Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Эшак гўшти сотиш жиноят(ми?)

Эшак гўшти сотиш жиноят(ми?)

«Меҳнати ҳалол» дея таърифланадиган эшакнинг сўйилиши кишининг этини жунжиктиради, ҳар қандай инсонда нафрат ўйғотади.

Фото: «Сont.ws»

Сўнгги кунларнинг бош мавзуси ҳеч кутилмаганда эшак гўшти билан боғланди. Фарғоналик қассобнинг иқрори ва унинг ортидан чоп этилган туркум мақолалар томошабин ҳамда ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шундай кунларда сайтимиз саҳифасига ижтимоий тармоқда ўзининг асл исм-фамилиясини сир тутган бир фойдаланувчи томонидан ғалати савол қолдирилди. Кўпчилик бемаъни деб ўйлаган бу саволнинг жавоби ҳаммани ўйлантириши ҳеч гап эмас.

Хўш, шунча муҳокамага сабаб бўлган эшак гўшти сотиш жиноятми? Жиноят бўлса, у қай тартибда малакаланади ва қандай жазо қўлланади? Умуман олганда нега бу иш билан прокуратура шуғулланмоқда?

Келинг, бевосита савол билан танишамиз (матн жузъий таҳрир қилинди).

— Бир бемаъни савол бермоқчиман. Эшак гўшти сотиш жиноятми? Ахир у инсон ҳаёти учун хавф туғдирмайди-ку. Агар ҳалол-ҳаром нуқтаи назаридан қаралса, чўчқа гўшти ёки бошқа ҳаром маҳсулотларни сотаётганларга нега жазо йўқ? Ёки эшак гўшти арзон бўлгани ҳолда қимматга сотилаяпти деган фикр бўлса, унда нега бир пуллик нарсани минг пулга сотаётган инсонларга жазо берилмаяпти? Ёки ...(аслида ўзим мусулмон бўлганим учун эшак гўшти ва бошқа ҳаром нарсаларни сотувчи инсонларни қоралайман). Нега айнан эшак гўшти сотиш жиноят деб ҳисобланади? Саволим учун олдиндан узр, — дея фикр билдиради Тиктак Боом никли мухлис.

Ҳақиқатан ҳам нега шунча жониворларни сўйиб сотиш мумкину, эшакни сўйиш ёки гўштини сотиш орқали прокуратура назарига тушилади?

Масалан, одам ўзи боқиб катта қилган, етиштирган эшагини сўйиб сота олмайдими? Ахир бу жонивор унинг шахсий мулки-ку. «Ия, гўшти ҳаром жонивор бўлган эшак ҳам сўйиб сотиладими?» дея савол беришингиз мумкин албатта. Лекин гўшти ҳаромлиги қатор манбаларда таъкидланган чўчқа исталганча боқилмоқда, сўйилмоқда ва сотилмоқда-ку. Эшак гўштининг саломатликка хавф туғдириши ҳақидаги фикрлар ҳам кучли асосга эга эмас.

Хитойликлар ҳазил қилишади: «Учадиганлардан самолётни, юрадиганлардан поездни, сузадиганлардан кемани еб бўлмайди. Қолган ҳаммаси истеъмолга яроқли» (дарвоқе, юртимизга келган хитойлик меҳмонлар, айниқса темирйўл қурилишида ишловчилар эшак гўштини хуш кўриб тановул қилганларини кўпчилигимиз эшитганмиз).

Алоҳида таъкидлашимиз шарт: биз муқаддас динимиз талабларига, асрий анъаналаримизга шубҳа билан қарамоқчи эмасмиз. Эшак гўшти ҳаром, уни тарқатиш аксарият аҳолиси мўмин мусулмонлар бўлган Ўзбекистон учун мутлақ кечирилмас ҳолат.

Лекин ҳар қандай қилмишга ҳуқуқий баҳо берилиши, жазо малакаланиши, масаланинг маънавий жиҳати эса мустаҳкам асосланиши лозим. Чунки юртимиз аҳли учун эътиқод масаласи жуда муҳим. 

Саволга жавоб изларканмиз, аввало масаланинг маънавий жиҳатига эътибор қаратамиз.

Юқорида айтилганидек, юртимиз аҳли учун эътиқод масаласи жуда муҳим. Давлатимиз ҳам динимизни эъзозлайди, эътиқод эркинлигини кафолатлайди. Мусулмон аҳли учун эса луқманинг ҳалоллиги ниҳоятда жиддий масала.

Бу ўринда ҳар иккисининг гўшти ҳаром бўлган эшак ва чўчқани солиштириб бўлмайди. Сабаби, чўчқа боқувчининг мақсади аниқ, у шу жониворни семиртириб сотиш орқали даромад қилишини яширмайди. Сўйиб сотувчи ҳам бу гўштнинг ниманики эканлигини сир тутмайди. Аксинча, бошларини михга осиб қўйиб «реклама» қилади. Демак, эътиқоди бунга рухсат берадиган ёки қалбида ҳалол-ҳаром тушунчаси бўлмаган истеъмолчининг ўзи ўз ихтиёри билан, билгани ҳолда бу гўштни харид қилади ва пишириб ейди. Кимдир эшакни ошкора сўйиб, устига «эшакники» деб сотиши мантиққа сиғмайди.

Яна бир жиҳат, чўчқа асосан гўшт учун боқилади ва еб ёта-ёта охири тақдири сўйилиш билан якун топади. Ҳаракати билан инсоннинг оғирини енгил, оз егуликка қаноат қилувчи, «меҳнати ҳалол» дея таърифланадиган эшакнинг сўйилиши кишининг этини жунжиктиради, ҳар қандай инсонда нафрат ўйғотади.

Энди масаланинг ҳуқуқий жиҳатига тўхталсак.

Биринчидан, бу ерда истеъмолчи ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаяпти. Маҳсулотнинг келиб чиқиши сир тутилмоқда. Аслида арзон маҳсулот мол ёки қўй гўшти сифатида қимматроққа пулланаяпти ва фирибгарликка йўл қўйилмоқда. Санитария нормаларига риоя этиш тўғрисида эса, табиийки, гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки эшакни яширинча сўювчи бу жиҳатларга мутлақо аҳамият қаратмаслиги аниқ. Бу ҳолат кишилар саломатлигига реал хавф туғдириши тайин. Бу энди етказилган зарар кўламига кўра анча жиддий масала.

Вақти-вақти билан эшак гўшти билан боғлиқ можаролар қўзғалиб туради. Самарқанддаги эшаклар қабристони, пойтахтдаги «Шаршара» савдо белгиси остида колбаса ишлаб чиқарувчи корхонада Бош прокуратура томонидан ўтказилган текширув шулар жумласидандир.

Қизиғи, булар ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлган, жиноят таркиби аниқланган бўлса-да, бу ишлар қандай якун топгани, қайси моддаларга кўра кимлар жавобгарликка тортилгани, уларга қандай жазо тайинлангани оммага маълум қилинмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг