Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қаттиқ совуқ оқибатларидан зарар кўрган тадбиркорларга енгилликлар берилади

Қаттиқ совуқ оқибатларидан зарар кўрган тадбиркорларга енгилликлар берилади

Ҳисоб-китобларга кўра, зарур чоралар кўрилмаса, биринчи чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига қилган ташрифи давомида тадбиркорлар билан учрашди ва қаттиқ совуқ оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

«Бу йил қиш ниҳоятда совуқ келди. Кўплаб тадбиркорлар бундан қийналганини билиб турибмиз. Шу боис, иқтисодиётда йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун бугун алоҳида қарор имзоланди. Унга кўра, қаттиқ совуқдан қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар берилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, қарорга кўра тадбиркорларга қуйидаги имтиёзлар берилади:

- 2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-мартда муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади. Хусусан, Наманганда 73 нафар тадбиркорнинг 130 миллиард сўмлик кредит тўловлари узайтирилади.

- 29 минг нафар тадбиркорнинг 2 триллион сўм солиқдан қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва «пеня»сиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Наманган вилоятидаги 395 нафар тадбиркорнинг 17 миллиард сўм солиқ тўловлари узайтирилади.

- қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади. Наманганда 44 нафар тадбиркорга 65 миллиард сўм кредит ажратилади.

- носоз ускуналарни таъмирлашга кредитлар ажратилади, улар бўйича 2,5 миллиард сўмгача кафиллик берилади ва кредит ставкасининг 4,5 фоизи қоплаб берилади;

- 27 минг нафар тадбиркор учун давлат мулки ижара тўлови 1 апрелга қадар ўзгармайди ва уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади (тадбиркорларда 52 миллиард сўм қолади). Наманганда 183 нафар шундай тадбиркор бор.

- давлат мулкини сотиб олган тадбиркорлар учун тўловлар, фоиз ва «пеня» 1 апрелга қадар тўхтатиб турилади;

- ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг