Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро кузатувчиларнинг сайловлар шаффофлигини таъминлашдаги ўрни қандай?

Халқаро кузатувчиларнинг сайловлар шаффофлигини таъминлашдаги ўрни қандай?

Сайловларда халқаро кузатувчиларларнинг иштироки ва ўрни, албатта, муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан халқаро кузатувчиларнинг иштироки сайловларнинг очиқ-ошкора, демократик тамойиллар асосида ўтганини белгилайдиган муҳим омилдир. Шу боис амалдаги қонунларда бу борада муҳим қоидалар белгилаб қўйилган. Хусусан, Сайлов кодексининг 6-бобида, қолаверса, Марказий сайлов комиссиясининг Қарори асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида”ги Низомда халқаро кузатувчиларнинг сайлов жараёнидаги иштироки аниқ тартибга солинган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, халқаро кузатувчилар сайлов жараёнига қандай тартибда таклиф этилади? Бунга жавобан шуни айтиш керакки, сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингач, МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади. Шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдириб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши мумкин. Эътиборлиси, манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан мурожаат қилишлари лозим.

Халқаро сайлов стандартларида кузатув фаолиятини амалга оширадиган ва тартибга соладиган бир қанча ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Хусусан, БМТнинг 2005 йил 27 октябрдаги “Сайловларни халқаро кузатиш принциплари тўғрисида”ги Декларацияси, ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжати, “Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кузатувчилари миссияси тўғрисида”ги Низоми, “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси тўғрисида”ги Низоми каби бир қатор хужжатларда  кузатувчилар мақоми ҳуқуқий жиҳатдан  тартибга солинган.

Шу ўринда яна бир табиий савол туғилади: хўш, халқаро кузатувчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлар нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этадиган кузатувчиларни икки хил тоифага бўлиш мумкин. Биринчиси, халқаро кузатувчилар; иккинчиси, маҳаллий кузатувчилар. Кузатувчилар институти сайловларнинг очиқ, шаффоф, адолатли тарзда ўтишини кафолатловчи механизм ҳисобланади. МСК аккредитация қилинган халқаро кузатувчига мандат беради, мандат эса, халқаро кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Сайлов қонунчилигига кўра, халқаро кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга: сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш; номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш; овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш; сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш каби бир қатор ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, халқаро кузатувчиларга қуйидаги мажбуриятлар юклатилади: ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, жумладан, Ўзбекистонда бўлиш қоидаларига, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига амал қилиш, барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ҳамда бошқа ташкилотларга кирганида МСК томонидан берилган мандатни шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўрсатиш ҳамда ўз хулосаларини ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослантириш.

Бундан ташқари қонунчиликда халқаро кузатувчиларга сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш; фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётни тарқатиш; сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш; сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш таъқиқланиши белгилаб қўйилган.

Шу ўринда таҳлилий маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловида, МСК томонидан дунёнинг турли давлатларининг нуфузли халқаро ташкилотлари ва хорижий давлатлар сайлов органларидан жами 971 нафар кузатувчи аккредитация қилинган. Шунингдек, ЕХҲТнинг жами 355 нафар кузатувчиси 14 та сайлов округида кузатувни олиб борган. Мазкур жараёнда МДҲ ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси каби 10 га яқин халқаро ташкилотлардан, 50 га яқин хорижий мамлакатлар сайлов органларидан халқаро кузатувчилар иштирок этган.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда халқаро кузатувчилар ўзларига юклатилган вазифа ва ваколатларини, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун доирасида, юксак масъулият ҳамда виждонан бажариши лозим. Бу эса, сайловларнинг демократик асосда очиқ-ошкора ўтганини халқаро эътирофи саналади.

Шерзод Зулфиқоров,
Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
эксперт гуруҳи аъзоси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг