Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчиликка доир ҳужжатни маъқуллади

Сенат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчиликка доир ҳужжатни маъқуллади

25 ноябрь, шанба куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама чоғида таъкидланишича, шартноманинг асосий мақсади икки мамлакат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро муносабатларнинг янги босқичини шартнома-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборат.

Шартнома ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни назарда тутади.

Сенаторларга кўра, Шартноманинг ратификация қилиниши икки халқнинг маънавий-маданий яқинлигини қўллаб-қувватлашга, маданият, илм-фан, таълим ва спорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шартнома иловасида давлат раҳбарлари бошчилик қиладиган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Олий давлатлараро кенгаши тўғрисидаги Низом келтирилгани алоҳида таъкидланди.

Муҳокама якунлари бўйича Сенат Шартномани ратификация қилишга доир Қонунни маъқуллади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг