Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Ҳиротда йигирма кун

Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Ҳиротда йигирма кун

Жангу жадаллар ичида юрган ёш ҳукмдор Ҳиротдан келган мактубни ҳаяжонланиб, севиниб қўлига олди. Чунки, ушбу мактубни Самарқандга Навоий ҳазратлари ёзиб юборган, унда Бобур Мирзога буюк шоирнинг истаклари акс этган эди...

Сиёсат саҳнасига чиқиб, Мовароуннаҳрда кечаётган курашларда Самарқандни қўлга олган кунлари, Заҳириддин Бобур донғи Шарққа тарқалган ўз даврининг фузалоси Навоийдан нома олгач, севинчини ичига сиғдира олмади. Негаки, у ҳам эндигина шеърлар ёза бошлаган, гоҳида тахт учун курашлар билан бўлиб, ижод қуйи даражага тушиб қоларди. Ана шундай дамларда Бобур фақат сўзнинг боқийлигини ҳис этиб, Навоий давлат амалдорлигидан бежиз истеъфога чиқмаганлигини англагандек бўлди. Бироқ тақдир ёзиғи уни Андижондан Самарқанд тахтига бошлаб келган, бу йўлда кўп қурбонликлар берилганди. Қолаверса, иккинчи бор Самарқандни қўлга киритиб турган дамлар эди ўшанда.

Хуллас, улар китобат–мактуб орқали дийдорлашдилар. Бу пайтда Хуросон пойтахти Ҳиротда турган Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасига хуросонлигу мовароуннаҳрлик шоирлар ижодидан ашъор тўплаётганди.

Самарқанд тахтига чиққан ёш подшоҳ ана шу зайлда Навоий эътиборини тортган, аммо... Ҳиротдан «жавоб келгунча тафрика (ғалаён, парокандалик) ва ғавғо бўлди», дея «Бобурнома»да куюниб ёзган эди муаллиф.

Чунки Бобур иккинчи бор Самарқандни Шайбонийхонга топширишга мажбур бўлган эди. Бу орада Навоий ҳазратлари ҳам вафот этди.

Кўп вақт ўтмай, Бобур салтанати учун бўлган курашларда мағлублик аламини чекиб, Ҳиротга кетишга мажбур бўлади. Айнан Бобурнинг Ҳиротга юз тутишига сабаб, 1506 йилнинг қишида Мурғоб дарёси ёқасида темурий султонлар Шайбонийхонга қарши биргалашиб курашиш маслаҳатига йиғилишмоқчи эди. Шу тариқа ўтадиган машваратга Бобур ҳам таклиф этилади.

Хуросонда ўша вақтда тарихда учрамаган ҳолат – Бойқаро ўлимидан кейинги тахт талашишлар натижасида, Хадичабегимнинг фитналари боис мамлакатда икки шаҳзода – Бадиуузамон ва Музаффар Мирзолар ҳукмдорлик қилаётган фожиали давр эди.

Душанба куни жумодил охир ойининг саккизинчисида Мурғоб бўйида Бобур Мовароуннаҳрдан, Абулмуҳсин мирзо Марвдан, Ибни Ҳусайн Мирзо Тўн, Қойиндан, Музаффар Мирзо, Бадиуззамон мирзолар Ҳирот шаҳридан келиб учрашадилар. «Бобурнома»да муаллиф Шайбоний хавф солиб келаётган пайтдаги темурий шаҳзодаларнинг такаббурлиги, бир-бирига менсимай муносабатда бўлганликларини ачиниб ёзади.

«Кепак мирзоким, Машҳатда эди, ҳар неча кишилар йибордилар, номаъқул сўзлар айтиб, номардлиқ қилиб келмади. Анинг таассуби Музаффар мирзо била эди, яъни ул подшоҳ бўлғонда мен нечук анинг қошиға барғоймен, деб мундоқ маҳалдаким жамиъ оғоини бир ерда йиғилиб, иттифоқ қилиб, Шайбонийхондек ғаним устига азм жазм қилиб юруйдургонда мундоғ бемаза тассуб қилиб келмади. Анинг бу келмамагини ҳолоким таассубқа ҳамл қилур, барча номарликка ҳамл қилғуларидур.

Ғаразким, бу дунёда кишидин ушмундоғ нималар қолур, ҳар ким ақлдин баҳравар бўлса, нега андоғ ҳаракатга иқдом қилғайким, андин сўнг ёмон дегайлар ва ҳар кишига ҳушдин асар бўлса, нега андоғ эҳтимом қилмағайким, қилғондин сўнг мустаҳсан дегайлар».

Бобур темурий шаҳзодаларнинг манмансирашдек иллатидан таассубланади ва бир форсий нақлни келтириб ўтади:

«Зикри номеро, ҳакимон умри сони гуфтаанд».

Яъни, «Шуҳрат билан ёдланишни, ҳакимлар, иккинчи умр демишлар».

Афсуски, Мурғобдаги учрашув ҳам манмансираш руҳида бошланади. Дастлаб учрашув жойига келган Музаффар мирзо ва Ибни Ҳусайн мирзо ёши анча кичик бўлишига қарамай, Абулмуҳсин мирзога беписанд қарагандек бўлишди, уни пешвоз кутиб олишмади. Бобурнинг ўзи эса Абулмуҳсин мирзо билан бир-бирига яқин масофага келганларида отдан тушиб, «юруб кўрушуб отланилди».

Темурий шаҳзодалар, хусусан, Ҳусайн Бойқаронинг фарзандлари мамлакат ичида бир-бири билан ёвлашиб қилич чопишган, ташқи ёв билан ҳали жанг қилишмаган эдилар. Қолаверса, Бадиуузамон, Музаффар Мирзолар қўшҳукмдорлик ила Хуросонга бошчилик қилишга уринишар, бошқа шаҳзодалар эса оддий бир вилоят ҳокими даражасида эди.

Булардан фарқли ўлароқ, темурий ҳукмдорлар ичида Бобурнинг мавқеи катта эди. Чунки, у отасининг ўрнига Фарғона ҳукмдори сифатида тахтга қонуний ўтирган, Амир Темур пойтахти бўлмиш Самарқандни икки бора қўлида тутиб, азим шаҳарда тож кийиш шарафига ҳам муяссар бўлган йиғиндаги ягона нуфузли темурийзода эди.

Шу тахлит сифатларини англаганларидан сўнггина улар,айниқса Бадиуззамон Бобурга илтифот кўрсатди:

«Яна бир навбат Бадиуузамон мирзо қошиға борғонда намози пешиндин сўнг чоғир мажлиси бўлди, мен ул маҳаллар ичмас эдим, тавр ороста мажлисе эди, хонларда ҳар навъ газаклар ясаб эдилар: товуқ кабоби ва қоз кабоби ва ҳар жинс атъимадин торттилар. Бадиуззамон мирзонинг мажлисини хейли таъриф қилурлар эди, филвоқе беғилу ғаш оромида мажлис эди. Мурғоб ёқасида эканда икки-уч қатла мирзонинг чоғир мажлисида ҳозир бўлдум. Ичмасимни чун билурлар эди, таклиф қилмадилар.

Музаффар мирзонинг мажлисида ҳам бир навбат бордим. Ҳусайн Али Жалойир ва Мир Бадр Музаффар мирзо қошида эдилар. Ул мажлисда бор эдилар. Кафйият бўлғонда Мир Бадр рақс қилди, хўб рақс қилди. Ғолибо ул навъ рақс Мир Бадрнинг ихтироидур».

Хуллас, Хуросонга Шайбоний хавф солиб турган, ҳар бир кун, лаҳза кенгашиб, кучларни бирлаштириш зарурлиги муҳокама этиладиган пайтда, шаҳзодалар ўртасида манмансираш, чоғир базмлари Мурғобда авжига чиққан эди.

Бу орада Шайбоний Балхни эгаллайди. Мурғобга «ўн йиғоч йўл» бўлган Чечакту ҳам Шайбоний аскарлари итоатига ўтади. Хавф яқин қолган эди...

Бобур бундан номус қилиб, шаҳзодаларга ўзига изн сўраб, Шайбонийга қарши ҳужум қилмоқчи эканлиги айтади. Рухсат бермайдилар. Аммо ўзлари ҳам кучни бирлаштириб, ёвга қарши отланишни кечиктиришади. Бобур ўз йигитлари билан Кобулга бориб ўзи куч тўплаш фикрига келади.

«Чун Қобул ва Ғазни (Ғазна) пуршар ва шўр ерлар эди, турк ва мўғулдин ва аймоқ ахшомдин ва афғон ва ҳазорадин муҳталиф эл ва улус анда йиғилиб эдилар. Яна Хуросон била Қобул ораси ёвуқроқ йўлдинким тоғ йўли бўлғай, агар қор ва ях нима моне бўлмаса, бир ойчилиқ йўл эди. Туз била қирқ-эллик кунлик йўл эди, вилоят ҳам ҳануз яхши кўнгул босмайдур эди. Давлатҳоҳлардин ҳеч ким бизнинг анда қишларимизни салоҳ кўрмадилар. Мирзоларға узр айттук. Қабул қилмадилар. Кўпрак таклиф қилдилар, ҳар неча узр дедук, таклифни бажидроқ қилдилар. Охир Бадиуузамон мирзо ва Абулмуҳсин мирзо ва Музаффар мирзо отланиб, менинг уюмга келиб, қиш турмоқ таклифини қилдилар. Мирзолар юзига йўқ деёлмадук, мундоқ подшоҳлар ўзлари келиб, турмоқ таклифини қилдилар».

Аммо Бадиуззамон, Музаффар ва Абулмуҳсиннинг Ҳиротда қишлаш таклифини ўйлаб, бунга рози бўлади. Чунки, у Алишербек яшаган, ижод қилган, Бойқаро даврида тараққий қилган Ҳиротни кўриш орзусида юрган эди.

Бобурнинг келиши шарафига Ҳусайн Бойқаро барпо эттирган мадрасада ёш темурий шаҳзода шарафига қабул маросими уюштирилади. Унда Хадичабегим, Поянда Султонбеги, Офоқбегим сингари маликалар ҳам иштирок этишади. Бир муддат шу ерда бўлиб, қуръон тиловат қилишгач, Хадичабегимнинг уйида меҳмон шарафига ош тортилиб зиёфат берилади.

Шу тарзда Бобур Ҳиротга келган куни Поянда Султонбегим уйида, иккинчи кун Боғи Новда, яна бир кун Боғи Жаҳонорода бўлиб, қолган кунларини эса Навоийнинг «Унсия» номли ҳовлисида ўтказади. 1506-1507 йил воқеаларини ёзар экан, «Бобурнома» муаллифи бу ҳақда шундай эслайди:

«Аввал менга Боғи Навда юрт тайин қилиб эдилар. Тонгласи келиб, Боғи Навда туштум. Боғи Навда бир кеча бўлдум, ани муносиб кўрмай, Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар. Ҳирийдан чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим».

Инжил анҳорининг ўнг тарафидаги Навоий яшаган ҳашаматли ҳовли Бобурга Алишербекнинг нозик дидли меъмор эканлигини англатар эди. Айниқса, девор бўйлаб экилган Самарқанднинг оқ тераклари Навоийдан мактуб олган 1499 йилни ёдга солди. Ўшанда у мактубни ҳаяжонланиб ўқиганини хотирасига келтирди.

Алишербек Самарқандга йўллаган мактубини ана шу ҳовлида, қўш табақали эшикдан кириб бориладиган меҳмонхонасидаги китобларга тўла нурафшон масканда битганини Бобур сезиб турарди. Чунки етти-саккиз йилдирки, ҳовли, ундаги хоналар Навоий ҳаётлигидагидек сақланиб келарди. Бобур Навоий ҳовлисида яшаб, у эккан мевали, манзарали дарахтлар оралаб юрар экан, Алишербекнинг ғазалларини ёдига келтирар, ўзи ҳам рубоийлар битарди.

Бадиуззамон уни Боғи Жаҳонорога чорлагач, бориб у билан учрашиб, вазият ҳақида суҳбат қурадилар. Эртаси куни эса Хуросоннинг бошқа ҳукмдори – Музаффар Мирзо уйига чорлайди….

Бобур темурийларнинг рақиблари – Шайбоний Хуросонга от солиб келаётган пайтда Ҳиротда шаҳзодаларнинг шароббозлик, айш-ишрат қилаётганини ёзар экан, чоғир ичишга майли бўлса-да, ўзини тута билганини таъкидлаб ўтади. Аниқроғи, олдинги куни бошқа ҳукмдор – Бадиуузамон уйида бўлганида шароб ичмаган, қолаверса, унинг ёши, нуфузи Бобурдан юқори эди. Энди эса бошқа ҳукмдор – Музаффар мирзо уйида шароб ичишни у Бадиуузамонни пастга уриш бўлади, дея ўзини тия олади.

Шу тахлит Бобур Ҳиротдалик пайтида Музаффар Мирзо, Бадиуззамон Мирзолар яратиб берган шарт-шароитлар туфайли азим шаҳарни зиёрат қилди. Навоий барпо эттирган масканларни бир-бир санаб беради.

Бобур Ҳиротда ўтаётган ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, шаҳарнинг деярли ҳамма жойларини томоша қилишга улгуради. Унинг шарафига атаб Музаффар Мирзо берган зиёфатдаги мусиқа оқшоми анча анча пайтларгача ёш ҳукмдорга таъсир қилиб юрган. Ўшанда Шайхий Нойи деган созанда, найдагина эмас, уд ва ғижжакда ҳам беназирлигини намойиш этган эди. Бадиузамоннинг мусиқали зиёфатида Шайхий ва Қул Муҳаммад ўртасида баҳс бўлиб ўтади. Шайхий найда бир куйни чиройли қилиб чалгач, Бадиузамон Қул Муҳаммаддан ҳам уни ғижжакда чалишни сўрайди. Қул Муҳаммад ғижжакда бу куйни яхши ижро этолмайди. Аммо буни тан олмай, «ғижжак ноқис соз» дея «айб»ни мусиқа асбобига юкламоқчи бўлади. Шунда Шайхий Қул Муҳаммаднинг қўлидаги ғижжакни олиб, ўзи найда ижро этган куйни «хўб ва покиза» чалиб, зиёфат аҳлини ҳайратга солади.

Ҳофиз Ҳожининг паст овозда ижро этган ашуласи, Жалолиддин Маҳмуднинг най, Шожди бачанинг чангда ижро этган куйлари, Миржон Самарқандийнинг эса «баланд ва дурушт ва бемаза» айтган хонишларини эшитиб, Бобур меҳмон сифатида ҳар бир тунни завқли ўтказади. Музаффар Мирзонинг «қишлоқи уйи»даги ўша зиёфатда Юсуф Али Кўкалтошнинг рақслари, катта ва кичик Моҳ деган қулларнинг масхарабозликлари, Жонак хонанданинг уларга мос қўшиқларини эшитиб, давра файзли бўлганини эслайди.

Оқшомларни шу каби базмларда ўтказган Бобур кундузи Юсуф Али кўкалтошнинг ҳамроҳлигида отда шаҳардаги жамики хиёбон, мақбара, масжид, мадраса, бозорларда сайр қилади. Муқаввийхонадек полвонлар кураш тушадиган усти ёпиқ майдон, созанда ва хонандаларга мўлжалланган Боғи Жаҳонородаги Савсанихона, Паҳлавон Муҳаммад учун Бойқаро қурдирган Неъматобод Ҳиротда Бобур қадами теккан масканлар эди ўшанда.

Бу пайтга келиб, Мовароуннаҳрни забт этган, Самарқанд тахтини Бобур қўлидан тортиб олган Шайбонийхон Хуросонга зарба ҳозирлаётган эди. Шундай дамда рақибига қарши куч тўплаш ниятидаги Бобур Ҳиротда ортиқ қололмасди.

У тараққий этган шаҳарда атиги йигирма кун бўлганидан, шаҳзодалар ўртасида манмансираш, ихтилоф борлигидан афсусланса-да, Навоий ҳовлисида яшаганидан қалби ғурурга тўлган, руҳи поки мададкор бўлишидан умидвор эди.

Умид БЕКМУҲАММАД,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг