Тошкентдаги кўприк қулашини ўрганишга борган мухбирлар калтакланди. Расмийлар муносабат билдира бошлади
Жорий йилнинг 12 август куни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳудудида қурилаётган кўприкнинг 5 та тўсини қулаб тушгани ва мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдорнинг қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди.
Бугун, ижтимоий тармоқларда, кўприк тўсинлари қулашидан икки кун ўтиб, яъни бугун, 14 август куни вазиятни ёритиш ҳамда мутахассислардан тегишли изоҳларни олиш мақсадида воқеа жойига борган Zo'rTV телеканали мухбири ва тасвирчиси калтаклангани акс этган тасвирлар тарқалди.
Видеода, кўринишидан, кўприк қурилишига алоқадор мансабдор, телеканал ходимларига нисбатан хизмат фаолияти вақтида ҳақоратли сўзлар билан тасвирга олиш ишларига тўсқинлик қилгани ва куч ишлатгани акс этади.
Ҳолат юзасидан Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ўз муносабатини билдирди.
Агентилик «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5 ва 14 моддаларини эслатиб, унда журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишда журналист текшируви ўтказишга ҳақли эканини, бунга қарши бўлганлар эса тегишли тартибда жавобгарликка тортилишини таъкидлайди.
Шунингдек, АОКА журналистик фаолиятга тўсқинлик қилувчи ва ОАВ ходимларига нисбатан бўладиган ҳар қандай тазйиқни кескин қоралашини, шунга кўра, Агентлик ўз ваколат доирасидан келиб чиқиб, бўлиб ўтган воқеликка ҳуқуқий баҳо бериш ва адолатли қарор қабул қилишларини сўраб Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага расмий мурожаат йўллаганини билдиради.
«АОКА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жараён ўрганилиши ҳамда хизмат текширувлари натижаларини диққат билан кузатиб боради ва бу ишни назоратга олади.
Ишонамизки, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда қонунчилик нормаларига зид хатти-ҳаракатларни амалга оширган шахсларга нисбатан тегишли чораларни кўради», – дейилади расмий муносабатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter