлса, шу йўлни қўллаймиз.

Кадрлар бўлими бошлиғига «сенга топшириқ», дегандек тушкун кайфиятда қаради. У эса дарҳол ёндафтарига бир нарсаларни ёзиб ола бошлади...

Хуллас, ходимларнинг савол бермаслигини таъминлаб турадиган ҳеч нарса қолмаганлигини англаб етган раҳбар бошқа янада каттароқ ва бой ташкилотга бошлиқ бўлиб ўтиб кетишга мажбур бўлади. У ерда ҳам 25 йилда мевасини берадиган узоқ муддатли «буюк» режалар асосида иш бошлаган эмиш.

Ёш ходим эса, лавозими бир поғона оширилганича қолиб кетган. Аммо янги келган раҳбар ҳам унга жиноятчига қарагандек қарармиш. Раҳбарларнинг хоҳиш-иродасини қонун деб билгувчи бошқа ходимлар ҳам ўзларини адолатпарвар боладан узоқроқ тутишар экан. У билан гаплашса ҳам пана жойларда пинҳона гаплашар эмиш. Гўё раҳбарнинг қулоғига етиб борса уларга ҳам ўчириб бўлмас тамға босиладигандек.

Бу воқеа қаерда ва қачон бўлганлигини билмадим-у аммо, кў-ў-ўп жойда ва хў-ўп замонда бўлганлигига ишончим комил.

Ҳикоя тугади. Энди ортиқча гапларга озгина ўтсак:

Қисқаси, ҳақни талаб қилиш, адолатпарварлик, довюраклик каби аждодлардан мерос хислатлар қарсакбозликка асосланган айни жамият учун хавфли, деган қараш ва тушунчалар атайин шакллантириб бўлинди. Бу тушунчалар ўтган бир асримизнинг 75 йилида собиқ шўролар томонидан халққа сингдирилган бўлса, охирги 25 йилда ўзимиз ўзимизга мослаб маромига етказиб қўйдик. Раҳбарчалар қийналмаслиги учун ҳаттоки халқнинг сабр косаси атайин тешиб қўйилдики, улар тиши тўкилиб кетса-да, тишини тишига қўйиб чидашни ҳам ўрганишди.

Адолатсизликка жим қараб туришни, раҳбарчаларнинг мантиқсиз ҳар бир гапини қарсак чалиб қўллашни — бизга ўтмиши буюк халқнинг сабр-матонати, иродасининг нишонаси деб онгимизга шундай устамонлик билан сингдиришдики, ҳаттоки бу қусурни миллий зеҳният даражасигача чиқариб олдик.

Бугун сиёсат ўзгарди. Қарашлар ўзгарди. Президентимиз раҳбарларнинг халққа нисбатан қарашларини ҳам 180 даражага ўзгартиришларини талаб қиляпти. Аммо тонг отиб, қуёш чиққан бўлса-да, айниқса, ижодкор халқи уйғонишга, кўз очишга ҳамон журъат эта олмаяпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг