Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Яшил макон»: Тошкентда экологлар «қўшиб ёзиш»га мажбурланяпти

«Яшил макон»: Тошкентда экологлар «қўшиб ёзиш»га мажбурланяпти

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни «экилди» деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Яъни, «Яшил макон» доирасидаги Тошкент шаҳрида режа бўйича баҳор мавсумида 600 минг дона кўчатлар экилиши белгиланган.

Кушербаевнинг билдиришича, тартибга кўра, экилган кўчатлар туман ҳокимликларидаги штаблар томонидан «Яшил макон» платформасига киритилади. Сўнгра бу маълумот туман экология бўлими ходимлари томонидан жойига бориб текширилгач, тасдиқланади.

«Бироқ кўчат экиш ишлари жойларда кўзбўямачилик ва босим ўтказишга айланиб кетмоқда.

Ўтган вақтда пойтахтда «Яшил макон» платформасига киритилиб, ҳақиқатда экилмаган 41 мингдан ортиқ кўчатларни экология ходимлари  тасдиқлашмаган. Бу эса туман ҳокимликлари, ИИБ ва прокуратура томонидан экология ходимларига босим ўтказилишига олиб келган», – деб ёзади вазир маслаҳатчиси.

Хусусан, Яккасарой тумани экология бўлими бошлиғи К.Бектурганов 29 март куни тунги соат 03:00да ички ишлар ходимлари томонидан уйидан олиб кетилиб, экилмаган дарахтларни «Яшил макон» платформасига киритиб, тасдиқлаш талаб қилинган. К.Бектурганов чамаси 10 соатлар ички ишлар ходимлари томонидан ноқонуний ушлаб турилган.

Бундан ташқари 30 март куни кундузги соат 10:00да Шайхонтоҳур тумани экология бўлими бошлиғи Х.Мирахмедов чамаси 3 соатлар туман прокуратурасида ноқонуний ушлаб турилиб, экилмаган дарахтларни «Яшил макон» платформасига киритиш ҳамда тасдиқлаш талаб қилинган.

Шунингдек, Учтепа тумани ҳокимлиги томонидан 2024 йил 3 апрел куни Учтепа тумани экология бўлими ходимлари ўз ишхонасига яъни туман экология бўлими хонасига киритилмай босим ўтказилган.

«Бу биргина Тошкент шаҳрида бўлаётган ҳолат. Бундай ҳолатлар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда ва барчаси жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда ўрганиб борилмоқда.

Биз Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» лойиҳасининг бу каби босим ва кўзбўямачиликларга айлантирилишига қаршимиз ҳамда экология ходимларига нисбатан бу каби босимлар тўхтатилишини талаб қиламиз.

Ишонамизки, Ўзбекистон халқи ва давлатимиз раҳбари «Яшил макон» лойиҳасининг ҳаққоний ва холис амалга оширилиши тарафдори», – деб ёзади Расул Кушербаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг