Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина элчихонаси рус ашулачисининг Тошкентда режалаштирилган концерти юзасидан муносабат билдирди

Украина элчихонаси рус ашулачисининг Тошкентда режалаштирилган концерти юзасидан муносабат билдирди

Украина элчихонаси рус ашулачиси Григорий Лепснинг Тошкентда режалаштирилган концерти юзасидан Ўзбекистоннинг ваколатли органларига тегишли мурожаат юборган.

Бу ҳақда Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

«Элчихона урушни қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг Ўзбекистондаги чиқишлари уларнинг Ўзбекистон обрўсига таҳдид соладиган урушни қўзғатишга қаратилган жиноий фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг сохта кўринишини яратиши мумкинлигига эътибор қаратади.

Бундан ташқари, россиялик ижрочилар томонидан олинган маблағлар улар томонидан уруш, терроризм ва Украина халқининг геноцидини молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин», – дейилади дипломатик муносабатда.

Элчихона, ўз навбатида, урушни қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг чиқишлари учун Ўзбекистоннинг концерт майдонларидан фойдаланишга қарши чиққани учун ўзбек жамоатчилигига ўз миннатдорчилигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинадаги урушини очиқдан-очиқ қўллаб қувватловчи хонандаларнинг Ўзбекистонда режалаштирилган концертига қарши ўзбек жамоатчилиги норозилиги ва уни бекор қилиш талаблари ортидан жорий йил 3 июл куни Kun.uz нашри ушбу концерт борасида Маданият ва туризм вазири ўринбосари Б.Аҳмедовга юзланган ва ундан «Ўзбекистонда санъат учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги» мазмунидаги жавобни олган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг