Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Нақшбандия пирлари» туризм ҳалқаси очилади

«Нақшбандия пирлари» туризм ҳалқаси очилади

Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган йиғилишда Президент Мирзиёев вилоятнинг транзит ва туризм салоҳиятини ишга солиш масалаларига тўхталди.

Вилоятга қўшни давлатларда 5 миллиард долларлик катта бозор бўлса-да, уларга қилинадиган экспорт ҳажми 200 миллион долларга етмаслиги танқид қилинди.

Қайд этилишича, вилоятда ҳозирда 75 миллион доллар сармоя эвазига «Термиз халқаро савдо маркази» қуриляпти. Марказга «Термиз» божхона пости кўчирилади, «ягона дарча», нотариал ва банк хизматлари йўлга қўйилади.

Шунингдек, Сариосиёдаги «Ўзбек-Тожик чегара пости» ёнида 6 гектар бўш ерда «Транспорт логистика маркази»ни барпо этиш, Бандихондаги «Танги-муш» станциясида экспорт учун юк ортиш-тушириш хизматларини йўлга қўйиш топширилди.

«Транзит салоҳияти юқори Термиз шаҳри, Жарқўрғон, Сариосиё ва Узундаги магистрал йўл четида логистика-сервис марказлари очилади, Жарқўрғон, Олтинсой ва Деновни боғловчи 111 километр йўлни таъмирлашга хусусий шерик жалб қилинади», – деди давлат раҳбари.

Шу билан бирга, вилоятнинг туризм салоҳияти анча юқори, бу ерда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм объектлари борлиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, бу йили Далварзинтепа ёдгорлигида очиқ осмон музейини ташкил қилиш бўйича ишлар бошланди. Бу ишларни давом эттириб, Бойсунда дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири бўлган «Бойбулоқ», неандертал одам қолдиғи топилган «Тешиктош» ва «Мачай» ғорлари, эллин маданияти ёдгорлиги бўлмиш Узундара қалъасида ҳам бундай музей ташкил этилади. Шерободдаги қадимги одам яшаган Хатак ғори ва Зараутсой қоятошига хорижий олимлар экспедицияси йўлга қўйилади.

«Самарқанд – Китоб – Денов – Олтинсой – Термиз» маршрути бўйлаб «Нақшбандия пирлари» туризм ҳалқаси очилади.

Вилоятда 2,5 минг ўринга эга 53 тагина меҳмонхона бор, уларнинг ярми Термиз шаҳрида жойлашган.

Келгуси йилда вилоятга сайёҳлар оқимини 3 баробар ошириш режа қилинаётгани боис, Сурхондарё тадбиркорларига меҳмонхона қуришга «юлдузи»дан қатъи назар субсидия берилиши белгиланди.

Йил якунига қадар Сариосиё аэропортида фуқаро авиацияси фаолиятини тиклаш, келгуси йилдан Сариосиёдан Самарқанд ва Тошкентга мунтазам рейсларни йўлга қўйиш, Термиздан Истанбул, Фарғона, Бухоро ва Хоразмга рейсларни кўпайтириш топширилди.

Шунингдек, «Термиз – Тошкент» йўналишида туристик вагон қўйилади, «Сариосиё – Тошкент» йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг