Сиз дунёни яхшилай оласиз. Бунинг учун қуйидаги оддий қоидаларга амал қилсангиз бас!
Биз кўпинча қандайдир адолатсизликка дуч келамиз ёки дунёни қандай қилиб яхшироқ қилиш ҳақида ўйлашга мажбур қиладиган вазиятларга гувоҳ бўламиз, деб ёзмоқда Gulftoday.ae.
Шундай ҳолларда кўпчилигимиз атрофдаги воқеликка сезиларли таъсир кўрсатиш учун етарли ресурсларимиз йўқ деб ҳисоблаб, ўз имкониятларимизни паст баҳолаймиз. Аслида ҳар биримиз кичик хайрли (савоб) ишларимиз орқали дунёни ҳеч бўлмаганда бироз яхшилашга ўз ҳиссамизни қўша олишга имконлимиз. Келинг, бугун биргаликда ушбу эзгулик учун ҳар бир инсон фойдалана олиши мумкин бўлган бир неча оддий усулларни кўриб чиқамиз. Бошладик.
Оламга салбий таъсирингизни камайтиринг
Ҳеч нарсани йўқотмасдан буни амалга оширишнинг кўплаб оддий йўллари мавжуд: табиатга жиддий зарар етказадиган пластмассадан воз кечиб, қоғозли қадоқдаги маҳсулотларни танлашингиз мумкин. Шуни ҳам ёдда тутингки, баъзи чиқиндилар (масалан, маиший электроника учун ишлатиладиган ишқорий батареялар) махсус қайта ишлашга муҳтож.
Волонтёрлик фаолияти билан шуғулланинг
Кўнгилли тарздаги фидокорона ёрдам кўп соҳаларда фойдалидир. Масалан, сиз оммавий тадбир ёки ҳудудларни мавсумий тозалашни ташкил этишда иштирок этсангиз бўлади. Муайян муаммоларни мустақил тарзда ҳал этиш учун маблағ ва имкониятлари етишмайдиган Болалар уйлари, шифохона ёки бошқа ташкилотларга ёрдам беришингиз мумкин.
Атроф-муҳитга ғамхўрлик қилинг
Ҳар қандай одамда баъзан йўлакда ётган чиқиндини олиб, чиқинди қутисига ташлаш фикри пайдо бўлади. Лекин кўпчилигимиз ўткинчилардан хижолат бўлиб, бундай ишларни қилишдан тортинамиз. Бироқ, бундай ҳаракат учун сизни ҳеч ким айбламайди. Балки шу ишни қилишга ўзида қатъият йўқлигидан афсусланишади, холос.
Яқинларингизга елка тутинг
Агар дунёни яхшиламоқчи бўлсангиз, ўз яқинларингиздан бошланг. Эҳтимол, қадрдон инсонингиз сизнинг маслаҳатингизга ёки уй ишларида ёрдамингизга муҳтождир. Одамлар бундай арзимас ёқимли нарсаларни кўпроқ қадрлашади ва уларни совғалардан кўра узоқроқ эслаб юришади.
Саноат чиқиндилари миқдорини камайтиринг
Озиқ-овқат сотиб олаётганда қанча чиқиндилар пайдо бўлиши ҳақида ўйлашга одатланинг. Чидамли ва узоқ муддатли буюмларни танланг ва керагидан ортиқча нарсаларни сотиб олманг.
Кераксиз буюмларни тарқатинг
Эҳтимол, сизда яхши ҳолатда сақланган, аммо кийилмайдиган кийимлар бордир. Уларни муҳтожларга беринг, бу билан сиз ҳам савобга эга бўласиз, ҳам шкафингизни ортиқча буюмлардан бўшатиб оласиз.
Яхши инсон бўлинг
Кўп одамлар адолатсизлик, қашшоқ минтақалар, экологик муаммолар ва бошқа глобал масалалар ҳақида фалсафий фикр юритадилар. Лекин ҳар бир инсон учун маконимизни яхши бир жойга айлантиришнинг ягона йўли атрофимиздаги борлиқни зийнатлашдир. Кундалик тафсилотларни кузатиб боришни бошланг, ҳар бир хатти-ҳаракатингизни яхши инсон нуқтаи назаридан баҳоланг. Совғалар беринг, одамларга ёқимли сўзлар айтинг, уларга ёрдам қўлини чўзинг ва улар билан қандай шароитда мулоқот қилишингиздан қатъи назар, барчага ҳурмат билан муносабатда бўлинг. Одамлар бир-бирини тушунганида ва ўзаро ҳамкорлик қилганида дунё яхшироқ бўлади.
Хайрия ишларида қатнашинг
Дунёда муҳтожларга ёрдам кўрсатадиган кўплаб хайрия ташкилотлари мавжуд. Албатта, сизнинг ҳудудингизда ҳам бундай ташкилот бўлиши табиий. Фақат уларга қўнғироқ қилинг ва қандай ёрдам кераклигини сўранг. Бу кичик хайр-эҳсон ёки кўнгиллилик бўлиши мумкин. Кўпинча улар кейинги маблағ йиғиш учун жамоатчилик эътиборини жалб қилишга эҳтиёж сезади. Ҳатто ижтимоий тармоқдаги оддий репост ҳам хайрия лойиҳаси учун катта аҳамиятга эга.
Илтифотли бўлинг
Кўпчилик, гарчи улар ўзларига аталган мақтовни эшитиш нақадар ёқимли эканлигини яхши билишса-да, бошқаларга хушомад қилишга одатланишмаган. Бир-бирингизни деярли билмасангиз ҳам, суҳбатдошингизга илтифот қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланинг. Асосийси – самимийлик. Сохта ва эҳтиросли хушомаднинг ҳожати йўқ. Аммо ўзингиз билган сотувчи аёлнинг янги соч турмагини сезсангиз, уни мақтай олишингизга аввал албатта ишонч ҳосил қилинг.
Ҳаммага ва ҳар доим ёрдам беринг
Яхши иш қилиш имконияти доимо бўлади. Биз тез-тез бундай имкониятни эътиборсиз қолдирамиз, чунки шошқалоқмиз, қўрқамиз, уяламиз, уни уддалай олишимизга ишончимиз комил эмас ёки бошқа бирор сабаб топамиз. Сабабларнинг аксарияти узоққа чўзилади, чунки биз қўрқамиз ва ноқулай вазиятлардан қочамиз. Лекин бирор одамга сочилган нарсаларини йиғишга ёрдам бериш ёки фавқулодда қўнғироқ қилишдан уялмаслик керак.
Азиз инсонингизга меҳрингизни эслатиб туринг
Қадрли инсонларингиз учун кутилмаган ёқимли сюрпризлар қилиш орқали ҳам сиз дунё ободлигига озгина бўлса-да ҳисса қўша оласиз. Яқинларингиз билан кичик ёзувлардан фойдаланган ҳолда мулоқот қилишга уриниб кўринг. «Мен сизни яхши кўраман» деган оддий ибора ёзилган хабарчани ёстиғи остида қолдирсангиз, кўзгуга ёпиштирсангиз ёки ишга борганида очадиган сумкасига солиб қўйсангиз, ҳайратга тушади ва бу ажойиб самара беради. Зеро, дунё ободлиги кўнгил ободлигидан бошланади.
Ҳар куни яхшилик қилинг
Ҳатто кичик бир хайрли иш ҳам дунёни яхши ҳолатга келтириши мумкин, чунки бу ижобий занжир реакциясини келтириб чиқаради. Кутилмаган ва тушуниб бўлмас меҳрга дуч келган одамнинг ўзи ҳам янада меҳрибон ва фидойи бўлишга интилади. Балки бугун бир эзгу иш қилиб, бир йилда минг киши қиладиган мингта яхшилик занжирини бошлаб берарсиз.
Ижобий бўлинг
Кўчада юрганда, жамоат транспортида ишга кетаётганда ёки навбатда турганингизда, қовоғи солиқ ва норози одамлардан кўра ижобий одамлар ёнида бўлиш ёқимли эканлигини пайқагансиз эҳтимол. Ҳар доим иккинчи гуруҳда бўлишга ҳаракат қилинг. Тушкунликка тушманг, юзингизда хушмуомалик ва деярли сезилар-сезилмас табассумни сақланг. Бу нафақат кайфиятингизни кўтаради, балки атрофингиздагиларга ҳам ижобий таъсир қилади.
Мавқеидан қатъи назар одамларни ҳурмат қилинг
Ўз муваффақиятлари билан мақтанадиган такаббур одамлар кўпинча салбийлик манбаига айланади, чунки улар атрофидаги омадсиз ва бошқа камчиликларга эга одамларни тўғридан-тўғри ёки пинҳона айблашни ёқтиришади. Бу эса жамиятдаги муросасизлик даражасини ошириб, ўзаро тушуниш ва ҳурмат даражасини пасайтиради. Агар сиз дунёни яхшироқ ҳолатга келтиришни истасангиз, ижтимоий мавқеи, касби ёки даромадидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳурматга лойиқлигини унутманг.
Дайди ҳайвонларни ҳимоянгизга олинг
Аксарият одамлар уй ҳайвонларини – мушук ва итларни ихтисослашган дўконлардан ёки зотли ҳайвонларни кўпайтириш орқали пул топадиган одамлардан сотиб олишади. Аммо кўчада қолиб кетган жайдари мушукча ёки кучукча ҳам улардан ҳеч ёмон эмас. Энг асосийси – уни ветеринария клиникасида текширтириб ва эмлатиб олишни унутманг.
Қушларни озиқлантиринг
Деразадан қушларни томоша қилар экансиз, ҳавода ҳашаротлар бўлмаган ва ерни қор қопланган пайтда улар нима билан озиқланиши ҳақида ўйлагандирсиз эҳтимол. Ва улар учун бу ҳақиқатан ҳам жиддий муаммо. Иссиқ ўлкаларга учиб кетмайдиган қушларнинг 70 фоизигача айнан қиш пайтида нобуд бўлиши исботланган. Сиз қушларни озиқлантирувчи воситалар ўрнатиш ва бошқаларга яхши ўрнак кўрсатиш орқали бу кўрсаткични камайтиришингиз мумкин.
Ёлғиз кексаларга эътиборли бўлинг
Албатта, қўшниларингиз орасида пенсиясига зўрга кун кечирадиган қариялар бор. Улар ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Сиз шунчаки улар билан суҳбат қилишингиз, уларга нима кераклиги билан қизиқишингиз ёки совга олиб келишингиз мумкин.
Дўстларингизни ҳашарга таклиф қилинг
Биргаликда чиқиндиларни тозалаш, гулзорларни тартибга солиш, буталарга шакл бериш, панжараларни бўяш ва шу каби кўп куч талаб қилмайдиган, аммо уйингиз ҳовлисини тоза ва саришта қиладиган юмушларни бажариш мумкин. Бу эса қўшнилар учун ажойиб намуна, ўрнак бўлиши шубҳасиз.
Дарахт экинг, боғ яратинг
Бу оддий ва қисқа муддатли иш бўлиб, ҳатто етти ёшли бола ҳам қила олади. Йиллар ўтиб, сиз эккан кичик бир ниҳол улкан дарахтга айланади ва йиллар давомида ҳавога минглаб куб метр тозаланган кислород чиқаради. Демак, шу биргина кичик ҳаракатингиз орқали бутун сайёрамиз экологиясига катта ҳисса қўшган бўласиз.
Хулоса
Юқорида тавсия этилган маслаҳатларнинг ҳатто айримларидан фойдаланган ҳолда ҳам сиз башарият уйи – дунёни янада яхшироқ қила олишингиз мумкин. Фақат ўзингиздан бошлашни унутманг. Глобал миқёсдаги адолатсизликларни баланд овозда муҳокама қиладиган одамлар кўпинча умуман ҳеч қандай фойда келтирмайди. Аксинча, улкан эзгуликлар оддий одамлар ҳар куни қиладиган кичик яхшиликлардан бошланади. Фақат тўғри қарор қабул қилинг ва атрофингиздаги дунёни гўзаллаштиришни ҳозирдан бошлаш. Омад сизга, дўстим!
Усмонжон Йўлдошев тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter