Қорақалпоғистонлик ёшлар учун олийгоҳларда алоҳида 6,5 мингта қабул квотаси ажратилади
Фақат Қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатимиздаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 26 август куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида айтиб ўтилди.
Номзоднинг Қорақалпоғистонда таълимни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларидан келиб чиқиб, Президент мутасаддиларга:
- Қорақалпоғистондаги ёш тадбиркорларга 7 йилгача муддатга имтиёзли шартларда ссудалар ажратишни йўлга қўйиш;
- бўш турган давлат объектларида ёшлар ва хотин-қизларни хорижий тиллар ва IТ соҳасига ўқитиш курсларини ташкил этиш имкониятини яратиш, ушбу объектларни тадбиркорларга 5 йилгача бепул фойдаланишга бериш;
- Қўнғирот, Нукус ва Чимбой туманларида 4 та “Ишга марҳамат” моно-марказларини ташкил этиш;
- фақат Қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатимиздаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этиш;
- Қорақалпоғистондаги эҳтиёждан келиб чиқиб, экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация, қурилиш соҳаларида таянч докторантурада қўшимча кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга топшириқ берди.
Эслатиб ўтамиз, Аманбай Оринбаев бир овоздан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига сайланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter