Қурилишда лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашнинг янги усулига ўтилади
Президент иштирокида бўлиб ўтаётган бугунги йиғилишда қурилиш соҳасидаги лойиҳалаш ишларининг ҳам талабга жавоб бермаётгани айтиб ўтилди. Қайд этилишича, амалдаги лойиҳалаш жараёнлари ва қурилиш ишлари «ресурс усули»га асосланган.
«Ресурс усули»да 1 та мактаб қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилган.
«Ҳажм усули»да эса пудратчидан якуний натижа сўралади. Муҳими, қурувчи объектни ўз вақтида ва сифатли топширса бўлди.
Бундан ташқари, лойиҳа, тендер, қурилиш ва объектни қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда коррупция ҳолатлари учраб турибди.
Эндиликда лойиҳа қилишдан бошлаб, объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар ҳам, уларнинг назорати ҳам янгича ташкил этилади.
Энг аввало, келгуси йил 1 январдан барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилишда «ресурс усули»дан воз кечилиб, «ҳажм усули»га ўтилади.
Бу тартиб 1 июлдан йўл, ичимлик суви ва кўприк қурилиши лойиҳаларида жорий қилиниши белгиланди.
Шунингдек, қурилишни коррупциядан холи соҳага айлантириш мақсадида 1 июлдан:
- қурилишда тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилади;
- пудратчи ташкилотлар бажарган қурилиш ишлари фақат солиқ органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилади;
- объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб, далолатномалар «Шаффоф қурилиш» орқали тасдиқланади;
- 10 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни фақат ва фақат «Шаффоф қурилиш» тизими орқали танлаш тартиби йўлга қўйилади. Ушбу тартиб халқаро молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади;
- ишлаб чиқарувчи ҳам, қурувчи ҳам, назорат қилувчи ҳам қаерда қайси қурилиш материали қанча пул туришини онлайн кузатиб борадиган тизим бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter