Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Темир йўл» ва «Автойўл» раҳбарлари ҳам ишдан олинди

«Темир йўл» ва «Автойўл» раҳбарлари ҳам ишдан олинди

Президент Мирзиёев раислигада ўтаётган ҳудудлар ҳамда тармоқларга инвестицияларни жалб қилиш ва уларнинг ижросини таъминлашга доир йиғилишда бу борада вазирлик ва тармоқ компаниялардаги аҳвол ҳам яхши эмаслиги қайд этилди.

Инвестиция олиб келинмагани етмагандай, айрим раҳбарлар маблағи анча аввал келган лойиҳаларни ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйгани қаттиқ танқид қилинди.

Жумладан, «Сувтаъминот» томонидан Сирдарё, Гулистон, Сайхунобод туманлари ва Янгиер шаҳрида 2021 йилда 76 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича қарз битими имзоланган. Ушбу лойиҳа доирасида ишлар бошланмагани оқибатида 250 минг аҳолининг ичимлик сувини яхшилаш ишлари икки йилга кечикмоқда.

Ёки, «Иссиқлик электр станциялари» 2019 йилда бошланган «Талимаржон» электр станциясида қўшимча 900 Мегаваттли буғ-газ қурилмасини қуриш лойиҳаси доирасида 690 миллион доллардан бугунги  кунгача  бор  йўғи 135 миллион доллари ёки фақат 20 фоизи ўзлаштирилган.

Сув хўжалигида йил якунига қадар 16 та йирик насос станциясини хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва энергия самарадорлигини камида 50 фоизга ошириш доирасида соҳага 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритилиши керак. Лекин бу йўналишда биронта ўзгариш қилгани йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан тўрт йил аввал «Тошкент-Самарқанд, «Тошкент-Андижон» пуллик йўллари ва «Тахтақорача» довонида пуллик тоннел қуриш топшириқлари берилган. Лекин на лойиҳа қилиш, на инвестор жалб қилиш бўйича ҳалигача амалий ишлар бошланмаган.

Бугунги кунда темир йўлда 2,5 мингта юк вагони етишмаслиги, мавжуд вагонларнинг 3,5 мингтаси эса таъмирталаблигига қарамай, уларни кўпайтириш, йўлларни модернизация қилиш  учун бор-йўғи 16 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирган.

Шунингдек, хорижий инвестициялар ўзлаштириш ҳажми ўтган йилга нисбатан “Ўзавтосаноат”да 47 фоизга, тўқимачиликда 43 фоизга, қурилиш  материалларида 31 фоизга камайган.

Шу боис, инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйганликлари учун сув хўжалиги вазири ўринбосари Б.Камалов, транспорт вазири  ўринбосари А.Мўминов, «Сувтаъминот» раҳбари С.Саифназаров, «Темир йўл» раҳбари Х.Хосилов ва «Автойўл» раҳбари А.Абдувалиев лавозимидан озод этилди.

«Ўзтўқимачиликсаноати» уюшмаси раиси И.Ҳайдаров, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ раиси Б.Жўраев, «Ўзсаноатқурилишбанк» раиси С.Аннакличевга «ҳайфсан» эълон қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг